Сирдарё вилояти Сирдарё туман ҳокимининг
Қарори
Сирдарё туманида тозалаш ва тозаликни сақлаш мақсадида чиқинди учун нархларнинг янги тарифларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон 320-модда), Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 72-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда, 9-10-сон, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 50-51-сон, 512-модда; 2011 й., 1-2-сон, 1-модда, 36-сон, 365-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 42-43-сон) ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармасининг 2013 йил 20 мартдаги 57-сонли «Санитар тозалик бўйича режа кўрсаткичларини бажариш, туман атроф муҳитини тозалаш ва тозаликни сақлаш учун (ҚМЧ) қаттиқ маиший чиқиндиси ва аҳолидан бир киши учун янги нархга ўтиш ҳисобини тасдиқлаш тўғрисида»ги хатини кўриб чиқиб, қарор қиламан:
1. Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармасининг 2013 йил 20 мартдаги 57-сонли «Туманда тозалаш ва тозаликни сақлаш мақсадида чиқинди нархларини янги тарифларини белгилаш тўғрисида»ги хати инобатга олинсин.
2. Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармасида тозалаш ва тозаликни сақлаш бўлими режаларини бажариш учун қуйидаги янги нархда тасдиқлансин;
а) 1 куб метр (ҚМЧ) қаттиқ маиший чиқинди — 23,757 сўм;
б) 1 куб метр (СМЧ) суюқ маиший чиқинди — 25,633 сўм;
в) аҳолидан бир киши учун — 1501 сўм;
г) дўконлар ва савдо шохобчалари 1 кв метр учун — 1500 сўм;
д) кафе, чойхона ва умумий овқатланиш объектлари 1 кв метр учун — 1000 сўм;
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғ. Ахмедов зиммасига юклансин.
4. Ушбу қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким в. в. б. Ғ. АХМЕДОВ
Сирдарё ш,
2013 йил 30 апрель,
992-сон