Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
САРЕЗ КЎЛИ ТОШИБ КЕТГАН ТАҚДИРДА БИРГАЛИКДА КЎРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ҲАМДА ЎЗ ВАҚТИДА ХАБАРДОР ҚИЛИШДА КЎМАКЛАШИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
ўз давлатларининг халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга интилиб,
Сарез кўли тошса ёки тошиш хавфи туғилса, бунинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш иккала давлатнинг фаровонлиги ҳамда бехатарлигига кўмаклашишини эътироф этиб,
Сарез кўлининг тошиши ва бунинг оқибатида сув тошқини фалокатига учраган улкан зонанинг юзага келиши иккала мамлакат учун нақадар хавфли эканини англаб,
ўз давлатлари экологик тизимларининг ўзаро боғлиқ эканлиги Томонлар ўртасида трансҳудудий фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва бартараф этиш борасида баҳамжиҳат сиёсат олиб боришни тақозо этишидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1 -модда
Томонлар Сарез кўли тошиб кетиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган экологик фалокат кўламини камайтириш мақсадида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
ишончли кузатув ҳамда ошиғич хабар бериш тизимини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича;
рўй бериши мумкин бўлган фалокатнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган органлар ва бошқарув тизимларининг, куч ҳамда воситаларнинг ҳамиша шай эканлигини аниқлаш бўйича.
2-модда
Атамалар
Атамалар
Ушбу Битимда атамалар қуйидаги маънода қўлланади:
«сўраётган Томон»— бошқа Томонга Сарез кўлининг ҳолати тўғрисида ахборот беришни сўраб мурожаат қилган Томон;
«тақдим этувчи Томон» — бошқа Томоннинг Сарез кўлининг аҳволи тўғрисида ахборот беришни сўраб қилган илтимосини қондирувчи Томон;
«алоқа маъмурияти» — Томонлар телекоммуникацияси соҳасида давлат бошқарувининг махсус ваколатли органлари;
«фавқулодда вазият» — одамларнинг қурбон бўлишига, кишилар саломатлиги ва атрофдаги табиий муҳитнинг издан чиқишига, хийла катта моддий зиён кўриш ва одамларнинг меҳнат шароитининг бузилишига сабаб бўладиган ёки сабаб бўлган фалокат, хавфли табиий ҳодиса, ҳалокат, табиий ва бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган вазият;
«фавқулодда вазиятнинг олдини олиш» — олдиндан ва фавқулодда вазиятлар келиб чиқиш таваккалчилиги хавфини максимум даражада камайтиришга, шунингдек одамлар соғлиғини сақлаш, атроф муҳитга етадиган зиён ҳамда моддий зарар хавфини камайтиришга йўналтирилган тадбирлар мажмуи,
«фавқулодда вазиятларни бартараф этиш» — фавқулодда вазият юз берганида ўтказиладиган ва одамлар ҳаётини, уларнинг соғлиғини сақлаш, атроф муҳитга етадиган зиён ва моддий зарар кўламларини камайтириш, шунингдек фавқулодда вазият зонасини кичрайтириш, унга таҳдид соладиган омиллар фаолиятига чек қўйишга йўналтирилган авария-қутқарув ишлари ва бошқа тезкор тадбирлар;
«фавқулодда вазият зонаси» — фавқулодда вазият юзага келган ҳудуд.
3- модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Қуйидагилар ушбу Битимни бажаришда Томонларнинг ваколатли органи ҳисобланади:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Тожикистон Томонидан — Тожикистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Бошқа ваколатли орган тайинланса, Томонлар бир-бирига дипломатик каналлар орқали бу тўғрида хабарнома йўллайдилар.
4- модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Томонларнинг ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлиги қуйидагиларни кўзда тутади:
кузатув ва шошилинч хабар қилишнинг ишончли локал тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
Сарез кўли тошиб кетиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларнинг деформацион, сейсмологик ва гидрометеорологик мониторингини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;
Сарез кўли тошиб кетиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятни тахминлаш, Сарез кўли табиий тўғонини биргаликда мониторингини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;
Сарез кўли тошиб кетишининг атроф муҳит ва аҳоли учун хавф туғдиришини баҳолаш юзасидан ўзаро ахборот алмашиш;
Сарез кўли муаммоларига оид илмий тадқиқот лойиҳаларини биргаликда режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-техникавий адабиёт ҳамда тадқиқий иш натижаларини алмашиш;
биргаликда конференциялар, семинарлар, иш кенгашлари, машғулот ҳамда машқлар ўтказиш;
қўшма публикация ва маърузалар тайёрлаш;
Томонлар ваколатли органларининг ҳамжиҳат ишлашини таъминлаш;
Тақдим этувчи Томоннинг Сарез кўли тошиб кетиши ва фавқулодда вазиятнинг юзага келиш хавфи тўғрисида ўз вақтида сўраётган Томонни хабардор қилишини ташкил этиш;
сув босиши эҳтимол бўлган жойларда хабар беришнинг локал тизимларини барпо этиш тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш;
Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида келишилган ҳолда фуқаролик ҳимояси (мудофааси) ҳамда Сарез кўлининг тошиб кетиши ёки тошиши хавфи туфайли юзага келадиган фавқулодда вазиятнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги бошқа фаолият.
