Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
иккала давлат халқлари ўртасидаги анъанавий алоқаларни ҳисобга олиб,
Томонларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро фойдали ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан манфаатдорлигини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантирадилар:
дастлабки ва махсуслаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш;
профилактик тиббиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
фармация ва тиббий техника;
фавқулодда ҳолатларнинг тиббий-санитар оқибатларининг олдини олиш ва тугатиш;
тезкор ахборот билан алмашиш;
Томонлар давлатлари ҳудудида ўта хавфли инфекциялар юзага келганда эпидемиологик назорат ўтказиш.
3-модда
Томонлар оғир аҳволларда бепул, режадаги беморларга эса тижорат асосида тиббий ёрдам кўрсатишни амалга оширадилар.
Томонлар бир-бирларининг дипломатик ваколатхоналари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига бепул даволашни амалга ошириш ва зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини оладилар.
4-модда
Томонлардан ҳар бири соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда, тиббий органлар ва муассасалар ўртасида бевосита алоқаларни ташкил этишда, шунингдек мутахассислар билан алмашиш, конференция, симпозиум ва семинарлар ўтказишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Томонлар даволаш ва истеъмол воситалари, диагностикумлар, реактивлар, тиббий ускуна ва техника ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар барпо этишга кўмаклашадилар, шунингдек уларни қайд қилиш ва ўзаро етказиб беришга ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
6-модда
Томонлар фавқулодда ҳолатларда бепул асосда даволаш-профилактик, консультатив ёрдам кўрсатадилар.
7-модда
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ шакл ва шартлари Томонларнинг тегишли давлат бошқарув органлари ўртасидаги алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
8-модда
Томонлар зарур бўлганида ушбу Битимни амалга ошириш ва биргаликда ҳаракат қилиш бўйича тавсияномалар тайёрлаш учун қўшма комиссия тузишлари мумкин.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур ички давлат процедураларини бажарганликлари тўғрисида бир-бирларини охирги марта ёзма равишда хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади ва агар Томонлардан ҳеч бири муддат тугашидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 4 январда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадлари учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)