Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иккиламчи полимер хом ашёси экспортини тартибга солиш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун зарур хом ашё базасини шакллантириш, республика корхоналарида иккиламчи полимер хом ашёсини янада тўлиқ ва самарали қайта ишлаш, шунингдек атроф муҳит хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш мақсадида:
1. 2013 йилнинг 1 сентябридан бошлаб полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқитлари ва иккиламчи хом ашёсини республикадан ташқарига олиб чиқиб кетиш тақиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқитлари ва иккиламчи хом ашёси қонунга хилоф равишда олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони билан тасдиқланган, экспорт қилиш тақиқланган буюмлар ва маҳсулотларнинг рўйхати қуйидаги мазмундаги 12-сатр билан тўлдирилсин:
| 12. | Полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқитлари, қийқиндилари ва скрап (қиринди)лари* |
3907 60 |
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 8 август,
ПФ-4553-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 33-сон, 436-модда; 2017 й., 22-сон, 412-модда)