Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки халқ ўртасидаги дўстликнинг тарихий илдизларига таяниб,
анъанавий ҳар томонлама Ўзбекистон — Озарбайжон алоқаларини ҳисобга олиб,
таълим соҳасида тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан ўзаро манфаатдорлик ва унга тайёрликни ифодалаб ҳамда уни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга интилиб,
таълим сиёсатида ва ушбу соҳада ўзларининг ўзаро муносабатларида умуминсоний қадриятлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси принциплари, боланинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг устунлигини тан олиб ва уларни амалда рўёбга чиқаришга интилиб,
таълимнинг давлат тизимини этник қарашлилиги, сиёсий ва диний қарашлари ҳамда эътиқодларидан қатъи назар, ҳар иккала давлат фуқароларининг тўлақонли ривожланишига кўмаклашувчи яхлит тизим сифатида қараб,
ҳар иккала давлатда яшовчи халқларнинг маданий-таълим эҳтиёжлари қондирилишига муқим аҳамият бериб ҳамда тенг ҳуқуқлилик ва ҳурмат асосида улар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, ўз давлатларида амал қилувчи қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида ҳар иккала давлатнинг тегишли ташкилотлари ва муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Томонлар ўз саъй-ҳаракатларини қуйидагиларга жамлайдилар:
таълимни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича тажриба алмашиш;
Томонларнинг ҳар бири учун устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича талабалар, аспирантлар ва стажёрларни тенг айирбошлаш асосида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг ўқиши ва яшашлари учун бир хил шароитлар яратиш;
илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ўзаро қизиқиш уйғотувчи гуманитар, табиий, техник, педагогик фанлар бўйича, айниқса Томонлар давлатлари халқларининг тарихи соҳасида биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
ўз давлатларининг тарихи, географияси, сиёсий ривожланишини дарсликлар, ўқув ва педагогик адабиётда тегишли равишда акс эттириш мақсадида улар бўйича ахборот алмашиш;
Озарбайжон Республикаси ҳудудида яшовчи ўзбек миллатига мансуб шахслар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи озарбайжон миллатига мансуб шахслар учун мутахассислар, дарсликлар ва ўқув адабиёти тайёрлашда ҳамкорликни кенгайтириш.
3-модда
Томонлар 1992 йил 15 майгача ҳар иккала давлатда берилган таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, берилган илмий даражалар ва унвонлар тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжатларнинг ўз ҳудудларида муддатсиз тан олинишини кафолатлайдилар.
4-модда
Томонлар ҳар иккала давлат таълим муассасалари томонидан 1992 йил 15 майдан кейин берилган таълим, малака, илмий даражалар ва унвонлар тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишга келишдилар.
5-модда
Томонлар ҳар иккала Томон дипломатик ваколатхоналари хизматчиларининг ва давлат хорижий муассасалари ходимларининг болалари тегишлича Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг умумий ўрта ва ҳунар-ўқув юртларининг барча турларида ўзлари бўлган давлат фуқаролари билан тенг шароитларда ўқишларига келишдилар.
6-модда
Томонлар бошқа Томон давлатининг давлат тили, адабиёти, тарихи ва географиясини ўрганишни хохловчиларга кўмаклашадилар.
7-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси университетлари томонидан ўқув юртлари ўртасидаги ўзаро розилик асосида ташкил этиладиган ёзги тил курслари ўтказилишига кўмаклашадилар.
8-модда
Томонлар бошқа Томон фуқароларининг ўз олий ўқув юртларида ўқишга қабул қилинишига давлат квоталари белгилашлари мумкин. Ўқиш учун ҳақ тўлаш йўлловчи Томон ҳисобига амалга оширилади. Танлаш, ўқишга қабул қилиш ва маблағ билан таъминлаш тартиби Томонларнинг тегишли ваколатли органлари ўртасидаги алоҳида протоколлар билан белгиланади.
9-модда
Томонларнинг ҳар бири бошқа Томон фуқароларининг ўз ўқув юртларига амалдаги қабул қоидаларига мувофиқ компенсация принципларида ўқитилган ҳолда танлов асосида квотадан ташқари якка тартибда қабул қилинишига тўсқинлик қилмайдилар.
10-модда
Томонлар олимларнинг таълимни ривожлантириш муаммолари бўйича халқаро дастурлар ва лойиҳаларда, семинарларда, конференцияларда, гуманитар фанлар соҳасида, жумладан ўзбек тили ва адабиёти, озарбайжон тили ва адабиёти, шунингдек ҳар иккала давлат тарихи ва географияси соҳасида лекциялар ўқиш ва бошқа тадбирларда биргаликда қатнашиши кенгайтирилишига интиладилар.
11-модда
Томонлар гуманитар, табиий ва техника фанлари соҳасида бошқа Томоннинг олий ўқув юртларида педагогик фаолият учун мутахассислар айирбошлашга, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликнинг самаралилигини оширишга кўмаклашадилар.
12-модда
Томонлар таълимнинг турли соҳаларида таълим муассасалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ривожланиши ва мустаҳкамланишига, таълим олувчиларнинг биргаликда меҳнат қилишлари ва дам олишлари ташкил этилишига кўмаклашадилар.
Ушбу модда доирасидаги ҳамкорлик Томонларнинг тегишли муассасалари ва ташкилотлари ўртасидаги шартнома асосида амалга оширади.
13-модда
Ушбу Битимни амалда рўёбга чиқаришнинг молиявий масалалари Томонларнинг ўзаро розилигига ёки ҳар бир аниқ ҳолатда уларнинг тегишли ташкилотлари ва муассасалари ўртасидаги алоҳида келишувга кўра ҳал этилади.
14-модда
Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг фуқароларига компенсация асосида ўз аспирантуралари ва докторантуралари орқали олий ўқув юртини тамомлагандан кейин таълим олишда кўмаклашадилар.
15-модда
Томонлар алоқаларни мустаҳкамлаш, иш тажрибасини алмашиш, бундан кейинги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадида вақти-вақти билан делегацияларни айирбошлайдилар.
16-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ёзма келишувига кўра алоҳида протокол билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
17-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини бажаргани тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақидаги ёзма билдиришномасини олган кундан эътиборан олти ойгача амалда бўлади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)