Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ахборот - маданият марказларини таъсис этиш ва уларнинг фаолиятининг шарт-шароитлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси халқларининг инсонпарварлик ва маданий қадриятлар билан ўзаро танишишга, улар ўртасидаги анъанавий алоқаларни сақлаш, ўзаро бойитиш ва ривожлантиришга бўлган қизиқишларини ҳисобга олиб,
жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикасида ва Россия Федерациясида сиёсий, иқтисодий, маданий, илмий ва таълим жараёнлари ривожланиши тўғрисида хабардорлигини оширишга катта аҳамият бериб,
1992 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида Шартнома, 1993 йил 19 мартдаги маданият, фан, техника, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, бошқа икки томонлама ҳужжатлар руҳида икки томонлама инсонпарварлик, маданий, илмий-техникавий ва ахборот алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар Москвада Ўзбекистон Республикаси ахборот, маданият-маърифат марказини ҳамда Тошкентда Россия фан ва маданият марказини, бундан кейин Марказлар деб аталади, таъсис этадилар.
Томонлар ўзаро келишув асосида икки давлатнинг бошқа шаҳарларида Марказларининг филиалларини очишлари мумкин.
Марказлар ва улар филиалларининг фаолиятлари халқаро ҳуқуқнинг умум тан олинган нормалари, ушбу Битим қоидалари асосида ва Марказлар жойлашган давлатларнинг қонунларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
2-модда
Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги ахборот, маданият-маърифат маркази ва унинг филиаллари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғи раҳбарлигида амалга оширади.
Россия фан ва маданият маркази ва унинг филиаллари ўз фаолиятларини Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғининг ва кўрсатилган Марказ ва унинг филиаллари ишини таъминлайдиган Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Россия халқаро илмий ва маданий ҳамкорлик маркази раҳбарлигида амалга оширади.
3-модда
Ўз фаолиятини амалга ошириш мақсадида Марказлар Марказ жойлашган давлатнинг вазирликлари, бошқа давлат муассасалари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари, уюшмалари, ассоциациялари, жамғармалари, шунингдек алоҳида фуқаролари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишлари мумкин.
Марказ жойлашган давлат Томонининг розилиги билан Марказлар ўз биноларидан ташқарида фаолиятларини амалга оширишлари мумкин.
4-модда
Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
икки томонлама инсонпарварлик, маданий, илмий-техникавий, ахборот ҳамкорлик дастурларини бажаришда қатнашиш;
Марказ жойлашган давлат жамоатчилигини ўз мамлакатининг тарихи ва маданияти, ички ва ташқи сиёсати ва унинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида рўй бераётган ҳодисалар билан таништириш;
икки давлат ижодий, маданий-маърифий, илмий ва профессионал ташкилотлари ўртасида алоқаларни ўрнатишга ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;
икки давлат тилларини ўрганишда кўмаклашиш;
иккала давлат илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлигини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Марказларнинг ахборот имкониятларидан фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси шаҳарлари ва ўлкалари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш ва ривожлантиришда кўмаклашиш;
маданият, фан ва техника соҳасида ахборот-реклама ишларини ташкил этиш.
