Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ДАВЛАТ-ТИЖОРАТ ХАЛҚ БАНКИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Халқ банки омонатчиларининг манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, унинг активлари банк фаолиятининг халқаро андозаларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Халқ банкининг Халқ банки низом жамғармасини уч миллиард сўм миқдорида белгилаш, унинг манбаларини қуйидаги улушда шакллантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (51 фоиз) — 1,53 миллиард сўм;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (49 фоиз) — 1,47 миллиард сўм.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Халқ банки ресурсларини фуқароларнинг омонатлари тўла сақланишини кафолатлайдиган, талаб катта бўлган, ишончли ва кўп даромад келтирадиган сарфларга жойланишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Халқ банкини 2002 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқлардан озод қилиш, бўш маблағларини банк инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда ушбу Фармон қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Фармонни бажариш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 25 декабрь,
ПФ-2162-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 12-сон, 235-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2000 й., 11-сон, 172-модда)