Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Меморандум
АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАРИ УЧУН ВИЗА МАСАЛАЛАРИНИ ЕНГИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга интилиб,
икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари Томонларнинг қонунчиликларида белгиланган тартибда сўров олинган кундан бошлаб 5 иш кунидан кўп бўлмаган муддатларда Томонларнинг халқаро автомобиль ташишларни амалга оширувчи ҳайдовчиларига муддати 3 ойгача бўлган (Томонлар давлатларининг ҳудудларида 20 суткагача бўлиш ҳуқуқи билан) кўп маротабали кириш- чиқиш визаларини расмийлаштирадилар.
Халқаро автомобиль ташишларни амалга оширувчи ташувчилар визаларни расмийлаштириш учун Томонлар давлатларининг миллий қонунчиликларида кўзда тутилган барча зарур ҳужжатларни тақдим этадилар.
Ушбу Меморандум қоидаларини амалга оширишда қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги;
Эрон томонидан — Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Эрон Ислом Республикаси Йўл ва транспорт вазирлиги.
2-модда
Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари Томонлар давлатларининг ҳудудлари орқали транзит тарзида ўтувчи юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига 3 иш кунидан ошмайдиган муддатларда транзит визаларини расмийлаштирадилар.
3-модда
Визалар беришдаги консуллик йиғимларининг тарифлари ушбу Меморандум имзоланган санадан бошлаб ўттиз кун ичида дипломатик каналлар орқали ноталар алмашуви билан Томонлар тарафидан ўзаролик асосида белгиланади. Кўрсатиб ўтилган ноталар ушбу Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
4-модда
Томонлар дипломатик каналлар орқали халқаро автомобиль ташишларини амалга оширувчи автотранспорт воситалари учун ўтиш пунктлари рўйхатларини алмашадилар.
5-модда
Томонлар ўз ҳудудларида бўлиши номақбул ҳисобланган бошқа Томон давлати фуқароларининг киришини рад этиши ёки бўлиш муддатини чеклашлари мумкин.
6-модда
Бошқа Томон давлати ҳудудига кириб келган Томонлар давлатларининг фуқаролари ушбу Меморандум шартларига биноан мазкур Томон давлатининг қонун ва қоидаларига, жумладан хорижий фуқаролар учун белгиланган рўйхатдан ўтиш (прописка), келиш ва ҳаракатланиш қоидаларига риоя этишлари лозим.
7-модда
Ушбу Меморандум Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра ушбу Меморандумга ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
9-модда
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни Томонлар икки томонлама музокаралар ҳамда маслаҳатлашувлар орқали ҳал қиладилар.
10-модда
Ушбу Меморандум имзоланган кундан кейин ўттиз кун ўтгач кучга киради ва бир Томон бошқа Томондан ушбу Меморандум фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида расмий хабарномани олган санадан бошлаб тўқсон кун ўтгунча фаолият қилади.
Тошкент шаҳрида 2002 йил 26 апрелда, ҳижрий 1381 йил ўрдибеҳешт ойининг 6 кунида икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва форс тилларида имзоланди, иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)