Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«450 МВт қувватга эга иккинчи буғ-газли қурилманинг қурилиши билан Навоий ИЭСни кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига генерация қувватларини янада ривожлантириш, мамлакат энергия тизимлари ишлашининг ишончлилигини ошириш ва хавфсизлигини кучайтириш, республика истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида:
1. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан «450 МВт қувватга эга иккинчи буғ-газли қурилманинг қурилиши билан Навоий ИЭСни кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш учун 40 йил муддатга, 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 34 877 млн. япон иенаси миқдорида қарз берилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
«Ўзбекэнерго» ДАК мазкур лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзига хизмат кўрсатувчи молиявий агент ҳисобланади;
Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзини узиш, шунингдек, у бўйича фоизлар, комиссияларни тўлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан қарз битимини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзбекэнерго» ДАК билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарзидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолаш ваколати берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий хулоса берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги қарзидан фойдаланиш мақсадида Япониянинг «Tokio-Mitsibushi UFJ. Ltd.» банки билан банклараро битим тузсин.
6. «Ўзбекэнерго» ДАК уч ой муддатда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқилиши, ваколатли экспертиза органлари билан келишилган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 16 август,
ПҚ-2024-сон