Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳокимининг
Қарори
2013 йил учун мол-мулк ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш, уларга солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан шаҳар ҳудудидаги жисмоний шахслар тасарруфида бўлган мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллаш ҳамда белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тушумлар тушишини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексининг 272 — 277, 287 — 294, 370 — 375-моддалари ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. 2013 йилда мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллашни тўлиқ ва сифатли ўтказиш, уларга тегишли бўлган маълумотларни ваколатли идоралар томонидан Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекциясига тўлиқ тақдим этилишини таъминлаш мақсадида 2012 йил 1 ноябрдан 2013 йил 1 январга қадар «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даври этиб белгилансин.
2. Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекциясига:
солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврида шаҳар ҳудудидаги мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, уларга солиқ ҳисоблаш ва солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни қўллаш;
барча маҳаллаларда солиқларнинг аҳамияти, айрим тоифадаги жисмоний шахсларга солиқлардан имтиёзлар тўғрисида, 2013 йил учун тўланиши керак бўлган солиқларнинг муддатидан олдин тўланиши ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;
аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти юзасидан (маҳалла) фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиш юклатилсин.
3. Шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғини раислари, жамоат ташкилотлари, коммунал хўжалик бўлимлари, уй-жой мулкдорлар ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари жисмоний шахсларни рўйхатга олиш, ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга ундирилиши юзасидан шаҳар Давлат солиқ инспекцияси участка солиқ инспекторларига доимий равишда яқиндан амалий ёрдам бериш вазифаси юклатилсин.
4. «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даврини кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунларига асосан, давлат солиқ инспекцияси томонидан мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ҳамда тегишли имтиёзларни тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида;
Қарши шаҳар «Ер ресурслари, геодезия ва картография ва давлат кадастри» бўлими 2013 йил 1 февралга қадар шаҳар ҳудудида жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган мол-мулк объектлари, ер майдони миқдори ва уларнинг 1 январь ҳолатига инвентаризация қийматлари тўғрисидаги маълумотларни;
Қарши шаҳар бош архитектори 2013 йил 1 февралга қадар 2012 йилда фуқароларга шаҳар ҳудудида (тадбиркорлик, якка тартибда уй-жой қурилиши учун деҳқон хўжалиги ва бошқалар) 1 январь ҳолатига ажратилган ер майдонлари ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни;
Пенсия жамғармаси шаҳар бўлими 2013 йил 1 февралга қадар шаҳарда истиқомат қилувчи, I-II-гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлими 2013 йил 1 февралга қадар 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ва бошқа мавжуд маълумотларни;
Қарши шаҳар Санитария - эпидемиология назорати маркази «Ветеринария хизмати» белгиланган тартибда санитария рухсатномасини олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни;
Қарши шаҳар «Газтаъминот» идораси (Ш. Шакиров) ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан газ истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
Қарши шаҳар «Электртармоқлари» корхонаси ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан электр истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳудуддаги шахсий юк автотранспорт воситалари эгалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни шаҳар Давлат солиқ инспекциясига (маҳалла) фуқаролар йиғинлари кесимида 2013 йил 1 февралга қадар 1 январь ҳолати бўйича тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
5. Қарши шаҳар Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими 2013 йил 1 февралга қадар шаҳар ҳудудида 2011-2012 йилларда вафот этган фуқаролар тўғрисидаги шаҳар Давлат нотариал раҳбарлари эса 2012 йил давомида жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк ижара шартномаси тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб бориши тавсия этилсин.
6. Қарши шаҳар ҳокимлиги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қарши шаҳар бўлими, Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» ойлиги тадбирини ўтказишда фаол қатнашишлари ва жойларда участка солиқ инспекторлари билан жисмоний шахсларни солиқ органларида рўйхатга олиш тадбирларини ҳамкорликда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
7. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, Участка давлат солиқ инспектори ва «Ер ресурслари ва давлат кадастри» бўлими ходимлари билан биргаликда ҳисобга олинган солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотни далолатнома асосида расмийлаштириш топширилсин.
8. Мазкур қарор Қарши шаҳар ҳокимлигининг нашри «Насаф» газетасида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш. Холмуродов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. ТУРСУНОВ
Қарши ш.,
2012 йил 26 ноябрь.,
Х-880/11-сон