Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ХАЛҚАРО ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ҚЎШМА ИШЧИ ГУРУҲНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
2003 йил 3 февраль, Деҳли
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатларни эътиборга олиб,
терроризм тарқалишидан келиб чиқаётган хавф-хатарлар ва унинг тинчлик, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда дўстона муносабатларга салбий таъсирини, шунингдек давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиши мумкинлигини ёдда тутиб,
терроризмнинг барча ҳаракатлари, методлари ва тажрибасини бартараф қилиш, таг-томири билан юлиб ташлаш ҳамда ҳеч иккиланмасдан айблаш зарурлигини эътироф этиб ва терроризмнинг ҳаётга, мулкка, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда сиёсий барқарорлигига, шунингдек халқаро тинчлик ва хавфсизликка таъсирини қоралаб,
шунингдек БМТ Хавфсизлик Кенгашининг халқаро терроризмга қарши кураш тўғрисида 1373 (2001) рақамли қарорининг муҳимлиги ҳамда мақсадларини эътироф этиб,
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1373 рақамли қарори мақсадларига тегишли миллий қонунчиликлар доирасида ўзаролик руҳида ўзаро ҳамкорлик воситасида эришиш мумкинлигини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Битим мақсадлари
Битим мақсадлари
Томонлар қуйидагиларни амалга ошириш учун Халқаро терроризмга қарши кураш бўйича Қўшма ишчи гуруҳни тузадилар:
(i) халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик воситалар ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний юргизилиши (бундан кейин «гиёҳвандлик моддаларининг юргизилиши») ва уларнинг қўшилмаларига қарши курашга доир тажриба алмашиш;
(ii) халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний юргизилишига қарши кураш бўйича қарашларни мувофиқлаштириш;
(iii) Ўзбекистон Республикаси ва/ёки Ҳиндистон Республикаси ҳудудидан туриб ҳаракат қилиши ёки ундан фойдаланиши мумкин бўлган террорчи ва уюшган жиноятчи гуруҳлар ҳамда уларнинг шериклари фаолияти тўғрисида ахборот алмашиш;
(iv) террорчи ёки уюшган жиноятчи гуруҳлар ва уларнинг шериклари фаолиятларини тўхтатиш, бунга улар тарафидан Ўзбекистон Республикаси ва/ёки Ҳиндистон Республикасига қарши террорчилик хуружларини режалаштириш, кўмаклашиш ёки ижро этишга дахлдор шахслар ёхуд гуруҳларни беркитиш ҳам киради;
(v) бундай ҳамкорлик учун институционал доираларни ўрнатиш.
2-модда
Қўллаш доираси
Қўллаш доираси
Қўшма ишчи гуруҳ ўз ваколатига мувофиқ Томонларнинг улар иштирок этган халқаро битимлари бўйича мажбуриятлари ва Томонлар давлатларининг қонунчиликлари доирасида қуйидагиларни амалга оширади:
(i) халқаро терроризмга қарши курашда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1373 рақамли қарорига мувофиқ ўзаро ҳамкорликни яхшилаш йўллари ва воситаларини кўриб чиқади;
(ii) террорчилик фаолияти ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний юргизилишини қўллаб- қувватлайдиган гуруҳлар ўртасидаги халқаро алоқаларни фош қилишга ҳаракат қилади. Бу давлат ва нодавлат органларини ҳам қамраб олади;
(iii) мазкур соҳада тезкор ахборот алмашинувининг жараёнларини ўрганади;
(iv) ҳамкорликни яхшилаш йўлларини, айниқса қуйидаги воситалар орқали таклиф этади:
a) террорчилар ва уларнинг шерикларини ушлаш, тутиб топшириш ва ҳукм этиш;
b) биргаликдаги техник кўмак, шу жумладан полиция/хавфсизлик органлари ходимларини ўқитиш ва касбий тажриба алмашиш воситаси ёрдамида;
c) террорчилик фаолиятига жалб этилган шахслар ва ташкилотлар учун молиявий манбалар оқимини фош этиш, назорат қилиш ва бартараф этиш;
(v) халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний юргизилишига қарши курашиш учун ҳуқуқий хатти-ҳаракатларни енгиллаштириш йўлларини ўрганиш;
(vi) самолётларни олиб қочишни бартараф этиш, гаровдагиларни қутқариш ва VIP шахсларни муҳофаза қилиш, шунингдек аэропортлар, темир йўл станциялари, метро ва бошқа жамоат жойларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида тажриба алмашиш;
(vii) ҳар қандай мамлакатда фаолиятини амалга ошираётган террорчилик гуруҳларининг оммавий қирғин қуролларига осонлик билан етишишини олдини олиш қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш;
(viii) бундай шахслар ва гуруҳлар тарафидан пулларни қонунийлаштирилишини кузатиш ҳамда бартараф этиш;
(ix) Халқаро терроризм тўғрисида умумий конвенцияни тезроқ қабул қилиш мақсадида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
(x) БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қарорларини, хусусан SСR 1373ни бажариш учун Толибон, Ал-Қоида ва Афғонистон ҳамда Марказий Осиёдаги ҳар қандай бошқа террорчи ёки уюшган жиноятчи гуруҳларининг фаолиятини кузатиш;
(хi) Интерпол билан ҳамкорликни яхшилаш йўлларини муҳокама этиш;
(хii) Томонлар ўртасида ўзаро келишилган ҳар қандай масалаларни кўриб чиқиш.
