Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 28 ноябрдаги ПҚ-1652-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек тиббий фаолиятни, айниқса хусусий тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилаётган тиббий фаолиятни лицензиялашни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидаги янгиланган:
Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериладиган тиббий фаолият ихтисосликлари турларининг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
тиббиёт муассасалари билан ушбу қарор қоидаларини бажариш юзасидан тегишли тушунтириш ишларини олиб борсин;
ишлаб турган хусусий тиббиёт муассасаларига илгари берилган лицензияларни мазкур қарор билан тасдиқланган Хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериладиган тиббий фаолият ихтисосликлари турларининг рўйхатига мувофиқлиги юзасидан уч ой муддатда хатловдан ўтказсин, лицензияловчи орган ҳисобидан қайта расмийлаштириш ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган айрим лицензиатларнинг фаолиятини тўхтатиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 29 март,
92-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисида
Н И З О М
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.
2. Тиббий фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
Лицензиялар бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар юзасидан хулосалар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси (кейинги ўринларда Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси деб аталади) томонидан амалга оширилади.
3. Касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволашга, чалинган касаллик (касалликлар)дан кейин реабилитация қилишга йўналтирилган, махсус тиббий маълумотни ва кўникмаларни талаб қилувчи тиббий фаолият лицензияланадиган тиббий фаолият ҳисобланади.
Тиббий фаолият тегишли тиббиёт муассасаларида амбулатория ва стационар типда маслаҳат бериш, диагностика қилиш ва даволаш бўйича хизматлар ҳажмида тиббий ихтисосликлар турлари бўйича амалга оширилади.
Тиббий фаолият ихтисослашув турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Тиббиёт муассасалари турлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
4. Ушбу Низомда назарда тутилган талаблар ва шартларга мувофиқ бўлган юридик шахслар лицензия талабгорлари бўлиши мумкин.
5. Давлат тиббиёт муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ташкил этилган тиббиёт унитар корхоналари ва муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида улар томонидан тиббий фаолиятни амалга ошириш назарда тутилган тақдирда, тиббий фаолиятни лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақлидир. Ушбу қоида кўрсатиб ўтилган муассасаларни мазкур Низомда назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини (мутахассисларнинг малака тоифаларига лицензия талабларидан ташқари), шунингдек тиббий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ қонун ҳужжатларига мувофиқ қўйиладиган бошқа талабларни бажаришдан озод қилмайди.
6. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
Тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олган юридик шахслар лицензия битимида кўрсатилган хизматларни кўрсатадилар. Лицензия битимида ихтисослик турлари, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг тури кўрсатилади.
7. Тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар 5 йил муддатга берилади. Лицензия 5 йилдан кам муддатга лицензия талабгорининг аризасига кўра берилиши мумкин.
II. Лицензия талаблари ва шартлари
8. Қуйидагилар тиббий фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
фаолиятни қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ равишда амалга ошириш;
бош врачнинг олий тиббий маълумотга ва малака тоифасига, шунингдек бошқа мутахассис врачларнинг — олий тиббий маълумотга ва тегишли мутахассислик бўйича малака тоифасига эга бўлиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тиббиёт муассасасида ишлаётган мутахассис врачларнинг ва ўрта тиббиёт ходимларининг камида 5 йилда бир марта малака оширишга оид талабларга риоя этган ҳолда зарур касб даражасини таъминлаши;
лицензия талабгорида лицензияланаётган фаолият турини бажариш учун мўлжалланган, унга мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган, санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ биноларнинг мавжуд бўлиши;
тегишли ихтисослик тури, муассаса тури ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмига мувофиқ бўлган ташкилий-техник шарт-шароитлар ва моддий-техника жиҳозларининг мавжуд бўлиши, шу жумладан:
а) лицензия талабгорига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган, метрология нормаларига ва техника хавфсизлиги нормаларига мувофиқ бўлган замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналарининг мавжуд бўлиши;
б) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўллашга рухсат берилган тиббий технологиялардан фойдаланишни таъминлайдиган асбоблар, қаттиқ ва юмшоқ махсус инвентарлар, транспорт воситалари ва ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича дастлабки тиббий ҳужжатларни юритиш, шунингдек давлат статистика органларига статистика маълумотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;
санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат этилган профилактика, диагностика ва даволаш методларини, шунингдек дори-дармонларни, дезинфекция ва зарарсизлантириш воситаларини қўллаш;
тиббий фаолиятни қатъий лицензия битимида кўрсатилган доирада амалга ошириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Тиббий фаолиятнинг тегишли тури, ҳажми ва типини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник базага, асбоб-ускуналарга ва бошқа техника воситаларига, шу жумладан тиббиёт анжомларига, шунингдек замонавий ва маънавий эскирган тиббий асбоб-ускуналарга минимал талаблар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
III. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар
10. Лицензия талабгори лицензия олиш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили) ва тиббий фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, банк реквизитлари;
тиббиёт муассасасининг тури, юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган ихтисослик тури ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажми ва фаолиятнинг кўрсатилган тури амалга ошириладиган муддат;
б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
в) ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати органининг аризада кўрсатилган муассасанинг тури, ихтисослашув тури ва тиббий хизматлар ҳажми бўйича тиббий фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган биноларнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
г) лицензия талабгорида тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд тиббиёт асбоб-ускуналари, инвентарлари, аппаратлари ва анжомлари рўйхати;
д) «Ўзстандарт» агентлиги органлари ёки «Ўзстандарт» агентлигида тегишли хулосалар бериш ҳуқуқи учун аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан тиббиёт асбоб-ускуналари ва аппаратларининг метрология нормалари ва стандартларига мувофиқлиги тўғрисида берилган хулоса;
е) бош врач учун — лавозимга тайинланганлик тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси, олий тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг, малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг, охирги 5 йилда малака оширганлик ёки ихтисослашувдан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг нотариал тасдиқланган нусхалари, шунингдек мутахассис врачлар учун — олий тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг, малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг, охирги 5 йилда малака оширганлик ёки ихтисослашувдан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
ж) ходимлар учун тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг нусхаси ва марказлаштирилган стерилизация бўлимининг (МСБ) мавжуд бўлишини талаб қиладиган ихтисосликлар бўйича тиббий фаолиятни лицензиялашда стерилизация асбоб-ускуналарида ишлашга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномасининг мавжудлиги;
з) лицензия талабгори томонидан лицензия талабгорининг аризаси лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
и) лицензия талабгорида унга мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган тиббий фаолиятни амалга ошириш учун биноларнинг мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
12. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга чопар орқали ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.
Ҳужжатлар Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига топширилади (юборилади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Лицензия талабгори нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
IV. Аризаларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
14. Ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгоридан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
15. Тиббий фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан қабул қилинади.
Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси ходимлари лицензия талабгори томонидан тиббий фаолиятни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитларни экспертизадан ўтказадилар.
Лицензияловчи орган, зарурат бўлганда, экспертизадан ўтказиш учун қўшимча равишда тегишли ихтисослик бўйича юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Лицензия талабгори томонидан тиббий фаолиятни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитларни экспертизадан ўтказиш жойига борган ҳолда лицензияловчи органнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Тақдим этилган ҳужжатлар ва экспертиза якунлари бўйича лицензия талабгорига лицензия бериш ёхуд лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклиф билан хулоса тузилади.
18. Лицензияловчи орган уч кун муддатда Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия талабгорини икки кун муддатда хабардор қилади.
19. Лицензия берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат божи суммаси республика бюджетига ўтказилади.
Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ва у лицензия битимини имзолаган кунда берилади. Лицензия битими ташкилот раҳбари ёки бош врач томонидан имзоланади.
Лицензия битимида қуйидагилар мавжуд бўлади:
битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;
томонларнинг реквизитлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
муассаса турининг, ихтисослик турининг номи ва хизматлар ҳажми;
лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
тиббий фаолият амалга ошириладиган манзил (манзиллар);
лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;
тиббий фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.
Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.
21. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкаси намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.
Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи орган буюртмасига кўра «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси раҳбари жавоб беради.
22. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
23. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асослар бўйича рад этилиши мумкин.
Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
24. Лицензияловчи орган томонидан лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома икки кун муддатда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси тақдим этилган ҳужжатларни олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда такроран кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.
Лицензияловчи орган уч кун муддатда Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва лицензия талабгорини қабул қилинган қарор ҳақида икки кун муддатда хабардор қилади.
Лицензия талабгорининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. Лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, дубликат бериш
25. Лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолият турини илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
27. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
28. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
29. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ёки лицензия битими ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.
Лицензиялар дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
VI. Лицензия битимини қайта расмийлаштириш
30. Лицензия битимини қайта расмийлаштириш лицензиатнинг тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда берилган аризаси асосида лицензияни қайта расмийлаштиришда, шунингдек филиал очилган (ёпилган), тиббий фаолиятни амалга ошириш жойи, муассаса тури, ихтисослашув турлари ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажми ўзгарган ҳолларда, ариза қабул қилинган санадан бошлаб 20 кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензия битими қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат илгари берилган лицензия битими асосида ўз фаолиятини амалга оширади.
