Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Афғонистон Ўтиш Ислом Давлати Ҳукумати ўртасида
англашув Меморандум
Транспорт алоқаларини ривожлантириш тўғрисидаги келишувлар ҳақида
2003 йил 24 — 29 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг таклифига биноан Афғонистон Транспорт вазири Сайид Мухаммад Али Жовид бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида делегация қуйидаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди:
Р. Юнусов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари;
С. Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири;
О. Раматов, «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акционерлик компанияси раиси;
В. Тян, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори;
А. Абдувалиев, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги раиси.
Музокара натижасида қуйидаги масалалар бўйича ўзаро ҳамжиҳатликка эришилди:
I. Томонлар Афғонистон Ўтиш Ислом Давлати, Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентлари томонидан имзоланган халқаро транспорт коридори тўғрисидаги (18 июнь 2003 йил Теҳрон шаҳри) Битим асосида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар яна бир юқори поғонага кўтарганлигини таъкидлаб ўтишди.
II. Мазкур Битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ва Афғонистон Ўтиш Ислом Давлати Президенти Х.Карзай ўртасидаги музокараларни амалга ошириш мақсадида:
1. Икки давлат транспорт коммуникациялари соҳасидаги қурилиш ишларини кенгайтириш мақсадида томонлар икки ой мобайнида Термиз ва Мозори-Шариф шаҳарларида икки томон давлатлари автотранспорт муассасаларининг ваколатхоналарини очишади.
2. Ўзбекистон томони ўзининг техник ёрдами билан Ҳайратон темир йўл бекатини қуриш ва темир йўл шохобчасини қайта қуриш ишларига розилик билдиради. Амалга ошириладиган ишларнинг аниқ ҳажмлари бўйича афғон томони Ўзбекистон томонига ўз таклифларини беради.
3. Томонларнинг миллий авиакомпаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорликка эришишга қизиқиш катта эканлигини таъкидлашди. Ўзбекистон томони Афғонистон томонига учувчилар ва муҳандисларни тайёрлаш, ҳамда ҳаво кемаларини таъмирлашга тайёр эканлигини билдирди.
4. Ўзбекистон томони Афғонистон Ўтиш Ислом Давлати автотранспорт корхоналарига техник ёрдам кўрсатиш масаласига оид афғон томонининг таклифларини ўрганиб чиқади.
5. Ўзбекистон афғон томонининг автотранспорт воситаларининг техник хизматчилари ва ҳайдовчиларини, шунингдек локомотив ҳайдовчилари, темир йўл учун муҳандис техниклар ва хизматчиларни тайёрлаш ва ўқитишга оид таклифларини экспертлар даражасида ўрганиб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилади.
6. Ўзбекистон томони Афғонистон йўналиши бўйича ТРАСЕКА дастурини ривожлантиришга оид бўлган аниқ таклифлар беришда амалий ёрдам беради.
7. Афғонистон томони Ҳайратон портидаги юк кўтариш кранларини ва бошқа техникаларни таъмирлашда ёрдам кўрсатилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мурожаат этишини маълум қилди.
Икки мамлакат делегациялари ўртасидаги музокаралар ўзаро англаш ва дўстона кайфиятда ўтди.
Ушбу Меморандум Тошкент шаҳрида 2003 йил 29 октябрь куни, икки нусхада ўзбек, дарий ва инглиз тилларида имзоланди. Бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)