Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоларида сотиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги «Якка тартибда уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 272-сонли қарори, Давлат мулки қўмитаси томонидан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 26 январда 119-сон билан рўйхатга олинган «Фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун ер участкаларини кимошди савдосида сотиш тўғрисидаги вақтинчалик Низом» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоларида сотиш тартибини такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:
1. Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқларининг кимошди савдоларидаги бошланғич нархи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Улушдошликка қатнашиш бўлимининг Тошкент шаҳар ерларни комплекс-иқтисодий баҳолаш натижалари бўйича маълумотини инобатга олган ҳолда белгиланади.
2. Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасига Тошкент шаҳрида жойлашган якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоларига қўйиш ва ким ошди савдоси якунлари бўйича шартномаларни расмийлаштириш ҳамда шаҳар ҳокимлиги номидан имзо қўйиш ваколати берилсин.
3. Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан кимошди савдолари ғолиблари томонидан белгиланган тўловлар тўлиқ амалга оширилганлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилгандан сўнг Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси 10 кун муддат ичида сотилган ер участкаларини савдо ғолиблари номига расмийлаштириш бўйича шаҳар ҳокими қарори лойиҳасини киритсин ва белгиланган шаклда ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилишини таъминласин.
4. Ушбу қарор кучга кириши муносабати билан Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан шаҳар ҳудудидаги кимошди савдоларида сотиладиган ер участкаларига мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери берилиши тўхтатилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Усмонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 5 февраль,
78-сон