Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳамкорлик бўйича ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
тенглик ва ўзаро манфаат принциплари асосидаги ҳамкорликнинг барча соҳаларида ўзбек-хитой алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берган ҳолда,
Олдинги таҳрирга қаранг.
савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ва хавфсизлик масалаларида ўзбек-хитой ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида,
(муқаддиманинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2023 йил 18 майдаги Баённома таҳририда)
ҳар икки Томоннинг кенг миқёсли ва кўп соҳалардаги ўзаро муносабатлари биргаликдаги ҳамкорлик механизмини доимий равишда такомиллаштиришни талаб қилишини ҳисобга олиб, қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида Ҳамкорлик бўйича ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмита (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади)ни ташкил этадилар.
2. Қўмита ва унинг кичик қўмиталари мажлисларини ўтказиш Қўмитанинг асосий фаолият шакли ҳисобланади. Қўмита ва унинг кичик қўмиталари мажлислари навбати билан Ўзбекистон ва Хитойда ўтказилади. Қўмита мажлислари одатда икки йилда бир марта ўтказилади, кичик қўмиталарнинг мажлислари эса йилида бир марта ўтказилади (аммо мунтазам асосда эмас). Зарур ҳолларда Қўмита ҳамраислари навбатдан ташқари мажлис чақиришлари мумкин. Мажлисларнинг кун тартиби ҳар икки Томондан Қўмита котибиятлари ўртасида мажлислар ўтказилишидан икки ой олдин келишилади.
2-модда
Қўмита ўзбек-хитой ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича мувофиқлаштирувчи механизм ҳисобланади. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифаларидир:
ўзбек-хитой ҳамкорлигининг ҳолатини таҳлил қилиш, унинг энг устувор йўналишлари ва ўзаро ҳаракат шаклларини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасидаги икки томонлама шартномалар ва бошқа юридик ҳужжатларнинг бажарилишини кузатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалар ва хавфсизлик масалалари юзасидан икки томонлама ҳукуматлараро битимлар ва ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;
(2-модданинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2023 йил 18 майдаги Баённома таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик ва алоқаларни амалга ошириш ваколати берилган икки давлат юридик шахсларининг алоқаларини йўлга қўйишда кўмаклашиш.
3-модда
1. Қўмита Томонларнинг ҳамраислари (бош вазир ўринбосари даражаси), котибиятларнинг бошлиқлари (икки мамлакат ташқи ишлар вазирликларининг тегишли раҳбарлари) ва кичик қўмиталарнинг ҳамраисларидан (вазир ўринбосари даражаси) иборат бўлади. Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларни тайинлайди, Томонлардан ҳар бирининг кичик қўмиталари аъзоларини белгилайди, Қўмитанинг ўз мамлакатларига оид қисмларининг таркиби ва улардаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида маълумот алмашади.
2. Қўмита ва кичик қўмиталарнинг мажлисида ҳудудида мажлис ўтказилаётган давлат томонидан Қўмита ёки кичик қўмитанинг ҳамраиси раислик қилади.
3. Қўмитанинг иш тартиби ва режаси унинг мажлисларида белгиланади. Қўмитанинг қарорлари консенсус асосида қабул қилинади ва имзолаш кунидан кучга кирадиган баённомалар билан расмийлаштирилади. Мажлислар якунлари бўйича Томонлардан ҳар бирининг қабул қилинган қарорнинг бажарилиши учун ўз ваколатлари доирасида масъул бўлган кичик қўмитаси, вазирлиги ёки органи белгиланади.
4-модда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Томонлар Қўмита доирасида қуйидаги кичик қўмиталарни ташкил этади:
а) Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Тижорат вазирлиги;
б) Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Энергетика вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Энергетика ишлари бўйича давлат бошқармаси;
в) Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Транспорт вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги;
г) Илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Фан ва техника вазирлиги;
д) Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Маданият ва туризм вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Маданият ва туризм вазирлиги;
е) Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Ташқи ишлар вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Ташқи ишлар вазирлиги;
ж) Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги;
з) Камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмита
Ўзбек томони ваколатли органи: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Хитой томони ваколатли органи: Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги.
(4-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2023 йил 18 майдаги Баённома таҳририда)
2. Томонларнинг келишуви бўйича Қўмита доирасида доимий ёки муваққат иш органлари ташкил этилиши ва тугатилиши мумкин.
5-модда
1. Ҳар икки Томондан Қўмита котибиятлари Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирликларининг тегишли минтақавий департаментларида ташкил этилади ва улар Қўмита мажлисларини тайёрлаш, Томонларнинг тегишли кичик қўмиталари, вазирликлари ва органлари тарафидан Қўмита қарорларининг бажарилишини мувофиқлаштириш учун жавоб беради.
2. Зарур ҳолларда, Томонларнинг келишуви бўйича ҳар икки Томондан Қўмита Котибиятлари раҳбарларининг учрашувлари ўтказилиши мумкин.
6-модда
Томонларнинг вакиллари Қўмита ва унинг кичик қўмиталари мажлисларида иштирок этиш учун жўнатилганда, жўнатувчи Томон халқаро транспорт харажатларини (парвоз учун харажатлар) ва иштирокчиларнинг туриши бўйича харажатларни (яшаш ва овқатланиш харажатлари) ўз зиммасига олади.
Қабул қилувчи Томон Қўмита ва унинг кичик қўмиталари мажлисларини ўтказишни ташкил этиш бўйича харажатларни ўз зиммасига олади.
7-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланувчи алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш бўйича низолар келиб чиққанда Томонлар уларни дўстона маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этади.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар имзолаган ёки иштирокчиси бўлган халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир кўрсатмайди.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кунидан кучга киради ва 5 (беш) йил давомида амал қилади. Ушбу Битимнинг амал қилиши, агар Томонлардан ҳеч бири Битимнинг навбатдаги амал қилиш муддати тугашидан камида 6 (олти) ой олдин уни бекор қилиш мақсади тўғрисида ўзининг ёзма хабарномасини юбормаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узайтирилади.
Ушбу Битим кучга кириши билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида 1992 йил 13 мартда Пекин шаҳрида имзоланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро ўзбек-хитой комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги битим бекор бўлади.
2011 йил 26 октябрда Пекин шаҳрида ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)