Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
АХБОРОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ахборот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида,
Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисида 1993 йил 24 майдаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида 1994 йил 5 январдаги Битим, шунингдек бошқа аҳдномаларга асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар турмуш ва маданиятнинг турли жиҳатларини акс эттирувчи радио ва телевидение дастурларини айирбошлаш соҳасида ҳамкорликни рағбатлантиришга келишиб олдилар.
2-модда
Томонлар бири ҳукумат ахборот хизмати ҳамда иккинчиси журналистлар ташкилотидан бўлган иккитадан журналистни ҳар йили узоғи икки ҳафталик муддатга алмашиш имкониятини кўриб чиқадилар.
3-модда
Томонлар бир-бирларини ўз халқаро кинофестивалларида иштирок этиш учун делегация алмашуви орқали чақирадилар.
4-модда
Томонлар бадиий ва ҳужжатли фильмлар ижодкорлари орасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар радио ва телевидение трансляцияси учун бир-бирларининг ҳудудида турган радио ва телевидение ходимларига ёрдам берадилар.
6-модда
Ходимларнинг сони/штати ҳамда уларнинг қабул қилувчи мамлакатда қанча муддат туришларини Томонлар ўзаро келишиб ҳал этадилар. Жўнатувчи Томон халқаро транспорт харажатларини, қабул қилувчи Томон эса яшаб туриш, овқатланиш ва маҳаллий транспортдан фойдаланиш харажатларини тўлайди.
7-модда
Томонлар орасида дастурлар/материаллар алмашиш таклифлар ва Томонлардан бирининг сўровига кўра олдиндан шартлашув асосида бепул амалга оширилади.
Юбориладиган материаллар келишилган андозаларга мувофиқ ёзилган бўлиб, унинг мазмуни инглиз тилидаги матнда қайд қилинган бўлади. Юборувчи Томон уни ўраб- жойлаш ва жўнатиш харажатларини, қабул қилувчи Томон эса божхона божларини тўлайди.
8-модда
Ушбу Баённомага мувофиқ алмашиш учун берилаётган материаллардан қабул қилувчи Томон ўз раъйига кўра фойдаланади, бироқ уларни учинчи томонга бериб юбориш ёки сотишга ҳақли бўлмайди.
Материалларнинг ўзгартирилиши ёки қисқартирилиши уларнинг мазмун-моҳиятини бузиб юбормаслиги керак.
9-модда
Томонлар ушбу Баённома қоидаларини амалга оширишда энг яхши натижаларга эришиш мақсадида Қўшма Қўмита тузадилар ва у ушбу Баённомада эслатиб ўтилган ҳамкорликнинг турли соҳаларида ҳамкорликни ташкил қилиш учун ҳар йил маслаҳатлашувлар ўтказиб туради.
10-модда
Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Баённомага унинг таркибий қисми деб ҳисобланадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Ушбу Баённома имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва уч йил давомида амал қилади. Шундан сўнг, Томонлардан биронтаси тегишли муддат туташидан камида уч ой илгари унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида ўз ниятидан бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги бир йиллик муддатларга узаяди.
Деҳли шаҳрида, 2000 йил 2 майда икки нусхада, ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳар хилликлар келиб чиқса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)