Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
ҳамжиҳатлик меморандуми
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА ОИД ТАДҚИҚОТЛАР ҲАМДА ТАЪЛИМ СОҲАСИДА
2000 йил 2 май, Деҳли
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш ниятида,
қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича икки мамлакат ўртасида техникавий ҳамкорликка кўмаклашиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида ҳамжиҳатликка эришдилар:
1-модда
Томонлар ўз миллий қонунларига мувофиқ равишда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида техникавий ҳамкорликка кўмаклашиш ва уни ривожлантиришга аҳдлашдилар.
Ваколатли органлар қилиб Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати номидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалигига оид тадқиқотлар ва таълим департаменти тайинланади.
2-модда
Боғдорчилик, уруғчилик, балиқчилик, пахтачилик, сабзавотчилик, ўсимликлар ҳимояси, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда табиий ресурсларни бошқариш юзасидан қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ҳамкорликнинг устувор соҳалари (бироқ бу билан чекланилмайди) бўлиб ҳисобланади.
3-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик қуйидагича амалга оширилади:
а) ўқитиш, малака ошириш ва консультация мақсадида олимлар ва технологларни алмашиш;
б) ҳомила плазмаси ва генетик материалларни алмашиш;
в) илмий асарлар, ахборот ва илмий методологияни алмашиш.
4-модда
Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандуми ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган, Томонлардан ҳар бирининг ҳамкорликка иштироки дастурига мувофиқ фаолият йўналишлари кўзда тутилган ҳар йиллик иш режаларининг бажарилиши орқали амалга оширилади. Бу иш режаларини Томонлардан ҳар бири ишлаб чиқиши мумкин, аммо уни амалга ошириш учун иккала Томоннинг тасдиқлаши лозим бўлади.
5-модда
Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандумига мувофиқ яратилган илмий ихтиролар иккала Томоннинг биргаликдаги розилигига кўра эълон қилиниши мумкин. Йиллик ҳисоботлардан ташқари, нашр этиш ишлари биргаликда ёки алоҳида равишда бўлиши мумкин. Агар Томонлар нашр этиш методи юзасидан келиша олмасалар, исталган Томон чоп этиш мўлжалланаётган қўлёзмани бошқа Томонга кўрсатиб, у билдирган барча изоҳ ва таклифларни кўриб чиққач, тадқиқот натижалари эълон қилиниши мумкин.
6-модда
Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандуми ҳамда йиллик иш режаларини бажариш мақсадида олимлар/экспертларнинг ташрифи юзасидан иккала Томон қуйидаги молиявий муддат ва шартларга розидирлар:
1) Юбораётган Томон барча халқаро келиш-кетиш йўл харажатларини қоплайди.
2) Қабул қилувчи Томон қуйидаги чиқимларни ўз бўйнига олади:
а) овқатланиш, яшаб туриш ва коммунал хизматлар,
б) мамлакат ичида қатнов харажатлари,
в) таржимонга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва ҳ.лар чиқими.
3) Юбораётган Томон, шунингдек қабул қилувчи Томонга нашр этиш учун публикация ва босма материалларни юбориш харажатларини кўтаришга масъул бўлади. Аммо қабул қилувчи Томон товарлар ва улар учун зарур бошқа нарсаларни ташиш харажатларини ўз бўйнига олади.
4) Юбораётган Томон овқатланиш учун кетган харажатларни ўз нормаларига мувофиқ тўлайди.
7-модда
Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандумининг Томонлари Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандумига ўзаро келишув асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
8-модда
Ушбу Ҳамжиҳатлик меморандуми имзоланган санадан бошлаб кучга киради. У беш йил муддат ичида амал қилади. Шундан сўнг Томонлардан ҳеч қайсиси бошқа Томонни унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяди. Бу ҳолда эса Ҳамжиҳатлик меморандумининг фаолияти шундай хабарнома олинганидан кейин бир ой ўтгач тўхтатилади. Агар бошқа аҳдлашувга эришилган бўлмаса, ушбу Ҳамжиҳатлик меморандуми фаолиятининг тўхтатилиши айрим дастурларнинг фаолияти ёки фаолият муддатига таъсир қилмайди.
Деҳли шаҳрида, 2000 йил 2 майда икки нусхада, ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳар хилликлар келиб чиқса, инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)