Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати Ўртасида
Меморандум
ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ВА ПСИХОТРОП МОДДАЛАРНИ НОҚОНУНИЙ ЮРГИЗИШГА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний юргизиш ўз давлатларининг халқи саломатлиги ҳамда жамиятига жиддий хавф солишини англаб,
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний юргизишнинг ўсиб бораётганлиги ҳамда унга боғлиқ муаммоларнинг ўткирлашаётганидан ташвишланиб,
гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний юргизишга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш айни муддао ва бу иккала давлат манфаатларига мос келади, деб ҳисоблаб,
Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида 1961 йилги Ягона конвенциянинг қоидаларини, унга 1972 йилги Баённомага мувофиқ киритилган тузатишларни, Психотроп моддалар тўғрисида 1971 йилги Конвенция қоидаларини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний юргизишга қарши кураш тўғрисида 1988 йилги Конвенция қоидаларини, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тегишли резолюция ва ҳужжатларини эътиборга олиб,
халқаро ҳуқуқнинг меъёр ва принципларига амал қилиб,
Томонларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда миллий қонунларини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I
Томонлар ҳамкорлигининг асосий соҳалари қуйидагилардан иборат:
a) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар(бундан кейин — гиёҳвандлик моддалари)ни ноқонуний етказиб бериш ва унга бўлган талабни камайтириш, шунингдек маъмурий методларни такомиллаштириш;
b) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний юргизиш манбаларини йўқотиш борасида биргаликда чора-тадбирлар кўриш;
c) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний ишлаб чиқиш ва юргизишни жазолаш соҳасида ҳамкорлик, шунингдек халқаро майдонда жипс ва мувофиқ ҳамкорлик қилиш;
d) яширилган гиёҳвандлик моддаларини топиш тажрибаси ҳамда методлари бўйича ахборот алмашиш;
e) гиёҳвандлик моддаларини ташувчилар қўллайдиган қоидабузарлик усуллари юзасидан тажриба ва ахборот алмашиш;
f) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний юргизишга жалб этилган ёки шунда гумон қилинаётган ёхуд қўлга тушган ташкилот ва шахслар тўғрисида, шунингдек гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний ташишнинг янги йўналишлари ҳақида ахборот алмашиш;
g) ўқув курсларини ўтказишда янги техникавий воситаларни қўллаш ва гиёҳвандлик моддаларини аниқлашнинг янги технологияларини алмашиш;
h) гиёҳвандлик моддаларининг янги турлари тўғрисида ахборот бериш;
i) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний юргизишга қарши курашни амалга ошираётган тегишли таркиб учун самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш;
j) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний юргизишга қарши кураш соҳасидаги қонунлар ва юридик амалиёт тўғрисида ахборот алмашиш;
k) гиёҳвандликка чалинган шахсларни самарали даволаш ва турмушга қайтариш дастурлари тўғрисида ахборот алмашиш;
1) гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишдан қайтариш ва жамоатчилик фикрини ўткирлаштиришга бағишланган илмий асарлар, махсус бюллетенлар ва фильмларни алмашиш;
m) гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний юргизишга қарши курашнинг бошқа соҳалари.
II
Томонлар ўз тегишли давлатлари ҳудудида қўлга туширилган гиёҳвандлик моддаларини уларнинг келиб чиқиши, шунингдек кимёвий ва физикавий хусусиятларини аниқлаш мақсадида халқаро андозаларга мувофиқ жиҳозланган ўз лабораториялари ихтиёрига топширадилар. Томонлар бундай текшириш натижаларини алмашадилар. Исталган Томоннинг сўровига биноан шошилинч қидирув тадбирлари ўтказилади.
III
Ушбу Меморандум доирасида ҳамкорликни самарали юзага чиқариш мақсадида Томонлар ўз тегишли ваколатли органларининг бевосита алоқаларига кўмаклашадилар.
Алоқа воситалари тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабар қилинади.
