Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ПОЧТА ВА ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга интилиб,
тенг ва ўзаро манфаатли асосда почта ҳамда телекоммуникация соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида почта ва телекоммуникация соҳасидаги алоқалар Бутунжаҳон почта иттифоқи ва Халқаро электр алоқаси иттифоқи қоидаларига мувофиқ равишда, шунингдек иккала давлатнинг қонунлари ҳамда ушбу Битимга мувофиқ олиб борилади.
2-модда
Томонларнинг тегишли корхоналари ушбу Битим доирасида телекоммуникация тармоқларини ташкил этиш ҳамда улардан фойдаланишнинг шакллари ва методларини алмашишлари, лозим топилса, мазкур ҳамкорлик миқёсида алоҳида шартномалар тузишлари мумкин.
3-модда
Томонлар иккала мамлакат ўртасидаги телекоммуникациялар тараққиётини мувофиқлаштирадилар, заруратга кўра, ўз ваколатлари доирасида электр алоқасининг юксак сифатли хизматларига ошиб бораётган талабларни қондириш чораларини кўрадилар.
Томонлар бир-бирига шартнома асосида умумий фойдаланиш тармоғи орқали ўз давлати ичида ҳамда давлатлар ўртасида хизматлар кўрсатадилар.
4-модда
Томонлар қуйидагиларни амалга оширишга алоҳида эътибор берадилар:
1) ахборотни ишончли ва тезкор етказишни таъминлаш учун экспресс почта, халқаро факсимил алоқа хизматини тақдим этиш бўйича тармоқ ташкил этиш;
2) почта жўнатмаларини энг қисқа ва қулай йўналишлар бўйлаб юбориш орқали почта хизматини яхшилаш;
3) бир-бирига маҳаллий ва халқаро экстрен почта ҳамда пул жўнатмаларини алмаштириш хизматларини тақдим этиш;
4) мутахассисларни тажриба алмашиш учун бир-бирига юбориш.
5-модда
Томонлар филателия ва почта маркалари соҳасида ҳамкорлик қиладилар, навбатма-навбат филателия кўргазмаларини ташкил этадилар, бир-бирига филателия бўйича делегациялар юборадилар, ўзаро келишилган мавзуларда маркалар чиқарадилар.
6-модда
Томонлар тенглик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида радиочастоталардан фойдаланиш ва келиштириш соҳасида барча буюртмаларни ишлаб чиқишни таъминлайдилар. Томонлар зарур ҳолларда радиочастота спектридан келишиб фойдаланиш масалалари бўйича махсус кенгашлар ўтказадилар.
7-модда
Томонлар икки давлат телекоммуникация хизматлари ва қурилмаларини стандартлаштириш соҳасида уларни белгиланган халқаро андозаларга яқинлаштириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
8-модда
Томонлар телекоммуникация соҳаси кадрларини тайёрлашда ҳамкорлик қиладилар. Хитой Халқ Республикаси ўзбек мутахассисларини ўз ўқув муассасаларида ўқитиш учун зарур шарт-шароитларни барпо этади.
9-модда
Томонлар ўз миллий қонунларига мувофиқ телекоммуникация қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш масалаларини кўриб чиқадилар.
10-модда
Томонлар ушбу Битимга мувофиқ почта ва телекоммуникация соҳасидаги халқаро ташкилотлардаги фаолият тўғрисида ахборот алмашиб турадилар.
11-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан ушбу Битимга алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланадиган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Ушбу Битимни амалга оширишда Томонлар ўртасида келиб чиқадиган баҳс ва келишмовчиликлар музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
12-модда
1. Ушбу Битим Томонлар уни кучга киритиш учун зарур давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги хабарнома санасидан 30 кун ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати чекланмаган. Томонлардан ҳар бири дипломатик каналлар орқали бошқа Томонни ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан ёзма равишда хабардор қилиши мумкин. Ушбу Битим бошқа Томон ана шундай хабарномани олганидан олти ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
3. Ушбу Битим фаолиятининг тўхташи, агар Томонлар бошқача келишиб олмасалар, ушбу Битим доирасида амалга оширилиб, якунига етмаган ҳамкорлик мавзуларига дахл қилмайди.
Пекин шаҳрида, 1999 йил 8 ноябрда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ҳар хилликлар юзага чиқса, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)