Ўзбекистон Стандартлаштириш, Метрология Ва Сертификатлаштириш Агентлиги билан Венгрия Стандартлар Институти ўртасида
Битим
Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (Ўзстандарт) ва Венгрия стандартлар институти (МСЗТ), бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
— 1996 йил 21 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа Ҳамжамиятлари ва уларга Аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисида Битим қоидаларига асосланиб,
— Венгрия Республикасининг Европа Иттифоқига аъзо-давлат бўлганлигини эътиборга олиб,
— стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришда ўзаро манфаатдорликдан келиб чиқиб,
— савдодаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида,
— атроф-муҳит муҳофазасини ва истеъмолчининг манфаатини таъминлашга шароитлар яратиш учун,
— ҳамкорликдан келиб чиқадиган ўзаро фойдани англаб, умумий вазифалар ва имкониятлар доираларида,
қуйидагиларни келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш давомида Томонлар мос равишда Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия Республикаси қонунларига амал қиладилар.
2-модда
Томонлар савдодаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва янгиларининг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳамда Венгрия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатларини ривожлантирилишини яхшилаш мақсадида европа ва халқаро стандартлар асосида миллий стандартларни уйғунлаштириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
3-модда
Томонлар ўртасида ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларда олиб борилади:
— стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича маълумотлар билан ўзаро алмашиш;
— стандартларни ишлаб чиқишнинг истиқболли дастурлари ва режалари тўғрисида ахборот билан алмашиш;
— стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
— зарур ҳолларда Томонларнинг миллий стандартлари бўйича маълумотлар билан алмашиш ҳамда миллий стандартлар каталоглари ёки даврий нашрлар билан алмашиш;
— икки давлатдаги стандартлар ишлаб чиқувчи ташкилотлар ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш;
— техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш;
— стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тажрибаси билан алмашиш;
— Ўзстандарт ва МСЗТ ўртасидаги муҳокамадан сўнг делегациялар ва мутахассислар билан алмашиш.
4-модда
Томонлар савдодаги техник тўсиқлар деб белгиланмаган миллий стандартлар билан таъминлашни ўз зиммасига оладилар ва ISO аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни эъзозлашни ва ISO нинг халқаро стандартлаштириш фаолиятида ўзаро кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар мазкур Битим доирасида қабул қилинган ҳужжатлар ва ахборотларнинг махфийлигини таъминлайдилар. Маълумотлар учинчи Томонга фақат маълумот берган Томоннинг ёзма розилиги билан тақдим этилиши мумкин.
6-модда
Ҳар бир Томон ўз имконияти ва ваколати даражасида:
— Ўзстандарт ва МСЗТ ўртасидаги муҳокамадан сўнг ўзаро профессионал экспертлар тажрибасини алмашиш, музокаралар, муҳокамалар ва ўқув курслари ташкил қилиш учун хизмат сафарларига сафарбар этишни амалга оширади;
— таклиф қилинган экспертларнинг Томонлар тарафидан ташкил қилинадиган семинар ва конференцияларда иштирок этишини таъминлайди.
7-модда
Мазкур Битимни бажаришнинг молиявий шартлари, Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра амалга оширилади.
8-модда
Мазкур Битим Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро битимлар асосида пайдо бўладиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин этилишида ва қўлланилишида юзага келувчи барча низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашиш ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра мазкур Битимга алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, ушбу протоколлар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
11-модда
Мазкур Битим беш (5) йил муддатга тузилади ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Агар Томонларнинг бири мазкур Битимни муддати тугашидан олти (6) ой олдин бекор қилиш нияти борлиги ҳақида иккинчи Томонга ёзма равишда хабар бермаса, ушбу Битим ўз-ўзидан кейинги шундай муддатларга узайтирилади.
Агар Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, мазкур Битимнинг ўз кучини йўқотиши, кучини йўқотиш санасидан аввал бошланган дастурларни амалга оширилишига таъсир этмайди
Битим 2011 йил 7 ноябрда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, венгер ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Битим матнини изоҳлашда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)