Фарғона вилояти Қувасой шаҳри ҳокимининг
Қарори
Шаҳардаги маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиб кетиш фаолиятини тартибга солиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги 362-II-сонли ва Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги 915-II-сонли қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 2 мартдаги «Санитария қонунларини бузганлиги учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-1933-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 239-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2012 йил 14 сентябрда тасдиқлаган Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳамда Чиқиндиларни фуқаролар хаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирини олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, шаҳар ҳудудини экологик ҳамда санитария ҳолатини, тозалигини амалга ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. Шаҳар ҳудудидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқаролар томонидан чиқарилаётган маиший чиқиндиларни, кўп қаватли уйлар олдига қурилган чиқинди йиғиш жойларидан ва маҳаллалардан «Сигнал» тартибида ташиб чиқиб кетиш ташкил этилсин.
2. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона, ташкилот, ўқув юртлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, бирлашмалар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига:
ўзларига бириктирилган ҳудудларни экологик шароити ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш учун ўрнатилган тартиб асосида ҳақ тўлашни таъминлаш юзасидан шаҳар «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонаси билан шартнома тузиш, келгусида тўловларни ўз вақтида тўлаб боришликни таъминлаш вазифалари юклатилсин.
3. «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонаси (Д. Олимов)га:
шаҳар Марказий чиқиндихонасини ва шаҳар ҳудудида жойлашган маиший чиқиндилар тўплаш хандақларини замонавий талаблар асосида таъмирлаш;
уларни барча санитария-гигиена ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида сақлаш ва фойдаланишни йўлга қўйиш;
шаҳар аҳолиси, корхона ва ташкилотлар билан чиқиндиларни олиб кетиш юзасидан хўжалик шартномаларини тузиш ҳамда шартнома асосида маиший чиқиндиларни шаҳар ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқиб кетиш ва уларни белгиланган тартибда жойлаштириш;
чиқиндиларни олиб кетиш учун хизмат ҳақлари миқдорини қонунда белгиланган тартибда ишлаб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан нархларни тартибга солувчи орган билан келишиш;
чиқиндиларни тегишли тартибда саралаш ва қайта ишлашни ташкил қилиш ҳамда аҳоли, корхона ва ташкилотларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш;
кўрсатилаётган хизмат сифатини ва самарадорлигини ошириб бориш мақсадида, иш фаолияти давомида пайдо бўладиган бўш айланма маблағлар ҳисобидан корхонани моддий техник базасини ривожлантириб бориш, қўшимча ва янги техника, транспорт, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар харид қилиб бориш;
ўз фаолияти давомида «Зарарсиз чиқиндиларнинг вужудга келиши меъёрлари», санитария-гигена қоидалари ва бошқа меъёрий ҳужжатларга қатъий амал қилган ҳолда иш олиб борилишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
4. «Арсиф» қишлоғи ҳудудидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган адирликларнинг 301-контуридан 6.0 га ер майдони шаҳар марказий чиқиндихонасини, янги ташкил этилган «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонасига вақтинчалик фойдаланиш учун бириктириб берилсин.
5. «Ҳамкорбанк» ОАТБ Қувасой филиали бошқарувчиси (Ф. Махсудов)га:
Қувасой шаҳар «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонасига лизинг асосида босқичма-босқич техникаларни олиб бериш тавсия этилсин.
6. Шаҳар Молия бўлими (А. Абидов) ва шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи (А. Абдуллаев)ларга:
«Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонаси билан чиқинди олиб чиқиш юзасидан шартнома тузган шаҳар аҳолиси ҳамда корхона ва ташкилотлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни ўз ниҳоясига етказиб, дебитор ва кредиторлик қарздорликларини «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонасига белгиланган тартибда қонуний расмийлаштириш вазифаси юклатилсин.
7. Шаҳар «Маҳалла» жамоат фонди ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига:
маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида маиший чиқиндиларни самарали ва ўз вақтида олиб чиқиб кетишни ташкил этиш ҳамда ҳудуд доирасида ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларини тасдиқлаш;
шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинидан, шаҳар «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонасига, корхона ва ташкилотларидан чиқадиган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ўз вақтида ташкил этиш ва хизматлар учун тўлов ҳамда қарздорликларни ўз вақтида ундирилишида ихтиёрийлик асосида амалий ёрдам бериш;
маҳалла фаолларидан жамоатчи назоратчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар ёрдамида маҳалланинг доимо тоза ва озода сақланишини, белгиланмаган жойларига ахлат ташлашни ва марказий шоҳ кўчаларига ахлат чиқиндиларини тўкиш ҳолатларини назоратга олиш;
8. Уй-жой мулкдорлар ширкатлари раисларига:
ширкатлар ҳудудида мавжуд ахлат майдонларига чиқинди ташлаш вақти ва шартларини кўрсатувчи кўрсаткичлар ўрнатиш;
ахлат ташлаш майдонларини ёритиш учун чироқлар ўрнатиш;
ахлат ташлаш ва ташиб кетиш учун йўлаклар ташкил этиш;
суғориш тармоқлари, йўлаклар, гулзорлар, тозаланадиган ҳудуд санитария ҳолатларини барқарорлаштиришда «Қувасой Коммунал» хизмат кўрсатиш корхонасига амалий ёрдам кўрсатсин.
9. Шаҳар Ички ишлар бўлими (А. Насрдинов)га:
шаҳар ҳудудида фуқаролар томонидан маиший чиқиндиларга оид санитария тартибини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 161-моддасида белгиланган таъсирчан чоралар кўриш амалиётини кучайтириш вазифаси топширилсин.
10. Фарғона вилоят Ўсимлик ва хайвонот дунёсини муҳофаза қилиш қўмитаси Қувасой шаҳар инспектори (Р. Исроилов), шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорат Маркази бош врачи (Р. Ахмедов)ларга:
шаҳарда маиший чиқиндиларни чиқариб ташлашга оид санитария-экология меъёр ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан фаолиятини мувофиқлаштириб борсинлар.
11. Шаҳар ҳокимлиги «Исфайрам» рўзномаси (Қ. Ахмадалиев)га:
шаҳарда санитария барқарорлигини таъминлаш, ободонлаштиришга ва маиший чиқиндиларга оид масалаларни рўзнома саҳифаларида чоп этилиши йўлга қўйилсин.
12. Ушбу қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким А. ЗИЯВИТДИНОВ
Қувасой ш.,
2013 йил 18 май,
193к-сон