Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ўз давлатлари ўртасида барқарор ва балансли асосда ўзаро манфаатли иқтисодий ва тижорий алоқаларини рағбатлантириш ва диверенфикациялаштиришни истаб,
иккала мамлакатнинг иқтисодий потенциалидан самарали фойдаланиш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида аҳамият бериб,
халқаро ҳуқуқ, тенглик, умумий фойда ва ўзаро ҳурмат принциплари доирасида ўзларининг иқтисодий ва тижорат алоқаларини янада мустаҳкамлашга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар амалдаги ўз миллий қонунларига мувофиқ мавжуд имкониятлар доирасида узоқ муддатли, барқарор ва балансли асосда ўз иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва диверсификациялаш учун зарурий тадбирлар кўрадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Тарифлар ва Савдо бўйича Бош Битим ва Жаҳон Савдо Ташкилоти тузилиши тўғрисида Битимга мувофиқ ҳар икки мамлакат ўртасида товарлар импорти ва экспортига нисбатан қўлланиладиган бож тўловлари ва бошқа йиғимларга нисбатан бир-бирларига энг кўп қулайлик яратиш режимини тақдим этадилар.
Қоидалар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
а) чегараолди ва соҳил савдосини енгиллаштириш мақсадида қўшни давлатлар учун яратилган ёки яратиладиган имтиёзлар;
б) Аҳдлашувчи Томонлардан бири қатнашчиси бўлган ёки келгусида қатнашчиси бўлиши мумкин бўлган эркин савдо зоналари, божхона уюшмалари тўғрисидаги битимлар ёхуд бошқа минтақавий битимлар доирасида учинчи мамлакатларга берилган ёки бериладиган имтиёзлар;
в) савдо ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида махсус шароитлар яратиш мақсадида ривожланаётган мамлакатларга берилган ёки бериладиган имтиёзлар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар савдо битишувларининг ҳамма канал ва воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳамда ўзларининг амалдаги тегишли қонунларига мувофиқ ҳар икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари ва хизматларни рағбатлантириш, кенгайтириш ҳамда уларга кўмаклашиш учун барча кучларни сафарбар этадилар.
4-модда
Агар ўзга тарзда келишилган бўлмасалар, икки мамлакат ўртасидаги савдо ва хизматларга тааллуқли барча тўловлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг амалда бўлган валютани тартибга солиш қоидалари ва бошқа тегишли қонунларга мувофиқ конвертация қилинадиган валюталарда амалга оширилади.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг тегишли ташкилот, компания ва тадбиркорларини улар ўртасидаги контрактлар воситасида ҳар бир мамлакатда амалда бўлган миллий қонунларга мувофиқ савдо алмашуви ва хизматларни янада ривожлантириш ва диверсификациялаш борасида қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Ўзаро иқтисодий ва тижорат фаолиятларини ривожлантиришда банк ишининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда Аҳдлашувчи Томонлар молия ва банк иши соҳасида тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга рози бўлдилар.
7-модда
Икки мамлакат ўртасидаги тўловлар ва товар алмашувини енгиллаштириш мақсадида, иккала мамлакатда амалда бўлган қонун ва қоидаларга мувофиқ, Аҳдлашувчи Томонлар, бошқа Томоннинг сўрови бўйича, икки мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ўзларининг барча тегишли маълумотларини тақдим этадилар.
8-модда
Икки мамлакат ўртасидаги савдони янада ривожлантириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар Ќўшма ўзбек-турк ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳамда ўз ишбилармон кишилари ўртасидаги алоқаларни ва мамлакатларига тижорат вакиллари, гуруҳлари ҳамда делегацияларининг ташрифларини рағбатлантиришга ва енгиллаштиришга рози бўлдилар.
Шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ярмаркалар, кўргазмалар ва ўз мамлакатларида ташкил этиладиган бошқа фаолиятда иштирок этишни рағбатлантиришга келишдилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, ўзларининг амалдаги қонунларига мувофиқ, мамлакатга импорт қилинадиган нотижорат намуналарни ҳамда кўргазмалар ва ярмаркалар учун вақтинча импорт қилинадиган товарларни бож тўловлари ва солиқлардан озод қилишга келишдилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни, айниқса саноат, энергетика, транспорт ташишлар, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон тармоғи, технологиялар, контрактация бўйича хизматлар кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга розилик билдирдилар.
Аҳдлашувчи Томонлар, бу хусусда, амалдаги ўз миллий қонунлари ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар билан таъминлашга ҳамда дискриминацион чоралардан воз кечишга келишдилар.
11-модда
1995 йил 19 июлда имзоланган Битимга мувофиқ тузилган Ўзбек-турк ҳукуматлараро қўшма комиссияси мазкур Битимнинг бажарилишига кўмаклашади ҳамда тижорий ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун ушбу Битимни бажариш жараёнида юзага келадиган масалаларни кўриб чиқади.
12-модда
Ушбу Битимга мувофиқ тузилган тижорат битишувлари ёки иқтисодий алоқалардан келиб чиқувчи келишмовчиликлар, агар Аҳдлашувчи Томонлар келишмовчиликларни бошқа тинч йўллар воситасида ҳал этишга рози бўлмасалар, ўзаро келишувга биноан халқаро арбитражга топширилади.
13-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш йўли билан ушбу Битимни ўзгартириш ёки қайта кўриб чиқиш учун бошқа Томонга сўров бериши мумкин.
14-модда
Ушбу Битим тўхтатилган ҳолда унинг қоидалари Битим амалда бўлган давр мобайнида тузилган барча контрактларга нисбатан қўлланилишини давом эттирадилар.
15-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим кучга кирган санадан бошлаб 1991 йил 19 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги тўғрисида Битим амал қилишининг тугатилиши тўғрисида келишиб олдилар.
16-модда
Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар орқали бир-бирларини ўзларининг тегишли миллий қонунларга мувофиқ ушбу Битим кучга кириши учун зарур бўлган ички процедуралар бажарилганлиги тўғрисида хабардор қиладилар.
Ушбу Битим билдириш процедураси тугатилиши кунидан эътиборан кучга киради ва беш йиллик давр мобайнида амал қилади.
Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тўхтатиладиган санадан камида олти ой аввал дипломатик каналлар орқали унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилмаса, ушбу Битим кейинги бир йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 13 апрелда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин этишда келишмовчиликлар бўлган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)