Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ДАВЛАТ ДУМАСИ БЕЛОВЕЖ БИТИМЛАРИНИ БИР ТОМОНЛАМА БЕКОР ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИ ҲАМДА СОБИҚ СОВЕТ ҲУДУДИДАГИ ДАВЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРДА ЮЗ БЕРАЁТГАН АЙРИМ ЖАРАЁНЛАР МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ, ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШЛАРИНИНГ ҚЎШМА ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Кенгашлари Россия Федерацияси Давлат Думаси Беловеж битимларини бир томонлама бекор қилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлиги, Белоруссия Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ҳамда Қирғизистон Республикаси ўртасида интеграция жараёнларини чуқурлаштириш тўғрисида шартнома, шунингдек Белоруссия ва Россия ўртасида ҳамжамият тузиш ҳақида шартнома имзоланганлиги муносабати билан юзага келган вазиятни муҳокама қилиб, қарор қиладилар:
1. Қайд этилсинки, Россия Федерацияси Давлат Думасининг моҳиятига кўра СССРни қайта тиклашга қаратилган қарори ғайриқонуний бўлиб, халқларнинг суверенитети ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳамда ташқаридан аралашувсиз ўз келажагини ўзи ҳал этиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормалари ва принципларини қўпол суратда бузади.
Ўзбекистон парламенти мамлакат кўп миллатли халқининг хоҳиш-иродасини бажара бориб, 1991 йил 31 августда, Беловеж битимлари тузилишидан анча илгари Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Бу мустақиллик 1991 йил 29 декабрдаги умумхалқ референдумида ҳам тасдиқланиб, унда фуқароларнинг 98,2 фоизи ўз давлатларининг мустақиллиги ва суверенитетини қатъий ёқлаб овоз берди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг мазкур воқеалар юзасидан билдирган фикр ва хулосалари қўллаб-қувватлансин. Давлатлараро интеграция ва кооперациянинг Президент томонидан баён этилган бешта шарти барча давлат тузилмаларининг бу борадаги амалий фаолияти учун асос тариқасида маъқуллансин.
3. Шу нарса таъкидлаб ўтилсинки, у ёки бу суверен давлатнинг «чуқур интеграция» деб аталмиш турли битимлар ёки шартномаларга қўшилиши, интеграциялашган давлатларнинг ҳар хил ҳамжамиятларини тузиш ҳар бир алоҳида давлатнинг эркин ҳуқуқи, ички ишидир.
4. Собиқ Иттифоқни ҳар қандай шаклда, у Евроосиё Иттифоқ бўладими, федерация ёки конфедерация бўладими, қайта тиклашга қаратилган ҳамда миллатлар устидан турувчи тузилмалар яратишни назарда тутадиган давлатлараро иттифоқлар ва бирлашмаларда иштирок этиш суверен, мустақил давлатнинг мақомига зидлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси учун мақбул эмас деб ҳисоблансин.
Интеграция ниқоби остида бугунги кунда суверен ва мустақил давлатларни ҳамда уларнинг халқларини ўтмишга қайтариш, тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик тизимини ва коммунистик мафкурани қайта тиклашга қаратилган ташаббуслар ва интилишлар айниқса хавфлидир.
5. Ўзбекистон Республикасининг барча манфаатдор тузилмалари МДҲ доирасида интеграция жараёнларини янада чуқурлаштириш ва айниқса Марказий Осиё минтақасида бу муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш тадбирларни кўриш зарур деб ҳисоблансин.
Интеграция тенг ҳуқуқлилик асосида ва ўзаро фойдали бўлиши, ҳар бири ўз кучи ва имкониятига таянадиган ҳамда халқаро эътироф этилган нормаларга мувофиқ шахсий ва умумий манфаатлар йўлида бошқа мамлакатлар билан ихтиёрий ҳамкорлик қиладиган давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва эркинлигини камситмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикаси учун уни қарама-қарши турувчи блокларга қайтаришга ҳамда унинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш сари интилишини чеклашга қаратилган уринишлар ҳам мутлақо номақбулдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Кенгашлари бутун халқнинг хоҳиш-иродасини ифодалаб, шуни маълум қиладиларки, Ўзбекистон ўзи танлаб олган, мустақил демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини барпо этишга, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувга қаратилган йўлдан ҳеч қачон қайтмайди ва ўз мамлакатининг гуллаб-яшнашини, унинг барча фуқаролари муносиб турмуш кечиришини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 25 апрель,
214-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-cон, 52-модда)