ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ БИЛАН БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ЎРТАСИДА
Протокол
ҲАМКОРЛИК ВА МАСЛАҲАТЛАШУВЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликка кўмаклашиш, халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишдан келиб чиқиб,
ўзаро қизиқиш уйғотувчи халқаро муаммолар ва икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиб туриш ва фикр алмашишни фойдали деб ҳисоблаб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг қоидалари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари бўйича тезкор қарорлар қабул қилишга кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мунтазам равишда Ташқи ишлар вазирлиги даражасида икки томонлама муносабатлар масалалари ва ўзаро қизиқиш уйғотувчи халқаро муаммолар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар.
Муайян масалаларни кўриб чиқиш учун ўзаро келишувларга мувофиқ экспертлар ёки ишчи гуруҳлари тузилиши мумкин.
2-модда
Томонлар ўзаро келишув асосида маслаҳатлашувларнинг кун тартиби, муддатлари ва жойини белгилайди ҳамда йилига камида бир марта навбати билан Тошкент ва Абу Дабида ўтказилишини таъминлайди.
3-модда
Томонлар маслаҳатлашувлар давомида халқаро майдон ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига аҳамият берадилар, дипломатик йўллар билан мунтазам маълумот алмашиш орқали иқтисодий, сиёсий, савдо, илмий, экологик, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни рағбатлантирадилар.
4-модда
Томонлар делегациялари халқаро ташкилот ва анжуманлар ишида иштирок этиш жараёнида зарур бўлса, ўзаро манфаатли турли масалалар бўйича амалий ҳамкорлик руҳида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
5-модда
Томонларнинг розилигига кўра ушбу Протоколга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
6-модда
Ушбу Протокол имзоланган кундан кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бири Протокол амалининг муддати тугашидан камида олти ой илгари уни бекор қилиш нияти борлиги ҳақида ёзма равишда хабар бермаса, Протокол ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 26 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида имзоланди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Протокол қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)