Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҲАРБИЙ ПРОКУРАТУРАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровуллик қўшинлари Бош бошқармалари ҳамда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округлари ташкил этилганлиги муносабати билан ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, ҳарбий идораларда ва вазирликлар ҳамда идораларнинг ҳарбийлаштирилган таркибий бўлинмаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан прокурор назоратининг тўлалиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида:
1. .Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ҳарбий прокуратураси негизида мавжуд лавозимлар сони ва меҳнат ҳақи фонди доирасида Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий прокуратураси ташкил қилиниб, унинг таркибида ҳарбий округларнинг тўртта ҳарбий прокуратураси тузилсин.
Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси раҳбарияти таркибига Бош прокурорнинг ўринбосари — Ўзбекистон Ҳарбий прокурори лавозими қўшимча равишда киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг тузилмаси 1, 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар келтирилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикасининг Прокуратураси (У. Худойқулов) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий прокуратураси тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (С. Мирсафоев) Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси (У. Худойқулов) билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Ҳ. Турсунов) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ва унинг таркибий бўлинмаларини зарур молиявий, моддий-техникавий жиҳатдан таъминласин, шахсий таркибнинг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми ҳамда пул ва бошқа таъминотнинг барча турлари сақлаб қолинсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Носиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 30 март,
ПФ-2277-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 3-сон, 81-модда; 2016 й., 32-сон, 387-модда)