Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида
Англашув Меморандуми
ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ваколатланган Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан Малайзия Ҳукумати томонидан ваколатланган Ички хавфсизлик вазирлиги (бундан кейин алоҳида «Томон» ва биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар),
икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона муносабатларни тан олиб,
икки мамлакат ўртасида хавфсизликни таъминлаш ва терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни истаб,
ўзаро манфаатларга жавоб берадиган хавфсизликни таъминлаш ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаб,
бундай ҳамкорлик Томонларнинг умумий манфаатларига жавоб берган ҳолда икки томонлама алоқаларни кучайтиришига ва иккала мамлакат халқларининг ижтимоий ривожланишига кўмаклашишига ишониб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Ҳамкорлик мақсади
Ҳамкорлик мақсади
Томонлар ушбу Англашув Меморандуми қоидалари ва ҳар икки давлатнинг амалдаги қонунлари, тартиб- қоидалари ва миллий сиёсатига амал қилиб, хавфсизликни таъминлаш ва терроризмга қарши кураш соҳасида тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар, жадаллаштирадилар ва ривожлантирадилар.
2-модда.
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар, ўз давлатларининг қонунлари, тартиб-қоидалари ва миллий сиёсатига амал қилиб, қуйидаги жиноий фаолият турларига қарши курашда техник ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштиришга қаратилган зарурий чора-тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қиладилар:
а) терроризм;
б) наркотик воситалар ва психотроп моддаларни ноқонуний айланмаси ва прекурсорлар устидан назорат;
в) туристик ва иммиграцион ҳужжатларни қалбакилаштириш;
г) одамлар савдоси, айниқса хотин-қизлар ва болалар савдоси;
д) ўқ отар қуроллар, жанговар ўқ-дорилар, портловчи ва заҳарловчи моддалар, шунингдек ядро, кимёвий, биологик қуролларни ва радиоактив моддаларни ноқонуний айланмаси;
е) пул ва молиявий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва уларни ноқонуний тарқатиш, фирибгарлик ва бошқа иқтисодий жиноятлар;
ж) ўзаро қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган бошқа жиноий фаолият соҳалари,
3-модда.
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Мазкур Англашув Меморандумининг бажарилишида масъул ваколатли органлар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги;
Малайзия Ҳукумати номидан — Ички хавфсизлик вазирлиги.
4-модда.
Меморандумнинг бажарилиши
Меморандумнинг бажарилиши
1. Мазкур Англашув Меморандуми Томонлар ваколат берган органлар томонидан бажарилади.
2. Томонлар ўзларининг тегишли ваколатли органлари орқали мазкур Англашув Меморандумининг ўз ҳудудларида бажарилишини мувофиқлаштирадиган ахборот маркази сифатида фаолият кўрсатувчи ташкилот ёки идорани тайинлайди.
3. Мазкур Англашув Меморандумига мувофиқ ва унинг бажарилишига кўмаклашиш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари, зарурият туғилганда алоҳида битимлар тузишлари мумкин.
5-модда.
Молиявий масалалар
Молиявий масалалар
Ушбу Англашув Меморандуми доирасидаги ҳамкорлик фаолияти харажатларини қоплаш бўйича молиявий масалалар Томонлар молиявий имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳолат учун улар ўртасида алоҳида келишилади.
6-модда.
Махфийлик
Махфийлик
1. Ушбу Англашув Меморандуми ёки унга асосланиб тузилган бошқа битимларнинг бажарилиши вақтида Томонлар бошқа Томонга тақдим этган ёки улардан қабул қилиб олган маълумотлар, махфий ҳужжатлар ёки ахборотларнинг махфийлигига риоя қилиш мажбуриятини оладилар.
2. Мазкур Англашув Меморандуми ўз кучини йўқотгандан сўнг Томонлар ушбу модданинг қоидалари амалда бўлиши тўғрисида келишиб олдилар.
7-модда.
Амал қилишни тўхтатиш
Амал қилишни тўхтатиш
Ҳар бир Томон миллий хавфсизликни ва миллий манфаатларни, жамоат тартиби ва соғлиғини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ушбу Англашув Меморандумига амал қилишини тўла равишда ёки қисман вақтинча муддатга тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эгадир, бундай тўхтатиш бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилинганидан сўнг дарҳол амал қила бошлайди.
8-модда.
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Ҳар бир Томон мазкур Англашув Меморандуми ёки унинг бир қисмига қўшимча ёки ўзгартириш киритишни ёзма равишда таклиф этиши мумкин. Томонлар келишган ҳар қандай қўшимча ва ўзгартиришлар ёзма равишда расмийлаштирилади ва у ушбу Англашув Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар иккала Томон келишган кундан бошлаб кучга киради. Барча қўшимча ва ўзгартиришлар улар кучга киргунга қадар мазкур Англашув Меморандумига асосланган ёки ундан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига зид бўлмайди.
9-модда.
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Томонлар ўртасида ушбу Англашув Меморандуми қоидаларини талқин қилиш, бажариш ва/ёки қўллашдан келиб чиқадиган ҳар қандай келишмовчилик ёки низолар Томонлар ўртасида учинчи томон аралашувисиз ёки халқаро трибуналларга мурожаат этмаган ҳолда дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ёки музокаралар олиб бориш йўли билан тартибга солинади.
10-модда.
Кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
Кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Англашув Меморандуми имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда Англашув Меморандуми амал қилишини тугатиш нияти борлиги тўғрисида тугатиш санасидан камида олти (6) ой илгари хабардор қилмагунча ўз кучида қолаверади.
2. Ушбу Англашув Меморандумининг ўз кучини йўқотиши, Англашув Меморандуми кучини йўқотиш санасидан аввалроқ Томонлар келишуви асосида бошланган тадбир ва дастурларни амалга оширилишига таъсир қилмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйида имзо чекувчилар ушбу Англашув Меморандумини имзоладилар.
Куала-Лумпур шаҳрида 2005 йил 3 октябрда икки нусхада инглиз тилида тузилди.
(имзолар)