Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хоразм вилоятининг ҳаракатдаги троллейбуслар парки таркибини янгилаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги ПҚ-1446-сон «2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 281-сон «Шаҳар йўловчи электр транспорти ҳаракатдаги состав паркини янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат корхонаси томонидан «Шкода электрик» (Чехия) фирмаси билан 9 та троллейбус сотиб олиш бўйича тузилган шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб юритилади) бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг белгиланган тартибдаги хулосаси олинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 10 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 1,25 фоиз ставкада (қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,25 фоизлик маржасини ўз ичига олган ҳолда) «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган 3534,1 минг евро миқдоридаги кредити контрактни молиялаштириш манбаи;
қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат корхонаси Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан жалб қилинаётган кредит бўйича қарз олувчи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ орқали қайта молиялаштириладиган кредитини қайтаришнинг прогноз жадвали иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ ва «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат корхонаси икки ҳафта муддатда шартнома бўйича молиялаштиришни очсин.
4. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитига хизмат кўрсатишга мақсадли йўналтирилган бюджет маблағларини ўтказиш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБда «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат корхонасининг махсус ҳисоб рақамини очсин;
бир ой муддатда «Хоразм вилояти троллейбуслар ҳаракатдаги таркиби паркини янгилаш» лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин;
олти ой муддатда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан электр транспорти инфратузилмасини (алоқа тармоқлари, тортиш подстанциялари, парк ва таъмирлаш базаси) капитал таъмирлашни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратсин;
2013 йилдан бошлаб ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тузишда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Хоразм вилоятининг маҳаллий бюджети ҳисобидан тенг улушларда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитига хизмат кўрсатиш учун маблағларни назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги 9 та троллейбус сотиб олиниши Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 25 октябрь,
309-сон