5-модда
Марказлар ўз зиммаларига юкланган вазифаларга мувофиқ:
ўз мамлакатларининг маданий, илмий-техникавий, жамоат-сиёсий ва иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича ахборот-маълумот фондлари ва банкларини ташкил қиладилар, халқаро, инсонпарварлик, илмий, маданий ва амалий ҳамкорлик муаммолари бўйича конференция, симпозиум, семинар, маслаҳатлашишлар ўтказадилар;
Марказ жойлашган мамлакатнинг манфаатдор ташкилотларига, алоҳида фуқароларига ўз давлатларининг маданий-маърифий, илмий таълим ва профессионал ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат хизматини амалга оширадилар;
Марказ жойлашган давлатда доимий яшовчи ватандошлар ўртасида маданий-маърифий ва ахборот ишини амалга оширадилар, уларнинг бирлашмалари билан алоқада бўладилар, профессионал туристик гуруҳлар билан ўзаро алмашишда кўмаклашадилар;
бадиий жамоаларнинг ва алоҳида ижрочиларнинг чиқишларини, теле- ва кино томошаларни ташкил қиладилар;
экспонатлар, фотосуратлар, бадиий асарлар ва халқ ижодкорлиги буюмлари, китоб кўргазмаларини ўтказадилар;
ўз фаолиятининг турли йўналишлари бўйича жамоат кенгашлари ва клубларини ташкил қиладилар, уларнинг ишларига маҳаллий жамоатчиликнинг ва ишбилармон доираларнинг нуфузли вакилларини, таниқли фан ва маданият арбобларини, шунингдек иккала давлат хорижий ваколатхоналари, ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этадилар;
давлатлари халқларининг тили ва маданиятини ўрганиш курсларини, Марказ жойлашган давлат фуқаролари учун ўқув стажировкаларини ташкил қиладилар, маҳаллий илмий ва ўқув муассасаларида ишлаётган илмий ходимларга ҳамда тил ва адабиёт ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатадилар;
Марказ жойлашган давлат фуқароларини ўз давлатларига ўқишга ва стажировкага танлаш ва юборишда кўмаклашадилар;
ўз давлатларининг Марказ жойлашган давлатдаги ўқув юртлари битирувчиларининг уюшма ва клубларининг ишига кўмаклашадилар, шундай ассоциация ва клубларнинг бу ўқув юртлари билан алоқаларини қўллашга ёрдам кўрсатадилар, шунингдек Марказ жойлашган давлатда битирувчилар учун малака ошириш бўйича семинарлар ташкил қиладилар;
Марказ жойлашган давлатнинг манфаатдор ташкилотлари ва алоҳида фуқаролари учун Марказларда кутубхоналар ва бошқа ахборот хизматлари ишини таъминлайдилар;
Марказ жойлашган давлатнинг дўстлик ассоциациялар ва жамиятлари, ўқув, маданий ва илмий муассасалари, учинчи мамлакатларнинг маданий-ахборот марказлари билан ҳамкорлик қиладилар.
Марказ жойлашган давлат қоидаларини ҳисобга олган ҳолда Марказлар ушбу Битим мақсадига жавоб берувчи фаолиятнинг ҳамда бошқа турларини амалга оширишлари мумкин.
6-модда
Марказ жойлашган давлатнинг қонунларига мувофиқ Марказлар юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланадилар.
7-модда
Томонлар Марказ ўтказадиган тадбирларга жамоатчиликнинг тўсиқсиз киришини таъминлайдилар.
Томонлар ўзаролик асосида марказлар ходимлари ва биноларининг, шунингдек улар ўтказадиган тадбирларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрадилар.
8-модда
Марказларнинг фаолияти нотижорат асосда амалга оширилади. Айни бир вақтда Марказлар ўз харажатларини қисман қоплаш учун:
ўзлари ташкил қиладиган тадбирларда қатнашиш, тил ўрганиш курсларида ўқитиш ва фаолиятнинг бошқа турлари учун ҳақ олишлари;
вақтли нашрлар, каталог, афиша, дастур, китоб, картина ва репродукцияларни, ахборотни ёзиб олиш усулидан қатъи назар, аудиовизуал, шунингдек дидактик материалларни, улар уюштирадиган тадбирлар билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа буюмларни, ушбу буюмлар уларни турилган мамлакатнинг савдо тармоқлари орқали сотмаслик ва бу савдо фаолияти қоидаларига зарар етказмаслиги, шунингдек интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқларини бузмаслиги шарти билан, сотишлари;
Марказ биноларида унга келувчиларга хизмат кўрсатиш учун китоб дўконлари, ресторанлар, кафе, кафетерийлар ва совға дўконларига, шунингдек Марказ меҳмонлари вақтинча яшаш учун меҳмонхона биноларига эга бўлишлари;
Марказга қарашли биноларни ижарага беришлари мумкин.
