Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Спорт ва ёшлар ишлари соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган ўз ниятларини тасдиқлаб ва иккала мамлакат халқлари ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни ривожлантиришни истаб,
спорт ва ёшлар ишлари соҳасида мустаҳкам ўзаро алоқалар ва ҳамкорлик яратилиши ёш авлод ўртасида қардошларча муносабатлар мустаҳкамланишига ҳамда улар ўртасида ўзаро тушуниш кучайишига хизмат қилишига ишонч билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ёшлар алоқалари мустаҳкамланиши ва ривожланишига ҳамда икки мамлакат ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратилишига кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар спорт ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликка ва иккала мамлакатда ўтказиладиган спорт тадбирларида уларнинг қатнашишига кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар спорт ва ёшлар ишлари соҳасида улар ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорлик асосан қуйидаги воситалар билан ривожланишига кўмаклашадилар:
а) муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек спорт ва ёшлар соҳасида фаолият кўрсатувчи алоҳида жисмоний шахслар ўртасидаги ҳамкорлик, алоқалар ва ўзаро айирбошлаш учун шароитлар яратиш;
б) биргаликда ёшлар ва спорт тадбирлари ўтказиш учун бошқа Томоннинг шароитлари ва имкониятларини ўрганиш ва бунга кўмаклашиш;
в) спорт ва ёшлар ишлари соҳасида ўқитиш методикалари ва бошқа материалларни, қўшма дастурларни тайёрлаш ҳамда уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва ўзаро айирбошлаш учун шарт-шароитлар яратиш.
4-модда
Томонлар ёшлар ва спорт муаммолари бўйича шуғулланувчи ташкилотлар ёки марказлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар, уларни қизиқтирувчи масалалар бўйича ўзаро айирбошлаш ҳам шу жумлага киради.
5-модда
Томонлар спорт анжомлари ва инвентари ишлаб чиқариш, спорт иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар, мусобақалар ва ўқув-машқ йиғимлари ўтказиш ҳамда спортчилар ва тренерларни айирбошлаш учун шарт-шароитлар яратадилар.
6-модда
Томонлар ушбу Битим доирасида ҳамкорлик қилиш масалаларини қамраб олувчи фестиваллар, конференциялар, сипозиумлар, семинарлар, танловлар, кўргазмалар, учрашувлар, форумлар ва турнирларда қатнашишга кўмаклашадилар.
7-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатлар асосида ва Томонлар давлатларининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Томонлар ҳамкорликни самарали амалга ошириш мақсадида ушбу Битимдан келиб чиқувчи масалалар бўйича маслаҳатлашадилар.
9-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини бажаргани тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақидаги ёзма билдиришномасини олган кундан эътиборан олти ойгача амалда бўлади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)