Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг
Қарори
ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИНИ 2011-2012 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА БАРҚАРОР ИШЛАШИНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Муҳтарам Президентимизнинг 2011 йил 11 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2011-2012 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1575 сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондини 2011-2012 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида вилоят ҳокимининг 2011 йил 17 июлдаги 169-қ сонли қарори қабул қилиниб, уни амалга ошириш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоят бўйича жами 1494 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, шундан жорий йилда 121 та уй-жой капитал таъмирланиши, (шу жумладан Андижон шаҳрида 71 та ва Хонобод шаҳрида 24 та) қолган 1190 та уйларни жорий таъмирланиши режалаштирилган.
Андижон ва Хонобод шаҳарларидаги 1991 йилгача қурилган 95 та кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш учун умумий қиймати 1 млрд 766 млн сўмлик манзилли рўйхат тасдиқланиб, шу кунгача таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят маҳаллий бюджетининг даромадларни орттириб бажарилган қисмидан 1 млрд 240 млн сўм маблағ ажратилди. Шу кунгача пудрат корхоналари томонидан 1 млрд 663 млн сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва белгиланган кўп қаватли уй-жойларда таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштириляпти.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев раислигида ўтказилган республика селектор йиғилишида капитал таъмирлаш ишлари якунланган кўп қаватли уйларни жамоатчилик комиссиялари томонидан қабул қилиб олиш юзасидан берган топшириқлар аҳоли томонидан маъқулланди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш учун капитал таъмирланган кўп қаватли уйлар вилоят ҳокимлиги қошида «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Т.Т. Топволдиев раислигида, «Хотин-қизлар қўмитаси», «Маҳалла хайрия» «Камолот» ЁИҲ, вилоят молия, назорат-тафтиш бошқармалари, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг мутасаддиларидан иборат таркибда тузилган жамоатчилик кенгаши томонидан ҳар бир кўп қаватли уй алоҳида кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф қилингандан сўнг қабул қилиниши йўлга қўйилган. Шунингдек, туманларда таъмирланиши белгиланган 26 та кўп қаватли уйларнинг барчасида 247 млн сўмлик таъмирлаш ишлари ҳомийлар ёрдамида якунланган.
Ҳозирги кунгача иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаси, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича белгиланган 2,6 км иссиқлик тармоқлари ўрнига 3,5 км (134%), 7 та қозон ўрнига 8 та (114%), 17 та болалар боғчаларидан 17 таси (100%), 1326 км. электр тармоқларидан 1341 км (101%), 486 та трансформаторлардан 486 таси (100%), 63.6 км совуқ сув тармоқлари ўрнига 66,5 км (105%), 20,6 км газ тармоқларидан 16 км (78%) мукаммал таъмирланган. Мактабларга солиниши керак бўлган 2012 кв. метр ойна ўрнига амалда 2025 кв. метр ойна (101%) солинди, 93 та қозонхона ўрнига 95 таси (102%), 26 та қозонлар ўрнига 42 таси (162 %), 53 та касалхоналар ўрнига 66 таси (125%), 1760 та подстанциялар ўрнига 1777 таси (101%) жорий таъмирланди. 6139 та газ тақсимлаш шоҳобчалари тўлиқ (100%) тафтишдан ўтказилди.
Вилоят бўйича 1991 йилгача қурилган уй-жойларни 1190 таси жорий таъмирланиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг барчасида жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. 2011-2012 йил куз-қиш мавсуми учун белгиланган 121,4 минг тонна кўмирдан 114,5 минг тоннаси ёки 94 фоизи ташиб келинган. Андижон вилоятига 2011-2012 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва бюджет ташкилотлари учун қўшимча равишда 114 минг 500 тонна кўмир етказиб бериш белгиланган.
Жорий йилнинг 9 ноябрь ҳолатига аҳолига белгиланган 100 минг тонна кўмирдан 32 минг 497 тонна кўмир олиб келиниб, 30,5 минг тоннаси аҳолига тарқатилган. Шунингдек ижтимоий соҳа муассасаларига 4338 тонна, шу жумладан 3583 тонна вилоят халқ таълими бошқармасига ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармасига 755 тонна етказиб берилган.
