LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бориши шуни кўрсатмоқдаки, қатор хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг боқимандалик кайфияти, масъулиятсизлиги ва ташаббуссизлиги, шартнома мажбуриятларининг бузилиши корхоналарни иқтисодий ночорлик ва банкротликка олиб келмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хўжалик судлари иқтисодий беқарор хўжаликларга нисбатан муросасозликка йўл қўймоқдалар, мазкур корхоналарнинг мансабдор шахсларини қонунда белгиланган жавобгарликка тортмаяптилар. Хўжасизлик ва пул маблағларини беҳуда сарфлаш, улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига хўжалик низоларини кўриб чиқишда етарли баҳо берилмаётир. Судлар корхоналарни банкротликка олиб келувчи дебитор-кредитор қарзларининг юқорилиги ҳамда зарар кўриб ишлашнинг сабабларини етарли даражада ўрганмаяптилар ва аниқламаяптилар. Етказилган мулкий зарарни айбдор мансабдор шахслар ҳисобидан ундириш юзасидан аниқ чоралар кўрилмаяпти.
Натижада, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари томонидан жавобгарликни ҳис этмаган ҳолда ўзибўларчилик, совуққонлик ва хизмат мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўйилиши давом этмоқда. Бундай ҳолатга ортиқ тоқат қилиб бўлмайди ва кескин чоралар кўрилиши талаб қилинади.
Корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий ночорлиги учун хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтириш, шартномаларнинг ўз вақтида тузилиши ва уларга белгиланган мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида:
1. Хўжалик судлари фаолияти республикада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар талабларига етарли даражада жавоб бермаётир деб топилсин.
Қонун бузувчиларга нисбатан муросасозлик қилишдек номақбул амалиёт, айрим судлар томонидан иқтисодий низоларни кўришга юзаки ёндошиш, аксарият ҳолларда уларнинг фаолиятида йўл қўйилаётган сансалорлик ва расмиятчилик ҳолатлари қоралансин.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ-5187-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 980-модда)
2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларига, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига:
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ-5187-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 980-модда)
иқтисодий низоларни кўриш жараёнида жиноят аломатлари аниқланган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун прокурорга хабар бериш.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ-5187-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 980-модда)
иқтисодий ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш;
пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланмаслик, тўлов интизомини бузганлик, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ва корхоналарни банкротлик даражасигача олиб келганлик учун хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларини ва бошқа ходимларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишга қадар бўлган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли органларга тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Таъкидлаб ўтилсинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз фаолиятида хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузиш ва шартнома мажбуриятларини бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда уни ташкил қилиш масалаларида пала-партишликка ва ноизчилликка йўл қўйиб сусткашлик қилмоқда.
хўжалик юритувчи субъектлар, энг аввало, уларнинг мансабдор шахслари шартнома интизомини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонунчиликда белгиланган чораларни қўлланиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда бу ишда расмиятчилик ва ҳуқуқий саводсизликка барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди билан ўн кунлик муддат ичида шартномалар, шу жумладан қишлоқ хўжалигида контрактация шартномаларини тузиш ва ижро қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, шартнома мажбуриятларини бажаришнинг аҳволини мунтазам ўрганиш ва хўжалик субъектларининг жавобгарлигини ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш талаб қилинсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун шахсан жавобгардирлар. Пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланилмаганлиги, тўлов интизомининг бузилиши, шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги ва корхоналарни банкрот бўлиш даражасигача етказиш кўрсатиб ўтилган шахсларни қаттиқ жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликкача тортишга олиб келади.
5. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси хўжалик субъектлари томонидан қонунларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтирсин, корхоналарни иқтисодий ночорликка, банкротликка олиб келганлиги ва шартнома мажбуриятларининг лозим даражада бажарилмаганлиги учун мансабдор шахсларни қаттиқ жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, судларга даъво аризалари тақдим этишни жадаллаштирсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ойлик муддат ичида қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрласин ва мазкур Фармоннинг бажарилиши бўйича қарор қабул қилсин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 мартдаги 177-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида»ги 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1938-сон Фармонининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори.