Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТОВАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРИ УЧУН ЯГОНА ЕР СОЛИҒИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалик экинзорларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг пировард меҳнат натижаларидан иқтисодий манфаатдорлигини кучайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва бир хил қилиш мақсадида:
1. 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи жорий этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ягона ер солиғи амалдаги барча умумдавлат солиқлари (алкоголли маҳсулотга акциз солиғидан ташқари) ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун белгиланган қуйидаги маҳаллий солиқлар ва йиғимларни тўлаш ўрнига жорий этилади:
даромад (фойда) солиғи;
қўшилган қиймат солиғи;
экология солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
ер остидан фойдаланганлик учун солиқ;
мол-мулк солиғи;
ер солиғи;
ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
бошқа Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар.
Ягона ер солиғи тўловчилари бўлмиш қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун бож тўлови, давлат божи, лицензия йиғимлари, бюджетдан ташқари жамғармаларга ажратмалар тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер хўжаликлари, агрофирмалар, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ягона ер солиғини тўловчилар ҳисобланадилар, деҳқон хўжаликлари бундан мустаснодир. Деҳқон хўжаликларига Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунида кўзда тутилган солиққа тортиш шартлари тадбиқ этилади;
қишлоқ хўжалигини юритиш учун эгалик қилиш, фойдаланишга ёки ижарага берилган ер майдони ягона ер солиғига тортиш объекти ҳисобланади;
ягона ер солиғи миқдори ер майдонининг қаерда жойланганлигини, сифати (балл-бонитети)ни ва сув билан таъминланганлигини ҳисобга олувчи базавий ставкалар ҳамда тузатиш коэффициентларидан келиб чиққан холда аниқланадиган ер майдони бирлигига қайд этиб қўйилган тўлов ҳолида белгиланади. Ягона ер солиғининг миқдори қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг хўжалик фаолияти натижаларига боғлиқ бўлмайди;
ягона ер солиғи Маҳаллий бюджет ҳисобига ўтказилади.
4. Иловага* мувофиқ таркибда ягона ер солиғини жорий этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси тузилиб, унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
* Илова берилмайди.
ягона ер солиғига тортиладиган ер майдонларини ҳисобга олиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
ягона ер солиғи миқдорларининг ер майдонлари сифатига мувофиқлиги таъминланишини назарда тутган ҳолда ерни кадастр жиҳатидан баҳолаш мониторингини ўтказиш;
ягона ер солиғи жорий этилишини назорат қилиш;
ягона ер солиғи базавий ставкалари ва унга нисбатан тузатиш коэффициентларининг қишлоқ хўжалик корхоналари фаолияти натижаларига таъсирини таҳлил қилиш;
ягона ер солиғининг айрим тўловчиларга солиқ имтиёзлари бериш самарадорлигини ўрганиш;
ерларни кадастр жиҳатидан баҳолаш чора-тадбирларини амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
шу йилнинг 15 ноябрига қадар ерлар жойлашишининг тафовутлари, сифати (балл-бонитети)ни ва сув билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича қишлоқ хўжалик экинзорларига мутлақ миқдорда 1999 йилга мўлжалланган ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкаларини, шунингдек ягона ер солиғи муваққат базавий ставкаларининг тузатиш коэффициентларини тасдиқласин;
ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилги Давлат бюджетини тасдиқлаш чоғида туманлар ва шаҳарлар бўйича ягона ер солиғи ставкаларини тасдиқласин;
1999 йилги иш якунлари бўйича, Республика комиссиясининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкалари ва тузатиш коэффициентларини қайта кўриб чиқсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Фармон амалга киритилгунга қадар айрим қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ер солиғи, шунингдек даромад (фойда) солиғини тўлашда имтиёзлар қанча муддатга берилган бўлса шу муддат тўлагунга қадар бундай имтиёз ягона ер солиғи тўлашга тадбиқ этилади;
ягона ер солиғини ҳисоблаш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ ер солиғига тортилмайдиган ер майдонлари солиққа тортиш базасидан мустасно қилинади;
янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб икки йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилинадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
8. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 10 октябрь,
ПФ-2086-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 202-модда; 2000 й., 9-10-сон, 270-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 9-модда; 2006 й., 16-сон, 131-модда, 28-29-сон, 262-модда; 2007 й., 25-26-сон, 259-модда)