Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Вазирлар Маҳкамаси ўртасида
Битим
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Вазирлар Маҳкамаси, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга катта аҳамият бериб ва ҳамкорликни амалга ошириш йўли билан ушбу соҳада амалий натижаларга эришишга интилиб,
ноқулай табиий-иқлимий ва гидрометеориологик шароитларга боғлиқ экологик хавфларнинг мумкинлигини реал баҳолаб ва бу муаммоларни умумий масалалар сифатида тан олиб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳволини яхшилашнинг, ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ва социал ривожланишни амалга ошириш учун табиий ресурслардан тежамкорлик ва эҳтиёткорона фойдаланишнинг муҳимлигини тан олиб,
мамлакатларнинг ҳар бирида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг умумий муаммоларини ҳал этиш ишида ҳамкорлик қилиш уларнинг ўзаро манфаатларига жавоб беришига ишонч билдириб,
ушбу ҳамкорлик йўли билан глобал ва минтақавий миқёсдаги ривожланишнинг барқарор асоси сифатидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яхшилаш ва табиатдан оқилона фойдаланиш учун қилинаётган халқаро уринишларга янада кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг тегишли қонунлари доирасида тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) экологик қонунларни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни норматив-ҳуқуқий тартибга солишни уйғунлаштириш;
б) атроф-муҳит ва табиатдан фойдаланиш сифатини бошқаришнинг иқтисодий механизмини такомиллаштириш;
в) алоҳида муҳофаза қилинадиган табиат ҳудудларини ташкил этиш ва биологик ҳилма-хилликни сақлаш;
г) кам чиқиндили ва чиқиндисиз технологияларни жорий этиш йўли билан минерал хом-ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
д) ҳаво ҳавзасини трансчегара ифлосланишидан муҳофаза қилиш;
е) уларнинг жуғрофий жойланишидан қатъи назар, трансчегара зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган янги иншоотлар қурилиши бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
ж) заҳарли ва радиоактив чиқиндиларни нейтраллаштириш, зарарсизлаштириш, хавфсиз ҳолда йўқотиш ва кўмиб ташлаш;
з) трансчегара таъсирга эга бўлган ёки эга бўлиши мумкин бўлган иншоотларнинг қўшма экологик экспертизаларини ўтказиш;
и) экологик жиҳатдан соф, ресурсларни тежовчи технолияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, тегишли материаллар билан танишиш имкониятини бериш;
к) маиший ва саноат чиқиндиларини утилизация қилиш бўйича қурилмаларни ишлаб чиқариш ва татбиқ этишни, шунингдек кам заҳарли ва заҳарли чиқиндиларни зарарсизлантиришни ташкил этиш бўйича шароитларни яратиш;
л) атроф-муҳитнинг ифлосланишини назорат қиладиган восита ва ускуналарни ишлаб чиқаришга кўмаклашиш;
м) атроф-муҳитни ифлослантирадиган моддаларни йиғиш, чиқиндиларни тозалаш қурилмалари, асбоб-ускуналари ва иншоотлари ишлаб чиқариш ва жорий этишга кўмаклашиш;
н) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабардор қилиш соҳасида ахборот алмашуви.
Келгусида ҳамкорликнинг бошқа шакллари келишилиши мумкин.
3-модда
Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш учун ўз давлатларининг табиатни муҳофаза қилувчи идораларига ушбу Битим доирасидаги тадбирлар мажмуаси бўйича таклифларни тайёрлаш ва амалда бажаришга ваколат берадилар.
4-модда
Томонлар табиатни муҳофаза қилиш бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорлик қиладилар.
5-модда
Томонлар давлат бошқарувини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назоратини ва табиатдан фойдаланишни тартибга солишни такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш, тегишли иқтисодий механизмларни ишлатиш тажрибаси билан алмашиб бориш, мутахассислар стажировкаларини ва улар билан алмашишларни амалга ошириш ниятидалар.
6-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларига таъсир қилмайди.
7-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва амалга ошириш билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган баҳслар ўзаро маслаҳатлашишлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан ҳеч бири ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар камида олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилиш йўли билан уни денонсация қилиш нияти тўғрисида баён қилмаса, унинг амал қилиши кейинги беш йилга ўз-ўзидан узайтирилади.
Киев шаҳрида 1998 йил 19 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)