Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг
Қарори
АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА «2012 ЙИЛДА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИШ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДАСТУРИ»НИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши таъкидлайдики, тасдиқланган дастурга асосан вилоятда жорий йилнинг январь — сентябрь ойлари давомида 63914 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 75237 та янги иш ўринлари барпо этилиб, дастур кўрсаткичи 117,7 фоизга бажарилди. Барча туманлар ва шаҳарларда белгиланган дастур топшириғи ортиғи билан бажарилди.
Дастур асосида ҳисобот даврида яратилган янги иш ўринларининг салмоқли қисми Андижон шаҳри (9,3 минг), Андижон (5.1 минг), Асака (7,4 минг) Қўрғонтепа (5,4 минг), Пахтаобод (4,5 минг) ва Шаҳрихон (5,6 минг) туманлари ҳиссасига тўғри келган. Жумладан:
1. Янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватларни янгилаш ҳисобига 2513 та (129.3%);
2. Кичик саноат корхоналари ва микрофирмаларни ташкил қилишда 28437 та (108,6%).
3. Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида 8005 та (108.6%).
4. Фермер хўжаликларини ривожлантириш соҳасида 10109 та (161,1%).
5. Барча йўналишлар бўйича уй меҳнатини ташкил қилиш ҳисобига жами 20703 та (120%).
Жумладан, бандликнинг энг самарали шаклларидан бўлган меҳнат шартномалари асосида касаначиликни ривожлантириш ҳисобига жорий йилнинг 9 ойида 4740 та касаначилик иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 537 та корхонада 4820 та режага нисбатан 101,7 фоиз янги иш ўринлари яратилди. Касаначилик иш ўринлари яратишда Андижон шаҳри, Асака, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Марҳамат туманларида ибратли ишлар ташкил этилган.
6. Ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш натижасида 4881 та (107,5%).
7. Ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш 589 та (172.5%) янги иш ўринлари яратилди.
Дастур ижросининг халқ депутатлари вилоят, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари доимий комиссиялари томонидан ҳар ойда муҳокама этиб борилиши йўлга қўйилди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг корхона, ташкилот ва муассасаларда бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан назорат-таҳлил фаолияти жонланган бўлсада, назорат-таҳлил ишлари манзилли рўйхат(сетевой график)га киритилган барча корхоналар қамраб олинмаган.
2012 йил Дастурига асосан вилоятда 2012 йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан жами 78 минг 364 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур Дастурнинг бажарилишини таъминлашда халқ депутатлари вилоят, шаҳарлар ва туманлар Кенгашлари доимий комиссияларининг ҳудудларда маҳаллий ижро органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш талаб этилади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси М. Мирзаевнинг Андижон вилоятида «2012 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури»ни тасдиқлаш тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. «2012 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Дастурга асосан вилоятда 2012 йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан жами 78 минг 364 та янги иш ўринлари яратилиши, жумладан;
Янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ҳамда мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига 2575 та.
Кичик саноат корхоналари ва микрофирмаларни ташкил қилиш — 32900 та; шундан:
кичик саноат корхоналари ҳисобига — 3784 та,
қурилиш-пудрат ишларини кенгайтириш, жумладан уй-жой қурилиши ва таъмирлаш ҳисобига — 6300 та. Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш 9214 та.
Барча йўналишлар бўйича уй меҳнатини ташкил қилиш ҳисобига жами 19956 та, шу жумладан, меҳнат шартномаси асосида корхоналарда касаначилик иш ўринлари 4663 та, фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 4448 та, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига 6000 та, ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш 758 та янги иш ўринлари барпо этилиши белгилансин.
3. Халқ депутатлари туман(шаҳар) Кенгашлари мазкур қарорнинг ҳудудларда ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб бажарилишини назоратга олсин.
4. Вилоят, туман(шаҳар) Кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари ҳамда туман(шаҳар) кенгашлари депутатлари ўз сайлов округларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда корхона, ташкилот ва муассасаларда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ўз вақтида бажарилишини таъминлаш устидан мунтазам назорат-таҳлил фаолияти олиб борсин.
5. Вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси (С. Юсуфов), иқтисодиёт Бош бошқармаси (Б. Ниёзматов) вилоят статистика (В. Новик) билан биргаликда ишчи ўринлари яратиш бўйича статистик маълумотларни жамлаш ва халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳар ойда киритиб бориш топширилсин.
6. Вилоят телерадиокомпанияси (А. Исақов), «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари (А. Даминов)ларга иш ўринларини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш дастурининг ижросини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси М. Мирзаев зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг раиси А. Усманов
Андижон ш.,
2011 йил 16 ноябрь,
77/13-4-сон