31. Лицензия битимини қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензиат томонидан аризадан воз кечилганда тўланган сумма қайтарилмайди.
Лицензия битимини қайта расмийлаштиришда давлат божи ундирилмайди.
32. Тиббий фаолиятни амалга ошириш жойи, муассаса тури, ихтисослашув турлари ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажми ўзгариши муносабати билан лицензия битимини қайта расмийлаштириш учун жойига борган ҳолда экспертиза ўтказилади.
33. Лицензияловчи орган, зарурат бўлганда, экспертиза ўтказиш учун тегишли ихтисосга эга бўлган юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга ҳақлидир.
34. Тақдим этилган ҳужжатлар ва жойига борган ҳолда яратилган шарт-шароитларни ўрганиш асосида лицензия битимини қайта расмийлаштириш мумкинлиги ёки қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тузилади.
35. Лицензияловчи орган Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг хулосаси асосида лицензия битимини қайта расмийлаштириш ёки лицензия битимини қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва лицензия талабгорини қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилади.
Бунда лицензия битимини қайта расмийлаштириш:
лицензиат томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилган;
лицензиат томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган;
лицензиат лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда рад этилиши мумкин.
36. Лицензия битимини қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
37. Агар лицензия битимини қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб 3 ой мобайнида лицензия битими имзоланмаса, лицензияловчи орган қарорни бекор қилишга ҳақлидир.
38. Лицензияловчи органнинг лицензия битимини қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
39. Лицензия битимини қайта расмийлаштириш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензияловчи орган тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда такроран берилган аризани олинган кунидан бошлаб ўн беш кун муддатда кўриб чиқади.
40. Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси тақдим этилган ҳужжатларни ўн кун муддатда такроран кўриб чиқади (зарур ҳолларда жойига борган ҳолда) ва лицензия битимини қайта расмийлаштириш ёки қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.
41. Лицензияловчи орган уч кун муддатда Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг хулосаси асосида лицензия битимини қайта расмийлаштириш ёки қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ариза берувчини қабул қилинган қарор ҳақида икки кун муддатда хабардор қилади.
42. Аризанинг такроран кўриб чиқилиши учун йиғим ундирилмайди.
43. Филиал очилишини, тиббий фаолиятни амалга ошириш жойи, муассаса тури, ихтисослик турлари ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмининг ўзгаришини экспертизадан ўтказиш жараёнида айни бир вақтда тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилган ихтисосликнинг бошқа турлари бўйича мониторинг ўтказилади.
Ихтисосликнинг мавжуд турлари бўйича лицензия талаблари ва шартлари бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва аниқ муддат кўрсатилган ҳолда қоида бузилишларини тезкорлик билан бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилади.
Агар лицензиат лицензия битимини қайта расмийлаштиришни иккинчи марта рад этгандан кейин қоидабузарликни бартараф этмаса, у ҳолда лицензияловчи орган лицензиатнинг фаолиятини 10 кунга тўхтатиб туришга, кейинчалик белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
VII. Лицензия битимини қайта расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлар
44. Филиал очилишида, тиббий фаолиятни амалга ошириш жойи, муассаса тури, ихтисослик турлари ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ўзгарганда лицензия битимини қайта расмийлаштириш учун лицензиат лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши зарур:
а) лицензия битимини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили) ва тиббий фаолиятни амалга ошириш жойининг, филиалнинг манзили, банк реквизитлари;
қўшиладиган ёки ўзгартириладиган ихтисослик тури, муассаса тури ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажми;
б) ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати органининг аризада кўрсатилган муассаса тури, ихтисослик тури ва тиббий хизматлар ҳажми бўйича тиббий фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган биноларнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) лицензиятда муассаса тури, ихтисослашув турлари ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд тиббиёт асбоб-ускуналари, инвентарлари, аппаратлари ва анжомлари рўйхати;
г) «Ўзстандарт» агентлиги органлари ёки «Ўзстандарт» агентлигида тегишли хулосалар бериш ҳуқуқи учун аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан тиббиёт асбоб-ускуналари ва аппаратларининг метрология нормалари ва стандартларига мувофиқлиги тўғрисида берилган хулоса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
д) ихтисослашув турлари ўзгарганда мутахассис учун – олий тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг, малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг, охирги 5 йилда малака оширганлик ёки ихтисослашувдан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
е) лицензиат томонидан лицензия талабгорининг аризаси лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
ж) тиббий фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили ўзгарганда – бинолар ва иншоотларга мулк ҳуқуқини ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхаси.