5- модда
Ташкилотлар ва муассасалар ўртасида ҳамкорлик
Ташкилотлар ва муассасалар ўртасида ҳамкорлик
Зарур ҳолларда Томонлар Сарез кўли муаммоларига алоқадор фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хабар бериш ва бартараф этиш соҳасида фаолият юритаётган давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
6- модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
Ушбу Битимни бажариш юзасидан тадбирларни амалга ошириш учун Томонларнинг ваколатли органлари Сарез кўли муаммоларига боғлиқ фавқулодда вазиятнинг олдини олиш ва ўз вақтида хабар бериш соҳасида ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссия тузадилар, унинг таркиби, вазифалари ва иш тартибини белгилайдилар.
7- модда
Вакилларни қабул қилиш шартлари
Вакилларни қабул қилиш шартлари
Агар Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, бошқа Томоннинг ушбу Битимда кўзда тутилган фаолиятда иштирок этиш учун ва фавқулодда вазиятларни тугатишга бевосита боғлиқ бўлмаган вакилларини қабул қилувчи Томон уларнинг ўз давлати ҳудудида бўлиши ва юриши харажатларини кўтаради. Қабул қилувчи Томон давлати ҳудудига ва унинг ҳудудидан қайтиб келиш харажатларини юборувчи Томон тўлайди.
8-модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
Тожикистон Томони ҳар ҳафта, Сарез кўли минтақасида фавқулодда вазият юзага келган ҳолда эса аҳвол ва Фавқулодда вазиятнинг келиб чиқиш факти тўғрисида шошилинч ахборотни Ўзбекистон Томонига тақдим этади.
Ахборот Томонларнинг ваколатли органлари линияси орқали узатилади.
Томонларнинг ваколатли органлари Сарез кўлининг тошиб кетишига боғлиқ равишда фавқулодда вазият таҳдид солган ва юзага келганда хабар бериш ҳамда кундалик фаолият тартиби тўғрисида қўшма йўл-йўриқ ишлаб чиқадилар.
Томонлар Сарез кўли теварагидаги вазиятга оид ахборотни бир-бирларига сўров бўйича ҳам, ўз ташаббусларига кўра ҳам тақдим этадилар.
9-модда
Халқаро алоқанинг симли ва радиоканалларидан фойдаланиш
Халқаро алоқанинг симли ва радиоканалларидан фойдаланиш
Сарез кўлининг тошиб кетиш хавфи юзага келса, Томонларнинг ваколатли органлари аҳолини махсус автоматлаштирилган хабар бериш тармоғини барпо этиш ва зарурат туғилса Томонларнинг магистрал ҳамда зоналар ичидаги ижарага олинган маъмурий алоқа каналларидан қисман фойдаланиш орқали хабардор қилиш чораларини кўрадилар.
10 модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
Томонлар давлатларининг қонунларига биноан ошкор қилинмайдиган ахборотдан ташқари, ушбу Битим доирасида олинган ахборот, агар Томонларнинг ваколатли органлари ёзма равишда бошқача келишган бўлмасалар, эълон қилинади ва ундан оддий амалиёт ҳамда Томонлардан ҳар бирининг кўрсатмасига мувофиқ фойдаланилади.
11-модда
Баҳсларни ҳал этиш
Баҳсларни ҳал этиш
Ушбу Битимни талқин этиш ва қўллаш юзасидан келиб чиққан баҳслар Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
12-модда
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва унинг таркибий қисми ҳисобланади.
13-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битимнинг муддати чекланмаган. Томонлардан ҳар бири ёзма равишда хабар бериб унинг фаолиятини тўхтатиши мумкин.
Ушбу Битимнинг фаолияти Томонлардан бири унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарордан хабардор қилинган санадан олти ой ўтгач тўхтатилади.
Ушбу Битим фаолиятининг тўхтатилиши, агар Томонлар бошқача келишган бўлмасалар, унга мувофиқ амалга оширилаётган, бошланган, аммо унинг амал қилиши тўхтатилгунича якунланмаган фаолиятга дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида, 2000 йил 30 майда икки нусхада, ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)