Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ислом тараққиёт банки иштирокидаги «Тошкент шаҳар кўча ёритиш тизимига энергия самарадор технологияларни жорий этиш лойиҳасини» амалга оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Тошкент шаҳри кўча ёритиш электр тармоқларини модернизация қилиш ва кўп энергия талаб қиладиган ускуналарни энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш орқали электр энергияси сарфини камайтиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ислом тараққиёт банки (ИТБ) директорлари Кенгаши томонидан 2013 йил 10 февралда «Тошкент шаҳар кўча ёритиш тизимида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш» лойиҳасини (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб юритилади) амалга ошириш учун 15 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли даврни ҳисоблаган ҳолда 36,0 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий маблағлар тақдим этилиши маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддати 3 йил (2014 — 2016 йиллар) ни ташкил этади.
2. Белгилансинки:
инвестиция лойиҳасини самарали амалга ошириш ва ИТБ молиявий маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда «Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси) ҳисобланади.;
Ўзбекистон Республикасининг кафолат берганлиги учун ҳақ ундирилмайди.
3. Ваколат берилсин:
«Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонасига инвестиция лойиҳасини молиялаштириш бўйича ИТБ билан муддатли олди-сотди тўғрисидаги битимини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга;
молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ИТБ ўртасида кафолат битимини имзолаш учун.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ИТБ ўртасида кафолат битими бўйича юридик хулоса берсин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлигига инвестиция лойиҳаси доирасида тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, шунингдек жалб этилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик юклансин.
6. «Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси:
уч ой муддатда инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисобларини ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органлари билан келишилишини таъминласин ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин;
инвестиция лойиҳаси бўйича бош пудратчини аниқлаш учун халқаро тендер савдолари ўз вақтида ўтказилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Г.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 1 май,
115-сон