Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Қувайт Давлати Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
Англашув Меморандуми
ИККИ ТОМОНЛАМА МАСЛАҲАТЛАШУВЛАР ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Қувайт Давлати Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш истагида,
икки томонлама алоқаларнинг барча соҳаларида, минтақавий ва глобал масалалар, шунингдек халқаро майдонда ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишда уларнинг муносабатлари самимий эканлигига ишонч билдириб,
1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1 -модда
Томонлар юқори даражадаги мансабдор шахслари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни (бундан кейин «Маслаҳатлашувлар» деб аталади) ташкил қиладилар.
Маслаҳатлашувлар Томонлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўллари ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган халқаро масалаларни муҳокама этиш учун олиб борилади.
2- модда
1. Маслаҳатлашувлар йилда бир марта ёки зарурат юзасидан ундан кўп маротаба навбатма-навбат билан Ўзбекистонда ва Қувайтда, ёки халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналар ўртасида ёки халқаро анжуманлар давомида ўтказилиши мумкин.
2. Маслаҳатлашувлар ёки учрашувларнинг кун тартиби дипломатик каналлар орқали келишилади.
3- модда
Агар Томонлар ўзгача келишиб олмасалар, маслаҳатлашувлар натижалари ошкор этилмайди.
4- модда
Томонлар умумий манфаатга эга бўлган ўзига хос йўналишлардаги масалаларни муҳокама қилиш учун ишчи гуруҳлари ёки экспертлар учрашувларини ташкил қилишлари мумкин.
5- модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Англашув Меморандумига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
6- модда
1. Ушбу Англашув Меморандуми имзоланган кундан кучга киради.
2. Ушбу Англашув Меморандуми, Томонлардан бири ушбу Англашув Меморандумини бекор қилиш тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмагунча, ўз кучини сақлаб қолади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 6 июнда, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)