Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Йўналишли ва йўналишсиз таксиларга тарифлар жорий қилиниши тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Қонунига асосан йўловчи ташиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз-ўзини молиялаштириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек йўловчи ташиш транспорти самарадорлигини ошириш мақсадида Молия вазирлигининг 2008 йил 31 мартдаги ЁТ/15-04-18-11/28-1014 ва ЁТ/15-04-18-11/29-1015-сонли хатларига асосан қарор қиламан:
1. Тошкент шаҳри худудида 2008 йил 20 майдан йуналишли таксида битта йўловчи ташиш чегараланган тарифи 1 км масофа учун 30 сўм миқдорида (Қўшимча қиймат солиғи билан) белгилансин ва бунда шаҳар йуловчи автобус йўналишларидаги чегараланган нархдан (300 сўмдан) кам бўлмасин.
2. Йўловчиларга йўл кира ҳақини тўлашни қулайлаштириш мақсадида йўналишли таксиларда йўл кира ҳақи миқдорини 50 сўмгача яхлитлаштирилсин.
3. Йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташишда йўл кира ҳақининг чегараланган нархи босиб ўтилган масофанинг 1 км учун 335 сўмгача микдорида белгилансин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти бошлиғи (Ю.А. Арипджанов):
4.1. бир ой муддатда йўналишли таксиларнинг йўналишлари 10 км дан кам бўлган масофаларини узайтириш бўйича белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилсин;
4.2. ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддатда қонунчилик доирасида йўловчиларни ташувчи ташкилотлар ва корхоналар билан тузилган тендер шартномаларига тегишли ўзгартиришлар киритилсин.
5. Тошкент шаҳар монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси (Н.Қ. Холмуродов) ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти (Ю.А. Арипджанов) белгиланган тарифларни ошиб кетмаслиги юзасидан доимий мониторинг юритилишини таъминлансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси раиси Ш.Ш. Муҳамеджонов ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти бошлиғи Ю.А. Арипджанов зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 22 май,
330-сон