Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ҳар иккала давлат ўртасида темир йўл транспорти билан йўловчилар ва юкларни халқаро, шунингдек улар ҳудуди орқали учинчи мамлакатларга ҳамда улардан транзит ташиб ўтишни амалга оширишга муҳим аҳамият бериб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда асосида темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга икки томонлама қизиқишни таъкидлаб, йўловчилар ва юкларни ташишнинг маъқул топилган жараёнини таъминлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳар икки давлат ўртасида темир йўл транспорти орқали йўловчилар ва юкларнинг, улар ҳудуди орқали транзитда ташишнинг, юкларни тушириб, бошқасига ортишнинг тўсиқсиз амалга оширилишига, юкларнинг ҳаракатланиши ва сақланиши, шунингдек давлат чегаралари ва божхона тартибларидан Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг амалдаги меъёрий ҳужжатларга, шунингдек қонунчилигига мувофиқ ўтказиш хавфсизлигини таъминлашда ҳамма жойда ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томонга экспорт-импорт транзит операциялари учун ўз чегара станцияларини қаршиликсиз беришга ўз розиликларини тасдиқлайдилар.
2-модда
Темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш учун Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги ваколатли органларни тайинлайдилар:
Ўзбекистон Республикасида — «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компанияси ёки у ваколатлаган бошқа орган,
Қозоғистон Республикасида «Казахстан темiр жолы» республика давлат корхонаси ёки у ваколатлаган бошқа орган.
3-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳудуди бўйлаб темир йўл транспортида йўловчилар ва юкларни, шунингдек учинчи давлатлардан ёки учинчи давлатларга транзитда ташишни ташкил этишда Аҳдлашувчи Томонлар ўз ҳаракатларини Аҳдлашувчи Томонлар аъзо бўлган халқаро битимларни, ҳар икки давлат миллий қонунчиликларини ҳисобга олиб мувофиқлаштирадилар, зарур ҳолларда эса алоҳида битимлар тузадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл транспорти соҳасида бошқа давлатлар билан бошқа Аҳдлашувчи Томон манфаатларига тааллуқли бўлган битимлар тузган тақдирда уни бу ҳақда хабардор этади.
4-модда
1. Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали Ўзбекистон Республикасига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали Қозоғистон Республикасига темир йўлда транзит ташиш тартиби Аҳдлашувчи Томонлар аъзо бўлган халқаро битимлар билан белгиланади.
2. Халқаро йўловчи ва юк ташишлар ҳақида кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоблар тартиби Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тузилган битимлар билан белгиланади.
3. Ташишлар билан боғлиқ бўлган масалаларни тезкор ҳал этиш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўз вакилликларини очишлари мумкин.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси темир йўллари ўртасида вужудга келган ахборотларнинг ўзаро ҳаракатланишини сақлаб қоладилар ва унинг янада ривожланишига ёрдам берадилар. Ўзгаришлар зарур бўлганда ваколатли органларнинг ўзаро келишувига асосан амалга оширилади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл ходимларига иккинчи давлат ҳудудида бўлган вақтларида улар ўз хизмат вазифаларини бажаришларига кўмаклашиш, шунингдек тўсатдан касал бўлиб қолганлари ёки жароҳат олганларида зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ваколатли органлари уларнинг айби билан бошқа Аҳдлашувчи Томон темир йўлларига келтирилган моддий зарар учун Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг амалдаги меъёрий ҳужжатларга, шунингдек қонунчилигига мувофиқ моддий жавобгар бўладилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз ваколатли органларига йўловчилар ва юкларни ташиш, ўзаро ҳаракат таркибини, техника, ускуналар, уларга эҳтиёт қисмлар, темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун зарур бўлган моддий ресурсларни ўзаро етказиб бериш, ҳаракат таркибини, асбоб-ускуналар ва техникаларни таъмирлаш ва бошқа темир йўл транспорти фаолиятини мувофиқлаштирувчи масалаларни ташкил этишга доир икки томонлама битимлар тузишни топширадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органларга иқтисодий баҳолаш ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш, ташиш ишининг технологик параметрларини тайёрлаш ва тасдиқлаш тартибини белгилаш бўйича музокаралар ўтказиш ҳуқуқини берадилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини темир йўл транспортидаги илмий-техникавий сиёсат соҳасида қабул қилинган ёки тайёрланаётган қарорлар тўғрисида хабардор қиладилар.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл транспорти мутахассисларини тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар ҳамда ҳар бир Аҳдлашувчи Томондан берилган малака ҳужжатларини эътироф этадиларки, улар ҳар икки давлат ҳудудида тенг юридик кучга эга бўлади ҳамда расмийлаштириш талаб этилмайди.
12-модда
1. Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган баҳсли масалалар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
2. Ушбу Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига кўра қабул қилиниши мумкин ҳамда ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб қоладиган махсус протокол билан расмийлаштирилади.
13-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг улар томонидан бунинг учун зарур бўлган ички давлат тартиблари бажарилганлиги тўғрисидаги охирги билдиришлари санасидан бошлаб кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг унинг ҳаракатларини тўхтатиш истаги тўғрисидаги ёзма билдириши санасидан олти ой ўтгунга қадар амалда бўлади.
Алмати шаҳрида 1997 йил 2 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Матнларнинг турли талқин этилиши ҳолларида Битимнинг рус тилидаги матни асос қилиб қабул қилинади.
(имзолар)