45. Ҳужжатлар лицензиат томонидан лицензияловчи органга чопар ёхуд почта алоқа воситаси орқали уларни олганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан етказилади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига топширилади (юборилади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
46. Ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим қилинганлиги учун лицензиат қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
VIII Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
47. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат муассасалари, шунингдек давлат унитар корхоналари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган тиббий фаолиятни, шу жумладан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмалари амалга оширади.
48. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш Республика кенгаши ва унинг ҳудудий комиссиялари билан қўшимча равишда келишмасдан режали, режадан ташқари текширишларни амалга ошириш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;
лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уларни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарорлар чиқариш ва тақдимнома билан судга мурожаат қилиш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тиббий фаолиятни лицензия олмасдан амалга ошириш ва/ёки лицензия битимида назарда тутилмаган тиббий хизматлар кўрсатишнинг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларига юбориш.
49. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текшираётган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.
50. Лицензияловчи орган шунингдек:
фуқароларни белгиланган тартибда қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини ўрганиш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппаратида ва соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органларида ўрнатилган «ишонч телефони» орқали ахборот олиш;
лицензиатлар фаолиятини бошқа назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишлар якунлари бўйича тушадиган ахборотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;
лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишнинг ҳолати ва шарт-шароитлари билан, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, жойида танишиш.
IX. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш
51. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22 — 24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
X. Лицензиялар реестри
52. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилади:
а) юридик шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, мулкчилик шакли, филиаллар тўғрисидаги маълумотлар, юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;
б) лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;
в) лицензия бланкасининг серияси ва тартиб рақами;
г) лицензиянинг амал қилиш муддати;
д) фаолиятнинг лицензияланадиган тури;
е) фаолиятнинг лицензияланадиган тури амалга ошириладиган манзил, иш телефони, факс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ж) лицензия ва лицензия битимини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;
з) лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилишнинг асослари ва санаси.
53. Лицензиялар реестридаги маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.
XI. Ушбу Низомни бузганлик учун жавобгарлик
54. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Тиббий фаолиятни лицензиялаш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
тиббиёт муассасаларига лицензия бериладиган тиббий фаолият ихтисосликлари турларининг
рўйхати
1. Умумий врачлик амалиёти.
2. Тез тиббий ёрдам.
3. Гинекология (маслаҳат-диагностика ёрдами, консерватив даволаш).
4. Эндокринология (операциясиз).
5. Ички касалликлар (терапия).
6. Аллергология ва иммунология.
7. Гастроэнтерология.
8. Диетология.
9. Курортология.
10. Физиотерапия.
11. Даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти.
12. Нефрология.
13. Пульмонология.
14. Ревматология.
15. Функционал диагностика.
16. Оториноларингология (ЛОР органларнинг мураккаб туғма нуқсонларини бартараф этишга оид операциялардан ташқари).
17. Сурдология-оториноларингология.
18. Кардиология (интервенцион кардиологиядан ташқари).
19. Офтальмология.
20. Болалар офтальмологияси (операциясиз).
21. Дерматовенерология (фақат дерматология бўйича хизматлар).
22. Тиббий косметология.
23. Неврология.
24. Наркология.
25. Психотерапия.
26. Умумий хирургия (кичик амбулатория хирургияси).
27. Колопроктология (маслаҳат-диагностика ёрдами, консерватив даволаш, кичик оператив колопроктология).
28. Пластик хирургия.
29. Диагностик ва даволаш-операцияли эндоскопия.
30. Гематология (маслаҳат-диагностика ёрдами).
31. Урология (маслаҳат-диагностика ёрдами, консерватив даволаш, кичик оператив урология).
32. Сексопатология.
33. Тиббий радиология.
34. Рентгенология.
35. Ультратовуш диагностикаси.
36. Реабилитология.
37. Ортопедия (операциясиз).
38. Болалар ортопедияси (операциясиз).
39. Оилавий тиббиёт.
40. Тиббий генетика.
41. Умумий педиатрия.
42. Педиатрия.
43. Клиник диагностик лаборатория.
44. Умумий стоматология.
45. Терапевтик стоматология.
46. Хирургия стоматология.
47. Ортопедик стоматология.
48. Болалар стоматологияси.
49. Ортодонтия.
50. Дезинфектология.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 3 апрелдаги 61-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбоши ва қарорга 1-илова (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 4-сон, 13-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида» 2010 йил 19 майдаги ЎРҚ-246-сон Қонуни)» 2010 йил 26 ноябрдаги 270-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 11-сон, 64-модда) 2-банди, шунингдек қарорга 1-илова 2-бандининг «а» ва «б» кичик бандлари ва 2-илова.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 13-сон, 146-модда, 44-сон, 507-модда; 2014 й., 31-сон, 380-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда; 2017 й., 25-сон, 548-модда)