IV
1. Қуйидагилар ушбу Меморандумни бажариш ва мувофиқлаштиришга масъул ваколатли органлар ҳисобланади:
a) Ўзбекистон Республикасидан:
Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш Давлат комиссияси;
b) Эрон Ислом Республикасидан:
Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш маркази.
2. Томонларнинг бошқа тегишли вазирликлари ва ҳукумат агентликлари ҳам ушбу Меморандум қоидаларини бажарадилар.
V
Ушбу Меморандумга биноан юборилган ёзма ва оғзаки ҳолдаги ахборот ҳамда бошқа ҳужжатлар амалдаги миллий қонун ва қоидаларга биноан махфий ҳисобланади ҳамда текширув ўтказиш ёки бошқа мақсадлар учун уларни тақдим этган Томон ёзма равишда розилик берсагина фойдаланилади.
VI
Томонлар гиёҳвандлик профилактикаси, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва турмушга қайтариш методларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда, кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан ахборот ва тажриба алмашишда, гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш бўйича тадқиқий ишлар ўтказиш ва маслаҳатлашиш, зарур бўлса, экспертлар алмашишда ҳамкорлик қиладилар.
VII
1. Томонлар назоратда тутиб турилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, улар прекурсорларининг миллий рўйхатларини алмашадилар.
2. Томонлардан биронтаси назоратда тутиб турилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, улар прекурсорларининг тегишли рўйхатларига қўшимча киритадиган бўлса, бошқа Томон ҳам ўз миллий рўйхатларига ана шундай қўшимчалар киритиш имкониятини кўриб чиқади.
VIII
1. Томонлар ахборотни сўровга кўра ёинки ўз ихтиёрлари билан тақдим этишлари мумкин.
2. Бундай сўровлар ёзма равишда, факсимил алоқаси ёки электрон почтадан фойдаланиб амалга оширилади.
3. Сўровларда қуйидаги ахборот бўлиши лозим:
а — сўраётган органнинг номи;
b — сўралаётган органнинг номи;
с — ишнинг моҳияти ва унинг асосланиши, шунингдек сўровни ижро этиш учун зарур бошқа ахборот.
4. Сўровни бажариш рад этиладиган бўлса, сўралаётган Томон сўраётган Томонга рад этишнинг сабабини кўрсатиб, зудлик билан хабар қилади. Сўралаётган Томон сўровни бажариш унинг суверенитетига, давлат хавфсизлиги ва бошқа асосий манфаатларига зиён етказади ёки унинг қонунлари ёхуд халқаро мажбуриятларига зид келади, деб ҳисобласа, сўровни бажаришни бутунлай ёки қисман рад этиши мумкин.
IX
Ушбу Меморандум доирасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликнинг ижобий натижаларига эришиш мақсадида Томонлар ўзаро келишган ҳолда маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва гиёҳвандлик моддаларига боғлиқ вазиятни кўриб чиқиш ва ушбу Меморандумни бажаришда муваффақиятга эришиш учун навбатма-навбат йиллик учрашувларни ўтказишга розилик берадилар. Томонларнинг ваколатли органлари аҳдлашувига кўра бундай учрашувларда ушбу Меморандум доирасидаги ҳамкорликнинг янги соҳалари муҳокама қилиниб, тасдиқланади.
X
Ушбу Меморандум доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишда Томонлар инглиз тилидан фойдаланадилар.
XI
Ушбу Меморандум доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишда Томонлар инглиз тилидан фойдаланадилар.
XII
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин этиш ва қўллаш юзасидан келиб чиқадиган ҳар қандай баҳслар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ҳамда музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
Томонларнинг ёзма равишда ўзаро келишувига биноан, ушбу Меморандумга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
XIII
Ушбу Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради. Томонлардан ҳар қайсиси уч ой илгари хабарнома юбориб унинг фаолиятини тўхтатиши мумкин.
Теҳрон шаҳрида, 2000 йил 11 июнда, ҳижрий 1379 йил 22 хўрдодда икки нусхада, ўзбек, форс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда ҳар хилликлар юзага чиқса, инглиз тилидаги матн устун кучга эга деб ҳисобланади.
(имзолар)