Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 февралдаги ПҚ-3550-сонли «Тендер, лойиҳа, лойиҳа олди ҳужжатлар ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Хорижий сармоя иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга расмиятчилик билан ёндашишни ва сансалорликни бартараф этиш, уларни танлаб олиш ва амалга ошириш механизмини тартибга солиш, шунингдек, келишиб олиш ва тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар бериш тартибларини соддалаштириш мақсадида:
1. Белгилансинки, хорижий инвестициялар жалб қилинган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳаларни рўёбга чиқариш давлат инвестиция сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади ва унинг мониторинги давлат томонидан олиб борилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти давлат инвестиция сиёсати амалга оширилишини ташкил этувчи ягона ваколатли ва масъул орган ҳисобланади, унинг қарорлари инвестиция жараёнининг барча қатнашчилари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 15 январдаги ПФ-3194-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 1-2-сон, 3-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментига хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар амалга оширилиши устидан давлат мониторингини ташкил этиш юклансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 15 январдаги ПФ-3194-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 1-2-сон, 3-модда)
4. Қуйидагилар Инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши устидан давлат мониторингининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг барча босқичларида уларга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўриш;
инвестиция фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш;
мавжуд расмиятчилик тўсиқларини, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ турли масалаларни кўриб чиқиш муддатларини тартибга солиш йўли билан бартараф этиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида кредитларни жалб қилган ҳолда хорижий сармоя иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
қўлланиладиган технологиянинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги, техник даражаси ва нархига кўра рақобатбардошлилигини умумий баҳолаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигида ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 20 сентябрдаги ПФ-3661-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 37-38-сон, 282-модда)
иқтисодий самарадорлиги ва ўзини ўзи қоплашини, маблағ билан таъминлаш схемасини баҳолаш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ва ваколатли банкларда бир йўла экспертизадан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Алоҳида йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим объектлар бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар бевосита Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментида экспертизанинг ваколатли органлари ҳамда юқорида кўрсатилган вазирликлар ва идоралар жалб қилинган ҳолда кўриб чиқилади ва келишиб олинади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 15 январдаги ПФ-3194-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 1-2-сон, 3-модда)
7. Белгилансинки, хорижий сармоя иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлашнинг белгиланган тартиби ва муддатлари бузилиши учун вазирликлар, идоралар ва республиканинг тегишли тузилмалари раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.
8. Корхоналарнинг ўз маблағларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари юқорида кўрсатилган экспертизадан ўтказилмайди.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва келишиб олиш бўйича идоравий норматив ҳужжатларни текшириб чиқсин ва улар мазкур Фармон талабларига мувофиқлаштирилиши устидан назорат ўрнатсин.
10. Мазкур Фармоннинг сўзсиз бажарилиши устидан жавобгарлик Бош вазир Ў. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 9 февраль,
ПФ-1924-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 40-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 3-модда; 2005 й., 37-38-сон, 282-модда)