Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган музейлар тизимини янада такомиллаштириш уларнинг халқнинг маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музей фондларида сақланиб келаётган халқимиз бой тарихини, мустақиллигимиз одимларини акс эттирувчи ноёб, нодир экспонатларни авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, улардан халқимиз онгида миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш йўлида кенг фойдаланиш, музейларни замон талабларига мос юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, жаҳон музейшунослиги тажрибаларини қўллашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Республикамиздаги Маданият ишлари вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларга тегишли барча турдаги мавжуд музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур илмий-услубий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида Маданият ишлари вазирлиги қошида Музейларни қўллаб-қувватлаш республика «Ўзбекмузей» жамғармаси ташкил этилсин.
Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамда турли муассасалар, шунингдек, хорижий ташкилотлар жамғарма ҳам муассасалари бўлиши мумкинлиги инобатга олинсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жамғарма Низомини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзбекмузей» фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
музейларда ўзбек халқининг бой маданий мероси, унинг инсоният тарихидаги ўрни, тараққиёт босқичларини ҳаққоний акс эттириш ҳамда замонавий ривожланиш истиқболларини чуқур ўрганиб, миллий мустақиллик ғояларига мос экспозициялар яратиш, музейшуносликда умуммиллий сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш;
мамлакатимиз фуқароларини чет элларда сақланаётган тарихимизга оид осори-атиқалар билан кенг таништириш ҳамда музейларимиздаги ноёб экспонатлар орқали халқ онгида умумбашарий қадриятларга, улкан ва бой миллий-маданий меросимизга ҳурмат-эҳтиром, Ватанимизнинг буюк келажагига комил ишонч туйғуларини тарбиялаш;
музейшунослик соҳасида халқаро алоқаларни, ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўргазма фаолияти орқали мамлакатимизнинг бой тарихи, бугунги ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, музейларда сақланаётган ноёб экспонатларни жаҳон миқёсида тарғиб этиш;
ҳудудий, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, музей фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш, уларга илмий-услубий раҳбарлик қилиш, илмий муассасаларни музейшуносликни ривожлантиришда фаол иштирок этишга жалб қилиш;
музейлар фондидаги экспонатларнинг ягона рўйхатини юритиш, уларнинг муҳофаза шароитларини доимий, қатъий назоратга олиш, бу соҳада тегишли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва бажарилишини таъминлаш;
музейшуносликка замонавий техник воситаларни татбиқ этиш, улардан самарали фойдаланишга оид дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги Ўзбекистон Фанлар академияси, Бадиий академияси, «Олтин мерос» халқаро ҳайрия жамғармаси ҳамда тегишли вазирлик ва ҳокимликлар билан биргаликда:
икки ой муддатда мамлакатимиздаги музейлар фаолиятини янада яхшилаш ва такомиллаштиришнинг илмий концепциясини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;
бир ой муддатда мустақил Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги кунини тарғиб-ташвиқ қилишдаги алоҳида аҳамиятини эътиборга олиб, Ўзбекистон Тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқ амалий санъати музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона давлат музей-қўриқхоналарининг ривожланиши ва молиявий таъминоти бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқсин.
Дастурни амалга оширишни мувофиқлаштириш «Ўзбекмузей» жамғармаси зиммасига юклансин.
Тегишли ташкилот, муассасаларнинг ушбу музейларга ҳомийлик қилиш ҳақидаги таклифлари эътиборга олинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Адлия, Маданият ишлари вазирликлари Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ноёб маданий бойликларни сақлаш, мамлакатдан олиб чиқиш, мамлакатга олиб кириш ва шу масалалар билан боғлик бўлган бошқа муносабатларни тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин.
5. Ноёб маданий бойликларни сақлаш, мамлакатдан олиб чиқиш, мамлакатга олиб кириш ва бошқа масалалар билан боғлиқ бутун масъулият Маданият ишлари вазирлиги (X. Жўраев), Фанлар академияси. (Т. Жўраев), Ички ишлар вазирлиги (3. Алматов), Давлат Божхона қўмитаси (У. Комилов), Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов) ва Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Бадиий академияси ва Давлат матбуот қўмитаси мамлакатимиз аҳолисининг музейшунослик маданиятини ошириш, уларни меросимиз ва қадриятларимиздан хабардор қилиб бориш ҳамда мутахассислар, музей ходимларининг музейшунослик соҳасидаги илмий ишларини чоп этиш, бу соҳадаги ютуқларни тарғиб қилиши музей ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида уч ойда бир марта ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этиладиган илмий-амалий, маънавий-маърифий, рангли «Мозийдан садо» журналини таъсис этсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. «Ўзбекмузей», унинг бўлим ва корхоналари, музейларнинг асосий ва қўшимча фаолиятидан олинадиган даромадлари 5 йил муддатга барча турдаги давлат солиқларидан, божхона ва бошқа тўловлардан озод этилсин.
Солиқдан озод этилиши натижасида йиғилган маблағларнинг соҳани янада ривожлантиришга, унинг моддий-техника негизини мустаҳкамлашга, шунингдек ходимларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ишларига сарфланиши назарда тутилсин.
Турли ташкилот ва ҳомийларнинг даромаддан тўлайдиган солиқ бўйича базаси уларнинг музейлар фаолиятини яхшилаш учун ўтказадиган пул маблағлари миқдорига монанд қисқартирилиши белгилаб қўйилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва Молия вазирликлари Маданият ишлари вазирлиги билан биргаликда музей ходимларини ижтимоий ҳимоялаш ва ойлик маошларини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиб, бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
9. «Ўзбектуризм» миллий компанияси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда етакчи музей ва қўриқхоналарни ўз ичига олган махсус халқаро туристик йўналишлар (турлар) ташкил этсинлар ҳамда уларга хорижий сайёҳларни жалб этиш юзасидан зарур тадбирларни амалга оширсинлар.
10. Музейларнинг давлат ҳамда маҳаллий бюджетлардан маблағ билан таъминланишининг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Маданият ишлари вазирлиги билан биргаликда музей иншоотларини қуриш ва тўлиқ таъмирлаш ҳамда уларни замонавий жиҳозлаш учун зарур бўлган техника воситаларини сотиб олиш ва Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маблағларни 1998-1999 йилларда ажратсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармоннинг бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 12 январь,
ПФ-1913-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 1-сон, 31-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 203-модда; 2014 й., 29-сон, 356-модда; 2017 й., 8-сон, 105-модда, 20-сон, 354-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон)