Наманган вилояти ҳокимининг
Қарори
ВИЛОЯТДА ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ТРАНСПОРТИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 августдаги «Наманган шаҳрини 2009 — 2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури» тўғрисидаги ПҚ-1170-сонли қарори ижросини таъминлаш, вилоят аҳолисига кўрсатилаётган автотранспорт хизматини яхшилаш, йўловчи ташиш транспорти фаолиятини тартибга солиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасининг 2010 йил 20 октябрдаги 24/6-2622-сонли хатини, вилоят адлия бошқармасининг 2010 йил 18 ноябрдаги 01-03-2761-сонли хулосасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 25-моддаларига мувофиқ қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 августдаги «Наманган шаҳрини 2009 — 2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури» тўғрисидаги ПҚ-1170-сонли қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги оширилсин.
2. Мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб Наманган шаҳри ҳудудида йўналишли такси ва енгил такси сифатида фаолият кўрсатиш учун микроавтобуслар, «Дамас» ва шу турдаги бошқа автомобилларга йўналишдаги такси сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилиши тўхтатилсин.
2010 йил 1 декабрдан Наманган шаҳрида «Дамас» русумли ва бошқа енгил автомобиллар фаолияти режалаштириладиган йўналишдаги такси йўналишларини очиш тўхтатилсин.
3. Шаҳар атрофи ва вилоят ҳудудидаги шаҳарлараро йўналишларда йўловчи ташишни ташкил этиш ва очиқ тендерлар ўтказиш бўйича вилоят комиссияси раиси Б. Мамадаллиевга бир ҳафта муддатда Наманган шаҳар ҳокимлиги (И. Ботиров) «Ўзавтодарётранс» агентлиги Наманган ҳудудий бўлими (Ҳ. Бойдедаев) билан ҳамкорликда шаҳар йўналишларидан чиқарилган «Дамас» русумли автомобиллар ўрнига керакли миқдордаги замонавий автобусларни қўйиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, автобусларни йўналишларга бириктириш жадвалини тасдиқлаш топширилсин.
4. Наманган шаҳар ва Наманган тумани ҳокимликлари (И. Ботиров, Ж. Юлдашев)га бир ой муддатда Наманган шаҳрига шаҳар атрофи йўналишларидан қатновчи транспорт воситалари ҳаракатларини мувофиқлаштириш, йўловчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қурилиши режалаштирилган «Тахтакўприк», «Наманган», «Чортоқ», «Дўстлик», «Эшобод» автобошбекатларини қуриш ва фаолиятини ташкил қилиш истагини билдирган юридик шахсларни аниқлаш, Бош режага мувофиқ қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаб, автобошбекатларни 2010 йил 1 март кунига қадар қурилишини якунлаш вазифаси юклансин.
5. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Б. Мамадаллиев) ва «Ўзавтодарётранс» агентлиги Наманган ҳудуди бўлими (Ҳ. Бойдедаев) шаҳар ва туман ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддатда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида шаҳар ва туманлар аҳоли пунктларини Наманган шаҳри билан боғловчи автобус йўналишлари учун 2011 — 2015 йиллар давомида замонавий автобуслар харид қилиш бўйича муддатлари ва молиявий манбалари кўрсатилган дастур ишлаб чиқсинлар.
6. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Б. Мамадаллиев) ва Наманган шаҳар ҳокими (И. Ботиров) бир ой муддатда Наманган шаҳрида йўловчиларни йўналишсиз енгил такси автомобилларида ташишга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда квота асосида зарур транспорт воситалари сонини аниқлаб, йўловчи ташиш талаблари асосида жиҳозланган (юридик шахс номи кўрсатилган, шашка, ҳисоблагич ўрнатилган ва ҳ.к) енгил (йўналишсиз) такси автомобилларига лицензия берилишини таъминласинлар.
7. «Тўрақўрғоннефтбаза» (Ш. Файзиев) ҳамда «Уйчинефтбаза» (Ҳ. Дадабоев) унитар корхоналари «Наманган шаҳар йўловчи ташиш» Давлат унитар автокорхонасини ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан белгиланган тартибда узлуксиз равишда таъминлаш чораларини кўрсинлар.
8. Вилоят ҳокимлиги (Б. Мамадаллиев), вилоят Давлат солиқ бошқармаси Д. Файзуллаев), «Ўзавтодарётранс» агентлиги Наманган ҳудудий бўлими Ҳ. Бойдедаев), вилоят ИИБ ЙҲХБ (Т. Азимов) ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автотранспорт воситалари эгалари ва ҳайдовчиларига нисбатан ўрнатилган тартибда тегишли чоралар кўриб борилишини таъминласин.
9. Вилоят телерадиокомпанияси (М. Мақсудов), «Наманган ҳақиқати» (М. Парпиев), «Наманганская правда» (В. Бичурин) газеталари йўловчи ташувчи Транспорт воситаларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига яратилаётган қулайликлар тўғрисида кенг тарғибот ишларини (махсус рукнлар, давра суҳбатлари ва ҳ.к.) ташкил этсин.
10. Мазкур қарор «Наманган ҳақиқати», «Наманганская правда» газеталарида расман эълон қилинсин ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Б. Мамадаллиев зиммасига юклансин.
Ҳоким Б. ЮСУПОВ
Наманган ш.,
2010 йил 1 декабрь,
296-сон