Етказиб бериладиган кўмирни аҳолига сотиш тизимининг барча босқичларида ўзгармас нархлар бўлишини таъминлаш мақсадида вилоят монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси, вилоят назорат-тафтиш бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан махсус ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, ишчи гуруҳлар томонидан кунлик назорат ишлари олиб борилмоқда.
2011-2012 йиллар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари, бюджет муассасалари ҳамда аҳолини табиий газдан кўмирга ўтказиш долзарблигини тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича вилоят махсус ишчи гуруҳи аъзолари, корхона, ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари (оқсоқоллари) иштирокида шаҳарлар ва туманларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги томонидан куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир ёқилғисини етказиб бериш, табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси бўйича қатъий назорат олиб борилмоқда.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Вилоят ҳокимининг саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Шералиев ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси З. Юлдашеваларнинг «Вилоят иқтисодиёт тармоқларини 2011-2012 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашни таъминлаш чора-тадбирларининг бажарилиши тўғрисида»ги ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари ва туман(шаҳар)лар Кенгашлари раислари ўн кун муддатда туман(шаҳар)даги иқтисодиёт тармоқларини 2011-2012 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашни таъминлаш чора-тадбирларининг бажарилиши бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишларни доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама этсин.
3. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари раисларига:
шаҳар, туман қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган куз-қиш мавсумини ўтказиш штаблари таркибига маҳаллий Кенгашлар депутатларини киритиш, малакали ва фидойи мутахассислар билан тўлдириш, уларни тўлақонли ишлашини таъминлаш;
ҳар куни ўтказиладиган штаб йиғилишларида маҳалла фуқаролар йиғинларининг йўналишлар бўйича маслаҳатчиларини ҳам иштирокини таъминлаш;
ҳар бир кўп қаватли уй ва ижтимоий соҳа муассасаларида куз-қиш мавсумини ўтказиш бўйича масъулларнинг фаолияти устидан маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
2011 йил 1 ноябрдан бошлаб 2012 йил 1 мартигача шаҳар ва туман, маҳалла штабларида узлуксиз равишда навбатчиликлар ташкил этиш учун барча зарур чораларни амалга ошириш;
туман(шаҳар) «Маҳалла» жамғармаси билан биргаликда аҳолига кўмир ёқилғиси етказиб берилишини доимий назоратга олиш, бунда газлашмаган, табиий газ таъминоти қониқарсиз бўлганлиги учун тармоқдан узилган ҳудудларга кўмир ёқилғиси етказиб берилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
туман(шаҳар) штаблари аъзолари ўз ҳудудларида жойлашган ҳар бир газ тақсимлаш шкафи, электр трансформатори, газ, сув, электр, иссиқлик тармоқлари ва бошқа ускуналарни тўлиқ хатловдан ўтказилганлиги, жавобгар шахслар бириктирилганлиги, ташқи иситиш тармоқларини изоляция қилинганлиги ҳамда бунда жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан жамоат назоратини амалга оширилишига эътиборни кучайтириш топширилсин.
4. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Д. Раҳматуллаевга кўмир билан таъминланмаган мактабгача тарбия муассасалари ва мактабларда жорий йил 1 декабргача кўмир захирасини яратишни таъминлаш топширилсин.
5. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Матбуот гуруҳи (А. Абдуллаев):
вилоят телерадиокомпанияси (А. Исоқов), «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари (А. Даминов) билан биргаликда вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кенг ёритиб борилишида ҳамкорликда иш ташкил этсин;
вилоят ҳокимлиги саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти билан биргаликда ҳар ҳафтада вилоят телевидениесида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ёритиш бўйича шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарларининг ҳисобот беришларини ташкил қилсин;
маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича иқтисодиёт тармоқларини 2011-2012 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашни таъминлаш чора-тадбирларининг бажарилишидаги иштирокини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини ташкил этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси З. Юлдашева зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг раиси А. УСМАНОВ
Андижон ш.,
2011 йил 16 ноябрь,
78/13-4-сон