Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
АҲОЛИНИ АНИҚ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ИЖТИМОИЙ МАДАД БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ-ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ РОЛИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ролини янада ошириш, унинг аниқ йўналтирилишини кучайтириш, ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда ушбу органларнинг ваколатларини ва масъулиятини кенгайтириш мақсадида, шунингдек муҳтож оилаларга аниқ йўналтирилган ижтимоий мадад кўрсатиш борасида тўпланган ижобий тажрибани эътиборга олиб:
1. 1999 йил 1 мартидан бошлаб аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги чора-тадбирлар билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилсин:
ишламайдиган оналарга боласи икки ёшга етгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш;
ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерларни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш.
Белгилаб қўйилсинки, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан аҳолига ижтимоий мадад кўрсатиш чоғида ижтимоий адолат тамойилларига, қарорлар қабул қилиш чоғида ошкораликка, мададнинг аниқ йўналтирилишига риоя этиш ҳамда боқимандаликка йўл қўймаслик, шунингдек ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш асосий шартлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йилги бюджетларини шакллантириш чоғида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ушбу бандда кўрсатилган тўловларни амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратиб берилишини кўзда тутсин.
2 Ўзбекистон Республикаси Халқ банки фуқароларнинг юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган ўзини-ўзи бошқариш органлари учун «Ишламайдиган оналарга боласи икки ёшга етгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақалар» ва «Ёлғиз пенсионерларини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш» махсус илова ҳисобварақларини очсин
3. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари зиммасига коммунал хизмат корхоналари билан биргаликда фуқароларнинг Халқ банки муассасалари орқали белгиланган тартибда ҳисоб-китобларни амалга оширган ҳолда фойдаланиш сарф-харажатлари ҳамда коммунал хизматларига тўлиқ ва ўз вақтида ҳақ тўлашларини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш вазифаси юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Коммунал хизмат вазирлиги ўй-жой-коммунал хизматлар ҳақини аҳоли тўлиқ тўлашини таъминлаганлик учун фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини рағбатлантириш тизимини жорий этиб, бунда қуйидагиларни кўзда тутсинлар:
фойдаланиш сарф-харажатлари ва коммунал хизматлар учун тўловларнинг белгиланган тушумлари 100 фоиз таъминланган тақдирда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ана шу тушумлар суммасининг 20 фоизи ажратилади;
тушумларнинг 75 фоиздан кўпроғи таъминланганда эса фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига тушумлар суммасининг 10 фоизи ажратилади.
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ушбу маблағларни уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш учун таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, шунингдек маҳаллалар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларни ободонлаштириш ишларини ўтказиш учун мақсадли фойдаланишга йўналтириш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ўз маблағлари ҳамда жалб этилган маблағлар ҳисобидан, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари ҳисобидан моддий мададга муҳтож бўлган ёш оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимликлари зиммасига ижтимоий имтиёзларни тайинлаш чоғида ошкоралик ва ижтимоий адолат тамойилларига риоя этилиши, шунингдек фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан маблағлар қатъиян аниқ мақсад йўлида фойдаланилиши устидан доимий назоратни таъминлаш вазифаси юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Матбуот давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзтелерадио компанияси, оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари зиммасига юкланган янги юмушлар ҳамда вазифалар тўғрисида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борсинлар, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти тўғрисида ахборот бериб борсинлар.
7. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 13 январь,
ПФ-2177-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 36-модда; 2001 й., 4-сон, 69-модда)