Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда тоза ичимлик сувини сарфлаш меъёрий миқдорини белгилаш тўғрисида
Туман аҳолисини узлуксиз ичимлик сувига эҳтиёжи сезилаётганлигига қарамай, сувни исроф қилиш ва ундан назоратсиз фойдаланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу масала ўрганилганда, аҳоли томонидан ичимлик сувини сарфланиши белгиланган амалдаги миқдорий меъёрларидан 3-4 баробар ортиқ эканлиги аён бўлди. Айрим жойларда суғориш шохобчалари йўқлиги, мавжуд ариқларнинг кўмиб ташлангани туфайли ёз мавсумида аҳоли томонидан томорқаларни ичимлик суви билан суғориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда, шу билан бирга сув қувурларини тешилиши, сув жўмракларининг яроқсизлиги ва сувни очиқ ҳолда қолиши натижасида катта сув исрофгарчилигига йўл қўйилмоқда.
Кўрсатилган муаммолар натижасида, Фарғона тумани «Сувоқава» ишлаб чиқариш давлат корхонаси томонидан талаб даражасида узлуксиз ичимлик суви етказиб беришда узилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ичимлик сувини йўқотилиши корхонанинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш жараёнида жорий ва мукаммал таъмир ишлари ўз вақтида бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Туманда ичимлик сувидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ва аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган умумий ичимлик сув миқдори меъёрларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 3-бандига асосан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасини қўллаб қарор қиламан:
1. Туман «Сувоқава» ишлаб чиқариш давлат корхонаси (С. Қодиров), «Маҳалла» жамоат фонди туман бўлими (Ё. Тиллабоев) ҳамда тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига:
аҳолини хатловдан ўтказишда, сув ўлчагичларни ўрнатилишида амалий ёрдам бериш ҳамда жойларда ичимлик сувини беҳуда исроф қилмасдан, самарали фойдаланишни назорат қилиш;
ўз ҳудудларидаги аҳолига тоза ичимлик сувини исроф қилинишини олдини олиш борасида етарли тушунтириш ҳамда ташвиқот ишларини олиб борилишини таъминлаш;
аҳоли томонидан ариқларни кўмиб ўрнига қурилиш ишларини амалга оширилишига йўл қўймасликни назоратга олиш таъкидлаб ўтилсин.
2. Туман аҳолиси учун тоза ичимлик сувини сарфланиш миқдори меъёри туман «Сувоқава» ишлаб чиқариш давлат корхонасининг 2013 йил 26 апрелдаги 33-сонли тақдим этган хатига асосан қуйидагича белгилансин:
ховли уй жойда яшовчи хар бир киши учун ажратилган умумий ичимлик суви сарфланиш меъёри — 15 м3/ой миқдорида;
кўп қаватли уйларда яшовчи хар бир киши учун ажратилган умумий ичимлик суви сарфланиш меъёри — 10 м3/ой миқдорида;
кўча жўмракларидан фойдаланувчи хар бир киши учун ажратилган умумий ичимлик суви сарфланиш меъёри — 5 м3/ой миқдорида этиб белгилансин.
3. Туман ободонлаштириш бошқармаси (Х. Ашуралиев)га туман марказий кўчаларида ва бошқа ҳудудлардаги ободонлаштириш майдонларини суғорилишини таъминлаш вазифаси топширилсин.
4. Тумандаги мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига:
ўз ҳудудларидаги ободонлаштириш майдонларини, гулхоналарни суғориш ишларини олиб борилишини йўлга қўйиш ҳамда сув исрофгарчилигига йўл қўймасликлари тавсиявий хусусиятга эга эканлиги эслатиб ўтилсин.
5. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиб боришни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким С. ИМОМАЛИЕВ
Водил ш.,
2013 йил 27 май,
254-сон