Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ОБОДОНЛАШТИРИШ ВА ТОЗАЛИК ХАЙРИЯ ҲАШАРИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тошкент шаҳридаги маҳаллалар ҳудудлари, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва тозалаш, шаҳар ҳудудидаги санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш ҳамда аҳолини баҳор мавсумида сифатли ва арзонлаштирилган нархларда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Тошкент шаҳрида 2010 йил 20-21 февраль кунлари ободонлаштириш ва тозалик хайрия ҳашари ўтказилсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мажмуалари, «Маҳалла» жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими (Ж.Х. Шохакимов), туман ҳокимликлари, бош бошқарма, бошқарма, ташкилот ва муассасалар: Ободонлаштириш ва тозалик хайрия ҳашари давомида қуйидаги ишлар амалга оширилиши таъминлансин:
Барча турар жой мавзелари, маҳаллаларда дарахтларни бўяш, кўча ва йўлакларни текислаш ва тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни ташкилий равишда тўплаш ҳамда ташиб кетиш;
Кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, ариқлар ҳамда лотокларни, оқова сув қудуқларини тозалаш, болалар майдончаларини тартибга келтириш;
Ҳашарда қатнашувчиларни зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш.
3. 2010 йил 20-21 февраль кунлари ободонлаштириш ва тозалик хайрия ҳашари ўтказилиши муносабати билан барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлар «Маҳалла» хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар ва туман бўлимларининг банкдаги ҳисоб рақамларига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилсин.
4. «Маҳалла» жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими (Ж.Х. Шохакимов): ободонлаштириш ва тозалик хайрия ҳашаридан тушган маблағлар кўп қаватли уй-жойларни ва уларнинг йўлакларини таъмирлаш, мавзе ва маҳаллалар ҳудудида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини амалга ошириш ҳамда аҳолини баҳор мавсумида сифатли ва арзонлаштирилган нархларда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш учун мақсадли сарфланиши таъминлансин.
5. Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Д.Ш. Алимухамедов): умумий овқатланиш шохобчалари, мактабгача таълим муассасалари, жамоат транспорти, бозорлар, маҳалла ва мавзеларда санитария ҳамда экология меъёрлари ва қоидаларига риоя этилишини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кучайтирилсин.
6. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (Қ.У. Накибов): Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги давомида ҳамда хайрия ҳашари тадбирларида ҳар жиҳатдан соз бўлган техника воситаларидан фойдаланиш ва жойларда транспорт хавфсизлигининг таъминланиши назоратга олинсин.
7. Ободонлаштириш ва тозалик ойликлари ҳамда хайрия ҳашарини жойларда юқори савияда ташкил этишга туман ҳокимлари ва «Маҳалла» жамғармаси раислари шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Ж. Усмонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 12 февраль,
87-сон