Наманган вилояти ҳокимининг
Қарори
ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ 2012 ЙИЛ 10 МАРТДАГИ «ВИЛОЯТ ҲУДУДИДА ЖОРИЙ ҚИЛИНГАН МАҲАЛЛИЙ СОЛИҚЛАР ВА ЙИҒИМЛАРНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ ҲАМДА СТАВКАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ 97-СОНЛИ ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1675-сонли қарорига асосан қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимининг 2012 йил 10 мартдаги «вилоят ҳудудида жорий қилинган маҳаллий солиқлар ва йиғимларни ундириш тартиби тўғрисида»ги 97-сонли қарорининг 2-банди тўртинчи хатбошисига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вилоят ҳокимининг 2012 йил 10 мартдаги 97-сонли қарорининг 2-банди тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси йиғимининг ойлик ставкаси алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилишга ихтисослашган улгуржи шароб савдо базаларига қарашли савдо дўконлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 (беш) баробари, Наманган шаҳрида алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилувчи юридик шахслар учун 4 (тўрт) баробари, вилоятнинг қолган ҳудудларида 2 (икки) баробари миқдорида;»
3. Мазкур қарор Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.
4. Ушбу қарор «Наманган ҳақиқати» ва «Наманганская правда» газеталарида расман эълон қилинсин.
Ҳоким Б. ЮСУПОВ
Наманган ш.,
2012 йил 2 октябрь,
322-сон