ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ЎМОН СУЛТОНЛИГИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Қўшимча Баённома
Икки ёқлама солиқ солишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Битим билан баённомага ўзгартиш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ўмон Султонлиги Ҳукумати, кейинчалик «Аҳдлашувчи Давлатлар» деб номланади, икки ёқлама солиқ солишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 2009 йил 30 мартдаги Битим билан Баённомага, (мазкур Баённомада «Битим» деб номланади) ўзгартиш киритиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 27-моддасидан сўнг қуйидаги янги модда киритилади:
«27А-модда
Солиқларни йиғишда кўмаклашиш
Солиқларни йиғишда кўмаклашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатлар ушбу Битимда қамраб олинадиган солиқларни фоизлар ва жарима жазолари билан биргаликда йиғишда бир-бирларига ёрдам кўрсатиш учун ҳаракат қиладилар.
2. Аҳдлашувчи Давлатнинг бундай солиқларни йиғишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровномаси ушбу Давлат ваколатли органининг мазкур Давлатнинг кунун ҳужжатларига биноан кўрсатилган солиқлар узил-кесил белгиланганлиги хусусида гувоҳлигини ўз ичига қамраб олиши керак. Ушбу модданинг мақсадлари учун Аҳдлашувчи Давлат ички қонун ҳужжатларига биноан ушбу солиқни йиғиш ҳуқуқига эга бўлган ва солиқ тўловчи бундан кейин йиғишда чеклаш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда солиқ узил-кесил белгиланган ҳисобланади.
3. 2-бандда тилга олинган сўровномалар ижрога рухсат берадиган, зарур ҳолларда исталган маъмурий ёки юридик қарорнинг расмий нусхаси илова қилинадиган ҳужжатнинг расмий нусхаси билан тасдиқланади.
4. Аҳдлашувчи Давлатнинг йиғиш учун бошқа Аҳдлашувчи Давлат томонидан қабул қилинадиган сўровномаси ушбу бошқа Давлат томонидан, айнан бундай сўровнома унинг ўз солиғи билан боғлиқдек, ижро этилиши керак.
5. Кўриб чиқиш учун очиқ бўлган солиқ талабларига кўра Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларига мувофиқ, бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органидан ҳимоя чораларини кўришни сўраши мумкин. Аҳдлашувчи Давлатнинг қабул қилинган сўровномаси ушбу бошқа Давлат томонидан, айнан сўровнома унинг ўз солиғи билан боғлиқдек, ижро этилади.
6. Бир Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи томонидан ушбу моддага тааллуқли йиғилган суммалар бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органига юборилади. Солиқларни йиғишда кўмаклашиш пайтида қилинган одатдаги харажатлар сўровнома юборган Давлат зиммасига юкланади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бошқача тартибни келишиб олган ҳоллар бундан мустасно.
7. Ушбу моддадаги ҳеч нарса Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирини:
а) у ёки бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари ва маъмурий амалиётини ўзгартириш учун маъмурий чоралар кўришга;
б) давлат сиёсатига (жамоат тартибига) зид бўлган чоралар кўришга;
с) бошқа Аҳдлашувчи Давлат йиғим пайтида унинг қонунлари ёки маъмурий амалиёти бўйича қўлланадиган барча чоралардан фойдаланмаган тақдирда кўмак кўрсатишга;
д) ушбу Давлат учун маъмурий жазони қўллаш бошқа Аҳдлашувчи Давлат томонидан ундириладиган фойдага очиқдан-очиқ номутаносиб бўлган ҳолларда кўмак кўрсатишга мажбур этади деб талқин этилмайди».
2-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат бошқани, ушбу Қўшимча Баённоманинг кучга кириши учун қонунчиликка мувофиқ талаб қилинадиган процедуралар бажарилганлиги тўғрисида, дипломатик каналлар орқали хабар қилади. Мазкур Қўшимча Баённома шундай охирги хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
3-модда
Ушбу Қўшимча Баённома Битим кучда бўлган пайтгача ўз кучида қолади.
Буни тасдиқлаш учун бунга ўз ҳукуматлари томонидан ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар ушбу Қўшимча Баённомани имзоладилар.
Масқат шаҳрида 2009 йил 5 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган холда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)