Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданий бойликлар контрабандасини олдини олиш ва уларнинг қайтарилишини таъминлашда ўзаро кўмаклашиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
маданий бойликларнинг ноқонуний олиб кетилиши, транзит қилиниши ва олиб келиниши миллий маънавий меросига зиён келтиришини, уларни қўриқлашда божхона органлари томонидан ёрдам кўрсатилиши кераклигини назарда тутиб,
маданий бойликларни ноқонуний олиб кириш, олиб чиқиш ва хусусий мулк сифатида беришни тақиқлаш ва олдини олишга қаратилган 1970 йилдаги (Париж, 1970 йил 14 ноябрь) ЮНЕСКО Конвенциясининг қоидаларини эътиборга олиб,
маданий меросни муҳофаза қилишда давлатларнинг ваколатли хизматларининг моҳияти муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб,
ушбу маъмурлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва бу билан маданий бойликлар контрабандасига қарши курашни кучайтиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим мақсадларида:
«Маданий бойликлар» — Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлари билан шундай деб белгиланадиган буюмларни англатади;
«Контрабанда» — бундай буюмларни Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг миллий қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларига хилоф равишда амалга оширилган олиб кетиш, транзит қилиш ва олиб келишни англатади;
«Қайтариш» — контрабанда ёки транзит қилинаётганда, олиб кирилган Давлат тарафидан маданий бойликларни тутиш, ушбу буюмларнинг қонуний эгаси бўлган Давлатга ҳақиқий қайтарилишини англатади.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ҳудудларида амал қилаётган қонун ва қоидаларга риоя қилган ҳолда, маданий бойликлар контрабанда қилинишини олдини олиш ва уларни қайтарилишини таъминлаш учун ушбу Битим доирасида бир-бирларига кўмаклашадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар контрабанда қилинган маданий бойликлар аниқланилганида, ушбу маданий бойликларни тутиб қоладилар ва бу ҳолат ҳақида иложи борича қисқа вақт ичида бошқа Томонни хабардор қиладилар.
Бундай ахборот ушланган маданий бойликларнинг тўлиқ тафсилоти, контрабандада иштирок этган шахслар тўғрисида маълумотлар, шунингдек шу мақсадда фойдаланилган транспорт воситалари, юклар ва почта жўнатмаларнинг ҳар қандай турлари тўғрисидаги тўлиқ тафсилотларни ўз ичига олиши лозим. Аҳдлашувчи Томонлар, иложи бўлган ҳолларда, ушлаб қолинган маданий бойликлар суратларини ва шундай бойликларнинг контрабанда ҳолларига тааллуқли бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини бир-бирларига тақдим қиладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар контрабанда қилинган маданий бойликларни қайтаришни таъминлаш учун барча тадбирларини кўрадилар.
Маданий бойликлар контрабандасида гуноҳкор деб топилган шахслар аниқланган бўлса ва улар масъул деб эълон қилинган бўлса, жавобгарлик тўғрисидаги қарор қонуний кучга киргандан сўнг ушбу маданий бойликларни олинган давлатга қайтариш тайинланган тегишли ваколатли божхона расмийлари ёки бошқа идоралар расмийлари томонидан амалга оширилади.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар сўровнома бўйича бошқа қуйидагилар бўйича кузатиш олиб борадилар:
маданий бойликлар контрабандасида қатнашган деб асосли равишда гумон қилинаётган шахсларнинг ўзларининг ҳудудларига келишлари ва кетишлари;
маданий бойликлар контрабандасида асосли равишда гумон қилинаётган юклар, транспорт воситалари ва почта жўнатмалари.
Назорат натижалари ҳақида имкон даражасидаги энг қисқа вақт ичида сўровчи Томонга хабар берилади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар қуйидагилар билан алмашадилар:
а) маданий бойликларнинг контрабандасига қарши кураш усуллари тўғрисидаги маълумотлар;
б) маданий бойликларнинг контрабандасига қарши кураш масалаларига тааллуқли бўлган нашрлар, касбий, ўқув ва илмий қўлланмалар;
в) маданий бойликлар билан контрабанда қилишнинг янги воситалари ва усуллари, ҳамда шундай ишлар билан касб жиҳатдан банд бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар;
г) маданий бойликларнинг контрабандасига қарши курашнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида мутахассисларнинг ташрифлари.
7-модда
Ушбу Битимга биноан олинган ахборотдан фақат маданий бойликларнинг контрабандасига қарши кураш мақсадида фойдаланилади ва ахборотни олувчи Томон, ушбу Давлатнинг миллий қонунларига мувофиқ уни ўзинг шу турдаги расман шу тусга эга деб қабул қилади.
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш жараёнида олинган ахборотларни, агар уларни тарқатилиши бошқа Томон манфаатларига ёки биргаликда ҳаракат қилиш манфаатларига зарар етказадиган бўлса, иккинчи Томоннинг розилигисиз учинчи Томонга, шунингдек оммавий ахборот воситаларига тақдим этмайдилар.
8-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон маданий бойликларнинг қайтарилиш процедурасига жалб этилган бошқа Томоннинг экспертларига тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплайди. Аҳдлашувчи Томон қайтарилаётган маданий бойликларни, ҳар бир алоҳида олинган ҳолда аниқ шартларга мувофиқ икки томонлама музокаралар билан мувофиқлантириладиган, ташиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлайди.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бойликларнинг ноқонуний олиб кириш, транзит қилиш ва олиб чиқишни олдини олиш учун халқаро форумлар доирасида ҳам ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим доирасида ҳамкорлик масалалари бўйича мунтазам равишда маслаҳатлашадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ўзаро ёзишмалар инглиз тилида олиб борилади.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро ёзма келишуви бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлган алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Ушбу Битим қоидаларини бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ бўлган барча мунозарали масалалар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ўзаро маслаҳатлашувлар ва келишувлар йўли орқали ҳал этилади.
13-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, ушбу Битим кучга кирган кундан бошлаб уч ой мобайнида ўз давлатларида маданий бойликларни ташиш тартибига тааллуқли миллий қонун ва меъёрий ҳужжатлар матнлари билан алмашадилар. Миллий қонун ва қоидалардаги ҳар қандай барча ўзгартишлар тўғрисида иложи борича энг қисқа вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонга хабар берилади.
14-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ҳамда беш йил давомида амал қилади, бундан кейин, агар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ушбу Битим амал қилишининг тегишли муддати ўтмасдан камида 6 (олти) ой олдин ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Тошкент шаҳрида, 1998 йил 13 апрелда икки асл нусхада, ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)