Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕККЎМИР» ОЧИҚ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ИЖРО ЭТУВЧИ АППАРАТИ ТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 январдаги 52-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш ҳамда кўмир саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш борасидаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3380-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамиятининг бошқарув самарадорлигини янада ошириш, кўмир тармоғини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштириш, объектларни муҳофаза қилиш ишончлилигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамияти ижро этувчи аппаратининг ходимларнинг чекланган умумий сони 138 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлар сони 65 нафар бўлган янгиланган тузилмаси иловага мувофиқ маъқуллансин.
«Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси Кенгашига «Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамияти ижро этувчи аппарати тузилмасига тасдиқланган ходимлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзбеккўмир» ОАЖ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тижорат банклари билан биргаликда уч ой муддатда 2013 — 2018 йиллар даврида «Ўзбеккўмир» ОАЖ корхоналарини ва умуман кўмир тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш;
корхоналарни молиявий-иқтисодий жиҳатдан соғломлаштириш ва кўмир қазиб олишнинг рентабеллигини, шу жумладан йўл-йўлакай ажратиб олинадиган фойдали қазилмалардан оқилона фойдаланиш ва маҳсулотларни диверсификация қилиш ҳисобига ошириш;
«Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамиятининг кўмир сотиш бўйича дистрибьюторлик марказлари тармоғини кенгайтириш ҳисобига кўмир сотиш инфратузилмасини ривожлантириш;
кўмир тармоғи корхоналари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2004 йил 21 июндаги 290-сон қарори 6-бандининг бешинчи хатбоши, шунингдек қарорга 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И.Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 14 август,
246-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 августдаги 246-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ходимларнинг умумий сони — 138 киши, шу жумладан бошқарув ходимлари — 65 киши (ҳудудий дистрибъюторлик марказлари, «Шарғункўмир» ОАЖ, «Апартак» МЧЖ ходимларидан ташқари).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 33-34-сон, 393-модда)