Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ЎРТАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1992 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида Шартномага, 1998 йил 12 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида 1998—2007 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Шартномага, шунингдек бошқа икки томонлама шартномаларга амал қилиб,
халқаро ҳуқуқ, тенглик, яхши қўшничилик ва ўзаро фойда тамойиллари асосида ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида,
иқтисодий, илмий-техникавий, инсонпарварлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон—Россия ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш заруратини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузадилар (бундан кейин Комиссия).
2- модда
Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва инсонпарварлик ҳамкорлигини ривожланишига кўмаклашиш;
Ўзбекистон—Россия ҳамкорлигининг аҳволини таҳлил қилиш, унинг устувор йўналишларини ва ўзаро ҳаракат шаклларини мукаммаллаштириш йўлларини аниқлаш;
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида тузилган халқаро шартнома ва бошқа икки томонлама келишувларнинг, жумладан Комиссия йиғилишларида қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини назорат қилиш;
икки томонлама давлатлараро, ҳукуматлараро ва муассасалараро лойиҳаларни тайёрлаш бўйича Томонлар давлатларининг вазирлик, муассаса ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва инсонпарварлик ҳамкорлигининг дастурларини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш, шунингдек уларни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш;
Комиссия йиғилишларини тайёрлаш ва ўтказиш.
3-модда
Комиссия, зарурат бўлган ҳолда, икки томонлама ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари бўйича унинг раҳбарлигида ўз фаолиятини амалга оширадиган кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳларини ташкил қилиши мумкин.
Мунтазам йиғилишлар, шунингдек кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг ўзаро маслаҳатлашишлари Комиссия ишининг асосий шакли бўлиб ҳисобланади.
Комиссия фаолиятининг ишчи тили бўлиб рус тили ҳисобланади.
Комиссия ишининг тартиби Комиссия йиғилишларида белгиланади.
Комиссия қарорлари консенсус асосида қабул қилинади ва Комиссия йиғилишининг баённомаси имзоланган санадан бошлаб кучга киради. Томонлар давлатларини ваколатли органларининг маъқуллаши талаб қилинадиган қарорлар Томонлар уларнинг маъқуллашлари тўғрисида ёзма равишдаги хабарномани олган санадан бошлаб кучга киради.
4- модда
Комиссия иккита миллий қисмдан — Ўзбекистон қисмидан ва Россия қисмидан иборат бўлади.
Комиссияга Ўзбекистон ва Россия қисмларининг раислари бошчилик қиладилар. Комиссия миллий қисмларининг раислари ва таркибини Томонлар ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ тасдиқлайдилар.
5- модда
Комиссия йиғилишлари одатда бир йилда камида икки марта навбатма-навбат Ўзбекистон Республикасида ва Россия Федерациясида ўтказилади. Комиссия навбатдаги йиғилишининг кун тартиби унинг аввалги йиғилишида олдиндан мувофиқлаштирилади ҳамда Томонлар тарафидан Комиссиянинг навбатдаги йиғилишидан камида бир ой илгари батамом аниқлаштирилади.
Зарурат бўлган ҳолда, ўзаро келишувга кўра, Комиссия миллий қисмларининг раислари Комиссиянинг навбатдан ташқари йиғилишларини чақиришлари, Комиссия миллий қисмлари раисларининг ишчи учрашувларини ўтказишлари мумкин.
Комиссия ва унинг органларининг йиғилишларини тайёрлаш ҳамда уларда иштирок этиш учун ҳар бир Томон ўз давлатининг эксперт ва маслаҳатчиларини, шунингдек тадбиркор доираларининг вакилларини жалб этиши мумкин.
Кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг йиғилишлари зарурат бўлган ҳолда ўзаро келишув асосида чақирилади.
6- модда
Йиғилишларнинг ахборот таъминоти, Комиссия материаллари ва ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда тарқатиш, шунингдек қабул қилинган қарорлар бажарилиши устидан кейинчалик назорат қилиш Комиссия миллий қисмларининг масъул котибларига юкланади.
Шу мақсадда масъул котиблар бир-бирлари билан доимий иш алоқасида бўладилар ва, зарурат бўлган ҳолда, Комиссия йиғилишлари орасидаги даврда учрашадилар.
7-модда
Комиссия йиғилишларида, Комиссия миллий қисмлари раисларининг учрашувларида, кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг йиғилишларида иштирок этиш учун делегацияларни юбориш билан боғлиқ харажатлар юборувчи Томон ҳисобидан молиявий таъминланади.
Комиссия йиғилишлари, Комиссия миллий қисмлари раисларининг учрашувлари, кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг йиғилишларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар давлати ҳудудида йиғилиш ўтказилаётган Томон маблағлари ҳисобидан молиявий таъминланади.
Комиссия йиғилишини ва Комиссия миллий қисмлари раисларининг учрашувини ўтказиш тўғрисидаги қарорни Томонлар ҳар бир алоҳида ҳолда қабул қиладилар.
Ҳамроҳлик қилувчиларни киритган ҳолда делегациялар аъзоларининг умумий сони Комиссия миллий қисмлари раислари томонидан белгиланади ҳамда, одатда, ҳар бир томондан Комиссия йиғилишида иштирок этиш учун 20 кишидан ва Комиссия миллий қисмлари раисларининг учрашувида иштирок этиш учун 10 кишидан ошмаслиги керак.
8- модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
9- модда
Ушбу Битимни талқин ёки татбиқ қилишда юзага келадиган баҳсли масалалар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
10- модда
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан ҳеч бири Битим амал қилишининг туташидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга ёзма равишда хабарнома юбормаса, ушбу Битимнинг амал қилиши кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Москва шаҳрида 2001 йил 4 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)