ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Гурлан тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг 2013 йил 28 январдаги 78-сонли «Тумандаги транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси, Гурлан туман ички ишлар бўлимининг 2012 йил 25 январдаги 279-сонли ёзишмасини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ транспорт воситаларининг 2012 йилдаги мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Тумандаги юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларининг 2012 йилдаги техник кўриги 1 йилда 1 маротаба (1 мартдан 1 июнгача), шунингдек, тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар 1 йилда 2 маротаба (1 мартдан 1 июнгача ва 3 сентябрдан 31 октябргача), жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 31 августгача ўтказилсин.
Ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган транспорт воситалари икки йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилсин, ушбу банднинг биринчи хатбошида қайд этилган, 1 йилда 2 марта техник кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган транспорт воситалари бундан мустасно.
1-2 иловалар берилмайди.
3. Тумандаги суғурта ташкилотларига Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш борасидаги ишларни ташкиллаштириш топширилсин.
4. Туман тиббиёт бирлашмаси (С.Шомуратов)га техник кўрик даврида ҳайдовчиларнинг тиббий ҳолатини текширишда, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси туман инспектори (Б.Матчанов)га транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган заҳарли газларни ўлчашда комиссия аъзоларига амалий ёрдам кўрсатсинлар.
5. Ушбу қарор туман ҳокимлигининг расмий нашри бўлган «Гурлан ҳаёти» газетаси орқали эълон қилинсин.
6. Транспорт воситаларини техник кўрикка жалб қилишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳига туман мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, туман Ички ишлар бўлими ходимлари ва жамоатчилик амалий ёрдам кўрсатсинлар.
7. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2011 йил 11 мартдаги 151-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Туман Ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳига автомототранспорт воситаларининг техник кўриги натижалари бўйича туман ҳокимлигига 2012 йил 10 ноябргача ёзма ахборот бериш вазифаси топширилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Авазов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи С. ЮСУПОВ
Гурлан т.,
2012 йил 17 февраль,
151-сон