3-модда
Кўп томонлама форумлар доирасидаги ҳамкорлик
Кўп томонлама форумлар доирасидаги ҳамкорлик
(i) Қўшма ишчи гуруҳ Томонларнинг БМТ ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалардаги терроризмга қарши глобал кампаниялар масалаларига дахлдор ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва кенгайтириш бўйича фаолиятни амалга оширади.
(ii) Иккала Томон Қўшма ишчи гуруҳда бошқа Томонни мазкур соҳада эришилган муҳим ютуқлар тўғрисида хабардор қилишни енгиллаштиришга интиладилар ҳамда бир-бирларига кўмаклашадилар.
4-модда
Таркиби
Таркиби
(i) Ҳиндистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ушбу Битимни бажариш учун масъулиятли марказий орган бўлади.
(ii) Ўзбекистон томонидан Миллий хавфсизлик хизмати ушбу Битимни бажариш учун масъулиятли марказий орган бўлади.
(iii) Халқаро терроризм бўйича Қўшма ишчи гуруҳ учрашувларида Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси делегацияларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий шахслари раҳбарлик қиладилар.
(iv) Томонларнинг тегишли марказий органлари ички ишлар вазирлиги ва террорчилар фаолиятига қарши кураш, шунингдек гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний юргизилиши ва пулларни қонунийлаштиришни бартараф этишга жалб этилган бошқа тегишли органлардан вакилларга эга бўлишлари мумкин.
5-модда
Учрашувлар
Учрашувлар
(i) Қўшма ишчи гуруҳ йилда бир марта ўзаро қулай вақтда учрашади. Учрашувлар навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасида ўтказилади.
(ii) Қўшма ишчи гуруҳ ўз ишини олиб бориш давомида тўла махфийликка риоя қилади.
(iii) Ушбу Битимга мувофиқ Томонларнинг биридан берилган ҳар қандай махфий ахборот уни берган Томоннинг ифодаланган розилигисиз учинчи томонга берилиши ёки ошкор этилиши мумкин эмас.
(iv) Делегацияларнинг даражаси, кун тартиби ва учрашувлар санаси учрашув санасидан 30 кун илгари дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.
6-модда
Халқаро конвенциялар/шартномалар
Халқаро конвенциялар/шартномалар
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро конвенциялар/шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
(i) Ушбу Битим Томонларнинг ўзаро ёзма розиликларига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкин.
(ii) Баённомалар ушбу Битимнинг кучга кириши учун кўзланган процедуралар асосида кучга киради.
8-модда
Келишмовчиликларни ҳал этиш
Келишмовчиликларни ҳал этиш
Ушбу Битимни қўллаш ёки талқин қилишда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
9-модда
Амал қилиш муддати
Амал қилиш муддати
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва уч йил муддат давомида амал қилади. Бундан кейин Битим Томонлардан биронтаси ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида унинг муддати тугашидан камида 6 ой илгари бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у худди шундай муддатга ўз- ўзидан узаяверади.
Ушбуни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли тартибда ваколатланган қуйидаги вакиллар ушбу Битимни имзоладилар.
Деҳли шаҳрида 2003 йил 3 февралда икки нусхада, ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда тафовутлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)