9-модда
Томонлар ўзаролик шартларида қабул қилувчи давлат қоидаларига мувофиқ бир-бирларига Марказлар учун қулай ер участкалари берилишига, шунингдек бинолар ижарага беришига, олинишига ёки қурилишига кўмаклашадилар.
Марказларнинг биноларини лойиҳалаш, қуриш ва ободонлаштириш бўйича ишларни, уларни қуриш ёки ободанлаштиришга рухсат олингандан кейин, Марказ жойлашган давлатнинг шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ ҳолда, юбораётган томон амалга оширади. Юборувчи Томон тегишли ишларни бажариш учун пудратчиларни мустақил равишда тайинлаш ҳуқуқига эга.
10-модда
Марказлар ва уларнинг ходимлари учун солиқ режими ўзаролик принципини ҳисобга олган ҳолда Марказ жойлашган давлат қонунлари билан белгиланади.
11-модда
Томонлардан ҳар бири ўз Марказининг ходимларини тайинлайди. Ушбу ходимлар юбораётган давлат, Марказ жойлашган давлат ёки учинчи давлат фуқароларидан иборат бўлиши мумкин. Учинчи давлат фуқаросининг Марказ жойлашган давлатнинг ваколатли органлари билан мувофиқлаштирилиши керак.
Марказларнинг директорлари ва уларнинг ўринбосарлари юборувчи давлат элчихонасининг дипломатик ходимлари бўлишлари мумкин.
Марказлар ходимларининг сони ўзаро аҳдлашув бўйича белгиланади.
Томонлар Марказларни ходимлар билан бутлаш тўғрисида, шунингдек ходимларнинг вазифасини бажаришга киришиши ва улар ишининг тўхтатилиши тўғрисида бир-бирларини ўзаро хабардор қиладилар.
12-модда
Марказларнинг юборувчи давлат фуқаролари бўлган ва жойлашган мамлакатда доимий яшамайдиган ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига юборувчи давлатнинг меҳнат тўғрисидаги қонунлари ва ижтимоий таъминот режими татбиқ этилади.
13-модда
Қабул қилувчи Томон юборувчи Томон Маркази ходимларига ҳамда улар билан бирга яшовчи оила аъзоларига марказда ишлаш муддати даврида уларга тегишли кўчириш мумкин бўлган, шу жумладан транспорт воситаларини, божхона тўловларидан озод қилган ҳолда, олиб келиш ва олиб кетиш учун рухсат беради, божхона расмийлаштирилиши, сақлаш ва шу каби бошқа хизматлар учун йиғимлар бундан мустасно. Қайд этилган буюмлар фақат божхона тўловлари тўланган ва турилган давлат қонунлари билан белгиланган бошқа талаблар бажарилган тақдирда бегоналаштирилиши мумкин. Ушбу модда кўзда тутилган имтиёзларнинг амал қилиши Марказ жойлашган давлатнинг фуқаролари бўлган ёки унинг ҳудудида доимий яшайдиган шахслар бўлган Марказ ходимларига тааллуқли бўлмайди.
14-модда
Ҳар бир Томон ўзаролик асосида бошқа Томон Маркази ходимлари аъзоларига, шунингдек уларнинг бирга яшайдиган оила аъзоларига унинг давлати қонунларида кўзда тутилган визалар ва қабул қилувчи давлатда яшашга рухсатномалар бериш масалалари бўйича имтиёзларни беради.
15-модда
Томонлардан ҳар бири зарурат бўлганда бошқа Томонга унинг Марказининг ходимлари учун турар жой танлашда кўмаклашади.
16-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан юзага келадиган масалалар музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
17-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган тегишли давлат ички процедураларини бажарганликларини тасдиқловчи охирги ёзма билдиришнома санасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Томонлардан бири ўзининг Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида тегишли давр тугашидан камида олти ой олдин бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмагунча унинг амал қилиши кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Москва шаҳрида 1998 йил 6 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)