Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
Англашув меморандуми
Сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни ҳамда ўзаро англашувни мустаҳкамлаш мақсадида,
ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида,
ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойили асосида,
тинчлик ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида,
ўзаро қизиқиш уйғотувчи халқаро муаммолар ва икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлигини эътиборга олган ҳолда
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар иккиёқлама ҳамкорликнинг барча соҳаларини ўрганиш, ўзаро манфаатли ва биргаликда ташаббуслар ишлаб чиқиш мумкин бўлган минтақавий ва халқаро масалалар борасида фикр алмашиш учун маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2-модда
Томонларнинг келишувига биноан маслаҳатлашувлар ҳамкорликнинг барча йўналишларини жумладан, сиёсий, иқтисодий, илмий ва технология, маданий соҳаларни қамраб олади.
3-модда
Икки томонлама маслаҳатлашувлар заруриятдан келиб чиққан ҳолда ўтказилади. Унинг даражаси Томонларнинг келишувига биноан белгиланади.
4-модда
Томонлар маслаҳатлашувларнинг муддати ва кун тартибини дипломатик каналлар орқали келишадилар.
5-модда
Ушбу Меморандум имзоланган кундан кучга киради ва 5 йил давомида амал қилади ва агар Томонлардан бири бошқа Томонни ёзма равишда дипломатик каналлар орқали уни бекор қилиш нияти борлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилмаса, мазкур Меморандум ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Нью-Йорк шаҳрида 2008 йил 26 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва араб тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)